Меню

Қашқадарё

18.02.2020 1707

ТОМЧИЛАТИБ СУҒОРИШ ҚАНДАЙ САМАРА БЕРМОҚДА?

Бир фермер хўжалигининг икки даласи қиёсида

Таққос ва таҳлил

Осиё қитъасининг қоқ ўртасида, океан ва денгиз қирғоқларидан минглаб километр узоқликда жойлашган, асосий дарёлари суви қўшни давлатлар ҳудудида шаклланадиган, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида ҳар доим сув тақчиллиги муаммоси мавжуд ва унинг кўлами йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Хўш, бу муаммони қандай бартараф этиш ёки унинг таъсири хавфини камайтириш мумкин? Бунинг ягона самарали йўли сувдан оқилона ва тежаб фойдаланишдир. 

Хориж тажрибаси

Дунёнинг кўплаб давлатлари қишлоқ хўжалигида сув тақчиллиги муаммоси юзага келишини анча аввал ҳис этишган ва улар экинларни томчилатиб суғориш орқали муаммога ижобий ечим топган.

Хусусан, томчилатиб суғориш соҳасида Исроил етакчилик қилади. Бугунги кунда ушбу мамлакатда 75 фоиз экин майдонлари томчилатиб суғорилмоқда. Шунингдек, Хитойда беш миллион, Ҳиндистонда икки миллион гектардан ошиқ майдонларга сув тежовчи технологиялар ўрнатилган. Америка ва Европанинг қатор давлатларида ҳам тежамкор суғориш усулига асосланган экин майдонлари ҳажми ортиб бормоқда.

Бизда ҳам бу тизим оммалашмоқда

Таъкидлаб ўтиш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда ҳам сувдан оқилона фойдаланиш, соҳага тежамкор технологияларга асосланган лойиҳаларни изчиллик билан жорий этиш устувор масалага айланди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2013 йил 19 апрелдаги тегишли қарори билан  2014-2017 йиллар давомида асосан боғ ва узумзорларда томчилатиб суғориш тизимларини жорий этиш бошланган бўлса, Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 27 декабрдаги қарори билан бу борадаги ишлар янги босқичга кўтарилди. Унга кўра, эндиликда фермер хўжаликлари пахта далаларига ҳам босқичма-босқич сув тежовчи технологияларни жорий этиш ишлари давом этмоқда.

Сарфланган маблағ ўзини оқлайдими?

Кўпчилик фермерларни ана шу савол ўйлантириши мумкин. Хўш, аслида ҳам пахта майдонларига томчилатиб суғориш технологияларини ўрнатиш учун сарфланган маблағ ўзини оқлайдими?

Келинг, буни хориж тажрибаси эмас, балки Қамаши туманининг энг сув танқис ҳудудларидан бирида жойлашган "Эрназарова Дилдора" фермер хўжалиги мисолида кўриб чиқамиз.

Ушбу фермер хўжалиги ўтган йили 20 гектар майдонга томчилатиб суғориш технологияларини ўрнатган ва худди шу ердаги яна 30 гектар ерда эса анъанавий усулда ғўза парваришлаган. Ҳар иккала майдонга ҳам чигитнинг  "Бухоро-2" нави айнан бир вақтда, яъни 2019 йилнинг 18-20 март кунлари оралиғида экилган. Демак, бу иккала майдондаги натижани ўзаро қиёслаб, таҳлил этишимиз учун ажойиб имконият яратади.

Аввало, сарфланган маблағ ҳақида тўхталайлик. Ушбу фермер хўжалиги раҳбари 20 гектар ер майдонига томчилатиб суғориш ускуналарини сотиб олиш ва монтаж қилиш учун тижорат банкидан 3 йил муддатга 400 миллион сўм кредит олган.

Ҳукумат томонидан белгиланган тартибга мувофиқ, томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш учун пахта хом ашёси экиладиган майдоннинг ҳар гектарига давлат бюджетидан 8 миллион сўмдан субсидия ажратилади. Демак, "Эрназарова Дилдора" фермер хўжалиги  томонидан 20 гектар пахта майдонига томчилатиб суғориш тизими ўрнатилгани учун давлат фермер хўжалигига 160 миллион сўм миқдорида субсидия ажратган. Буни юқоридаги 400 миллион сўмдан чегириб ташласак, жами харажат 240 миллион сўм қолади.

Бундан ташқари, 2020 йил 1 январидан кучга киритилган Солиқ кодексининг 428-моддасига асосан томчилатиб суғориш қўлланиладиган ерлар - томчилатиб суғориш тизими жорий этилган ойнинг бошидан эътиборан беш йил муддатга ер солиғи тўлашдан озод қилинган.

Маълум бўлмоқдаки, фермер томчилатиб суғориш тизими учун сарфлаган маблағининг ярмидан кўпи турли имтиёзлар кўринишида унинг ўзига қайтарилган.

Агротехник тадбирлар учун харажат бўлмади

Фермер хўжалиги пахта даласига Исроил технологияси асосида ишлаб чиқарилган томчилатиб суғориш тизимлари ўрнатилган. Бу технологиянинг афзаллиги шундаки, мазкур усулда сув аввал ҳовузга тўпланиб, насос ёрдамида асосий қувурга, ундан эса экин майдони бўйлаб тортилган махсус тешикчали кичик полиэтилен қувурларга ҳайдалади. Сув оқиб, лойқа ҳосил қилмагани боис, ер қотиб қолмайди. Тупроқдаги фойдали микроэлементлар ювилиб кетмайди. Ўғит ҳам аввал эритилиб, сув билан қўшиб берилиши сабаб барча ғўзаларга бирдек етиб бориши ва сўрилиши таъминланади. Шу боис анъанавий суғориш усулига қараганда анча кам ўғит сарфлаб, бир неча баробар кўп самарага эришиш мумкин.

Яна бир томони, ушбу технологияда пахта эгатларига плёнка тортилади. Натижада жўякда бегона ўтлар бўлмайди, тупроқда намнинг сақланиш даражаси жуда юқори бўлади. Бу эса фермерга яна бир қанча маблағни иқтисод қилиш имконини ҳам берди.

Шунга кўра, ўтган йили "Эрназарова Дилдора" фермер хўжалигида     анъанавий усулда экилган пахтага нисбатан томчилатиб суғориш усулида экилган пахтага сув сарфи 2 баробарга тежалган, ёнилғи-мойлаш материаллари 50,6 фоизга, минерал ўғитлар ва ўсимликни зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган турли кимёвий аралашмалар сарфи 21,8 фоизга, механизация хизматлари 32,9 фоизга камайган.

Ана шу жиҳатлар ҳисобига, фермер хўжалиги томчилатиб суғориш технологиялари учун сарфлаган харажатини дастлабки йилнинг ўзидаёқ деярли қоплатишга эришди.

Ҳосилдорлик қандай бўлди?

Ўтган йили хўжаликда томчилатиб суғориш усулида экилган пахта майдонининг ҳар гектаридан 27,3 центнердан ҳосил олинди. Анъанавий усулда экилган пахта майдонида эса бу кўрсаткич жуда паст, яъни 9,5 центнерни ташкил этди.

Демак, томчилатиб суғориш технологияси асосида экилган ҳар бир гектар ер майдонидан анъанавий усулда экилган пахта майдонига нисбатан 17,8 центнерга кўп ҳосил олинган.

Молиявий натижалар қиёси

Яқинда фермер хўжалигининг 2019 йил учун молия йили якунланди. Хўжаликнинг даромадлари, харажатлари ва бошқа кўрсаткичлари бухгалтерия баланси, молиявий ва статистик ҳисоботларда тўлиқ ўз аксини топди.

Натижага кўра, ушбу хўжалик ўтган йили жами 50 гектар ер майдонида пахта етиштиришдан қарийб 368 миллион сўм миқдорида умумий даромад олган.

Агар ҳар бир гектар ер учун сарфланган харажат ва олинган даромадни аниқ ҳисоблаб, таҳлил қилиб чиқсак, фермер хўжалигида томчилатиб суғориш усулида етиштирилган пахтани сотишдан олинган даромад 2,9 баробарга ошгани, ишлаб чиқариш таннархи эса 2,3 баробарга камайгани, анъанавий усулда экилган пахтадан эса аксинча кам даромад олинганлиги ҳамда ишлаб чиқариш таннархининг ошиб кетганлиги ҳисобига 30 миллион 542 минг сўм зарар кўрилгани аён бўлади.

Хўжаликда томчилатиб суғориш усулида экилган пахтадан даромаднинг юқори олиниши ва таннархнинг пасайиши ҳисобига 99 миллион 370  минг сўм миқдорида фойда олишга эришилган.

Келтирганларимиз битта фермер хўжалигининг натижалари, холос. Уларни қиёслаб, томчилатиб суғориш усулининг қандай самарали эканлиги ҳақидаги хулосани ўзингиз чиқарасиз, албатта.

Шуҳрат РУСТАМОВ, 

иқтисодчи

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!