Меню

Қашқадарё

05.03.2016 2092

ТОМЧИДА ҲАЁТ АКСИ

Дарҳақиқат, уйдаги уммоннинг бир парчаси – аквариумда турли-туман балиқчалар ва бошқа денгиз жониворларини парваришлаш фақат оддийгина хобби, яъни қизиқиш эмас. Унинг замирида аввало табиат билан яқинликка интилиш истаги ётади. Митти жониворлар ишдан, кундалик ташвишлардан толиққан кезларингизда сизни хаёлан уммон тубига бошлайди: сув ўтларининг қалин кўрпаси бир маромда тебраниб, сокин олам фуқаролари – балиқлару моллюскалар ва  бошқа жонзотлар атрофингизда сузиб юргандек бўлади.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, аквариум асабларни тинчлантириб, мия фаолиятига ижобий таъсир ўтказади. Атрофга муносабатни яхшилайди, ижодий фикрлаш қобилиятини оширади. Ёш болаларни аквариум жониворларини парваришлашга қизиқтиришнинг ҳам фойдали жиҳатлари кўп. Бола бу орқали ўзини худди катта одамдай ҳис қилади ва гўё шу митти жониворларнинг ҳомийсига айланади. Ўзига катталар қандай ғамхўрлик қилишса, у ҳам жониворларга шундай эътибор кўрсатади, қолаверса, вақтини тўғри тақсимлашга одатланади. Дарс қилиш, телевизор кўриш, ўртоқлари билан ўйнаш, китоб ўқишдан ташқари яна бир зарур юмуши борлиги уни ғурурлантириб, ўзига бўлган ишонч ҳиссини  мустаҳкамлайди.

- Балиқчаларимга қарашни яхши кўраман, - дейди Меҳрибон. – Уларнинг емишини доим ўзим бераман. Онам билан бирга дўкондан олтита балиқ сотиб олгандик, уларни яхши боқсам, баҳорда яна оларканмиз.

Қарши шаҳрилик 11 ёшли Регина Баҳранова ҳам аквариум жониворлари ҳақида кўп маълумотларни билар экан.

- Аквариум балиқларини парваришлаш жуда қизиқарли, - дейди у. – Уларнинг баъзилари алоҳида яшашни хоҳлайди, яна айримлари эса катта гуруҳ, оила бўлиб яшашга ўрганган. Биз аквариумдаги сувни тоза сақлаш учун унга денгиз шиллиққуртларини ташлаб қўямиз. Бу жониворлар сувдаги ўлик ҳужайраларни ейди, уни бемалол балиқлар билан бирга сақлаш ҳам мумкин.

Регинанинг ота-онаси савдо ходимлари, турли-туман қуш, балиқ ва митти ҳайвонлар савдоси билан шуғулланишади. Уларнинг дўконига асосан табиат шайдоси бўлганлар, унинг бир бўлагини уйида кўришни истовчилар келишади. Мижозларга жониворларни қандай парваришлаш ҳақида ҳам йўл-йўриқ кўрсатилади.

- Аквариум балиқларини боқиш у қадар қийин юмуш эмас, - дейди Регинанинг онаси Лайсан Саматова. – Уларни кунига бир марта озиқлантириш керак, бироқ тўғри келган хўракни бериб бўлмайди. Махсус тайёрланган қуруқ ем билан овқатлантирганингиз маъқул. Аквариумнинг суви тоза бўлиши керак, акс ҳолда ифлосланган сув балиқларга ёмон таъсир кўрсатади.

Кўпчилик аквариумга махсус дарё ёки денгиз суви солинади, деб тушунади. Лекин бундай эмас. Оддий сув 2-3 кун давомида тиндирилиб, сўнг бироз қиздирилади ва тоза аквариумга солинади. Сувнинг ҳароратини меъёрида ушлаб туриш зарур. Бундан ташқари, аквариумдаги балиқларни кислород билан етарлича таъминлаш шарт. Агар аквариумга фильтр ўрнатилган бўлса, унинг сувини бир ойда бир марта алмаштириш кифоя, агар фильтр бўлмаса, ҳар 2-3 кунда алмаштириш керак. Бошида аквариумга дарров балиқ ташлаш нотўғри, мутахассислар дастлаб бу мўъжаз денгизда ўзига хос ҳаёт тарзи – микрофлорани шакллантириб, сўнг унга митти балиқчаларни қўйиб юбориш кераклигини уқтиришади. Тагига ювилган қум ва майда тошлар тўшалган, сув ўтлари ўтқазилган (сунъий бўлса ҳам бўлади) аквариумга аввалига бир-иккита моллюскани туширган маъқул экан, улар сув муҳитини тозалаб, балиқлар учун қулай шароитни юзага келтиради. 

Одатда аквариум балиқлари шовқин-суронни ёқтирмайди, улар тинч, сокин муҳитда ўзини яхши ҳис қилади. Шу билан бирга, уларнинг бир-бирига мос келадиган турларини тўғри танлай билиш ҳам муҳим. Неон, шаффоф лаққача ва тетра сингари балиқлар ўзаро гала бўлиб яшашга ўрганишган, улар ёлғиз яшашни хуш кўрмайди. Тилла балиқчаларнинг ишқибозлари кўпчиликни ташкил қилади. Лорикарий, анциструс, зарбоф лаққа, моллинезия, барбус, эритрозонус каби балиқ турлари ҳам аквариумда парваришлашга мос. Аквариум балиқларининг арован, пиранье сингари йирик турлари йиртқич балиқлар сирасига киради. Уларнинг ҳар бири ўзига хос феъл-атворга эга бўлиб, боқишдан олдин мутахассис билан маслаҳатлашиш фойдадан холи бўлмайди.

Балиқларни озиқлантиришни кунига бир маҳал, белгиланган вақтда амалга ошириш лозим. Уларни аквариумда меъёрга амал қилган ҳолда сақлаб,  доимий эътибор-назорат билан парваришланса, икки-уч йил давомида соғлом кўринишини йўқотмайди ва кўзни қувнатиб тураверади. Фарзандларингиз эса табиатга ошно бўлиб ўсади.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!