Меню
Қашқадарё
ТОМА-ТОМА “ҚАРЗ” БЎЛУР
Бу ҳолат мамлакатимизда электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ва истеъмол қилиш соҳасида шартнома мажбуриятларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш масаласини кун тартибига чиқарди. Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони ва қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси фаолияти ташкил этилди. Электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш, энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, қарздорлик камайтирилишини таъминлаш, истеъмолчиларнинг масъулияти ва ҳуқуқий маданиятини ошириш чораларини кўриш Бюронинг асосий вазифалари этиб белгиланди.
Аҳамиятлиси, 2017 йилнинг 1 июль санасидан Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармаси ҳамда унинг туман (шаҳар)лар бўлимлари ўзининг қизғин иш фаолиятини бошлади. Фармон ижросини тўлақонли таъминлаш мақсадида Бюронинг ҳудудий ташкилотлари томонидан ўтган даврда бир қатор ишлар амалга оширилди. Турар ва нотурар жойларни инвентаризациядан ўтказиш, солиқ базаларининг ҳақиқий ҳисобини юритиш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш шулар сирасига киради.
Шу жумладан, айни вақтга қадар фойдаланилган электр энергияси ва табиий газдан юзага келган жами 74 миллиард сўмлик қарздорликни бартараф этишни сўраб, 80 мингдан зиёд жисмоний ва юридик шахсларга бажарилиши мажбурий бўлган талабномалар жўнатилди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “Ташкилотлар ва муассасалар томонидан ўз ходимларидан коммунал хизматлар учун ҳақни иш ҳақидан ушлаб қолиш кўринишида қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги 1031-сонли қарорига асосан ходимларининг жами 13 миллиард 140 миллион сўм миқдоридаги қарздорлигини иш ҳақидан ушлаб қолиш ҳақида иш берувчига 14 мингдан ортиқ мажбурий талабномалар юборилди. Шунинг қарийб 13 минг 800 тасида электр энергияси бўйича қарздорликни ундириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, 139 миллиард 349 миллион сўм миқдоридаги қарзни ундириш бўйича 2 минг 890 банк ҳисоб рақамларига инкассо топшириқномалари қўйилди. Талабнома мажбуриятларини бажармаган 911 нафар истеъмолчига нисбатан эса судга даъво ишлари киритилди. Қолаверса, кўрсатмаларни бажаришдан бўйин товлаган 103 нафар истеъмолчига нисбатан жамоат таъсир чоралари кўрилди.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, энергия ресурслари учун ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга оширмаган 1 минг 682 нафар истеъмолчи, ноқонуний уланган ва талон-торож қилган 320 нафар истеъмолчи тармоқдан узиб қўйилди. 40 нафар истеъмолчи жами 26,3 миллион сўм миқдорида жарима тўлаб тармоққа қайта уланди. Шунингдек, 473 нафар истеъмолчига Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 101-моддасига асосан жами 354 миллион сўмлик маъмурий жарима қўлланилди. 6 нафар истеъмолчига нисбатан эса жиноий иш қўзғатилди. Ҳозирда бу борадаги ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.
Жамиятда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ҳисоб-китоб-ларни ўз вақтида амалга ошириш маданиятини фуқаролар онгига сингдириш ҳамда энергия ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатларига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, шунингдек, энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузган шахсларга нисбатан қонунда белгиланган қатъий чоралар кўришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Яна бир жиҳати, электр энергияси ва табиий газдан қарздорликни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларини амалга ошириш мақсадида Бюро ҳудудий тузилмалари томонидан ҳудудларда тезкор тадбирлар ўтказилаяпти. Энергия ресурсларидан қарзи юқори бўлган аҳоли хонадонлари ўрганилиб, мавжуд қарздорлик ундирувга қаратилаяпти. Ана шундай тадбирлардан бири Мажбурий ижро бюроси Қарши шаҳар бўлими томонидан вилоят марказида ўтказилди.
Айтиш жоизки, вилоятимиз бўйича олиб қарайдиган бўлсак, электр энергияси ва табиий газдан энг кўп қарздорлик айнан шу ҳудудга тегишли. Мазкур кўрсаткич жорий йилнинг 1 август ҳолатида 84 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Шунинг 54 миллиард сўми истеъмол қилинган табиий газ учун ҳақ ўз вақтида тўланмаслиги натижасида вужудга келган. Ҳисоб-китобларни амалга оширишда сусткашликка йўл қўйгани учун 272 нафар истеъмолчи электр энергияси, 278 нафар истеъмолчи табиий газ тармоғидан узиб қўйилди.
Жумладан, Қарши шаҳри Арабхона маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Т.К.нинг табиий газдан 3 миллион сўмдан ортиқ қарздорлиги бор. Истеъмолчи бир неча бор огоҳлантирилганига қарамай, фойдаланилган газ ҳақини мунтазам тўлашни ўзига эп кўрмаган. Оқибатда қарз кўпайиб кетган. Шунингдек, Кат маҳалласида яшовчи фуқаролар – Ш.Қ. ва А.Т. мос равишда 3 миллион 200 минг сўм ва 4 миллион 418 минг сўм табиий газдан қарздор. Махтумқули маҳалласилик Д.Р.нинг бу борадаги қарздорлиги эса қарийб 5 миллион сўмга етган. Сумма анча катталигидан ҳам билиш мумкинки, ушбу истеъмолчилар ўзи ишлатган табиий газ учун тўловни ойма-ой амалга ошириш ҳақида жиддий бош қотирмаган. Натижада аҳвол шундай кўриниш олган. Ижро ҳаракатлари давомида қарздор фуқароларга нисбатан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг тегишли моддаларига кўра тезкор чора кўрилди.
Ғузор туманида ўтказилган ўрганиш натижалари ҳам тўлов интизомини мустаҳкамлашда аҳоли билан жиддий иш олиб бориш кераклигини кўрсатди. Мазкур ҳудуд истеъмолчиларининг электр энергиясидан қарзи 1 август ҳолатида 30 миллиард сўмдан ошган. 17 миллиард сўмдан зиёдни ташкил этган қарздорлик жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келади. Мисол учун, туманнинг Халқобод маҳалласида яшовчи М.Э. охирги марта электр энергияси учун қачон пул тўлаганини ҳам эслай олмаса керак. Чунки айни пайтга келиб унинг бу борадаги қарзи 2 миллион 145 минг сўм бўлмасди. Бунинг устига, тўлов интизомини бузиб келгани боис хонадон бир неча бор тармоқдан узиб қўйилган. Шунга қарамай, хонадон соҳиблари тармоққа ўзбошимчалик билан уланиб олаверган. Мазкур ҳолат инобатга олиниб, истеъмолчи томонидан етказилган зарар ҳисоблаб чиқилди ва унга мазкур зарарни тўлаш ҳақида огоҳлантириш хати берилди.
Тегишли фармонга кўра, Мажбурий ижро бюросига хўжалик юритувчи субъектларда Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши билан келишмаган ҳолда текширишлар ўтказиш ҳуқуқи берилган. Шу туманда фаолият кўрсатаётган тадбиркор Б.О.га қарашли савдо дўконида айни ҳолат юзасидан текширув ўтказилди. Натижада мазкур истеъмолчининг электр энергиясидан 3 миллион 324 минг сўм қарзи борлиги аниқланди. Мазкур ҳудудда яшовчи Т.Ш.га тегишли ошхонада эса ноқонуний тарзда электр энергияси тармоғига уланиб, ундан фойдаланиб келингани маълум бўлди. Бу хатти-ҳаракати билан истеъмолчи таъминот корхонасига 3 миллион 450 минг сўм миқдорида моддий зарар етказгани аён бўлди. Энергия ресурсларини хўжасизларча талон-торож қилиб келган бу қоидабузарлар тармоқдан узилди ва уларга нисбатан қатъий чоралар белгиланди.
Электр энергияси тармоғига ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатлари Чироқчи туманида ўтказилган тадбирларда ҳам аниқланди. Мисол учун, ҳудуддаги Чиял ҚФЙ Тоқчи қишлоғида истиқомат қилувчи Э.П.нинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, бу ерда фуқаро томонидан электр энергияси тармоғига қонунга зид уланиб, қўлбола жувоз ускуналари ёрдамида чигит ва зиғир донидан ёғ тайёрланаётгани маълум бўлди. Шундан сўнг, ҳодиса жойидан икки дона қўлбола усулда ясалган, иккаласига 5 кВт. электр двигателлар ўрнатилган, ишчи ҳолатдаги бир комплект электр мой жувоз ускунаси, 3 кВт. электр двигатель ўрнатилган ем майдалагич, 246 килограмм чигит, 52 лирт ёғ, 195 килограмм зиғир дони, 32 килограмм кунжара ва 29 килограмм ундов маҳсулотлари тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. Шу қишлоқда истиқомат қилувчи М.Ж. ҳам шундай ишга қўл ургани назорат тадбири давомида ошкор бўлди.
Унга тегишли жувозхонадан 1 та жувоз, 1 та ем майдалагич, 1 қопда ярим қилиб солинган чигит, 1 қоп кунжара, 2 дона 20 литр сиғимли елим идишда ёғ, 5 қоп зиғир дони, 1 дона металл мослама, 1 дона электр тарози, 1 дона сирли тоғора, 2 дона темир лаган, 2 дона воронкали баклашка ашёвий далил сифатида олинди.
Бошқа бир ҳолатда эса ушбу тумандаги Қўрғонтепа қишлоғида яшовчи У.Ж. шу ҳудуд яқинидан ўтган каналдан сув олиш мақсадида 0,4 кВли ҳаво линиясига ўзбошимчалик билан сим улаб, сув насосидан фойдалангани маълум бўлди. Воқеа жойида ҳуқуқбузардан 30 кВт/соатли двигатель ва 1 дона шит, 12 метр кабель далил сифатида олиниб, расмийлаштирилди. Ушбу ҳолатлар юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда, етказилган моддий зарарни ундириш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш бўйича қонуний чоралар кўрилади.
Унутмаслик керакки, электр энергияси ва табиий газ учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириш, табиий неъматлардан оқилона фойдаланиш, уларнинг суиистеъмол қилинишига йўл қўймаслик нафақат оилалар фаровонлигини таъминлайди, балки мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига хизмат қилади.
Ж.ШОДМОНОВ,
Мажбурий ижро бюроси
вилоят бошқармаси бошлиғининг ўринбосари
М.ЖЎРАЕВ,
“Qashqadaryo” мухбири