Меню
Қашқадарё
ТОЛСТОЙ ЎЗБЕКЧА ЁЗГАНМИ?
Ижтимоий тармоқларда
Яқинда "Шарқ зиёкори" китоб дўконидан "Жахон бестселлерлари" (!?) рукни остида "Book media nashr" нашриётида шу йили чоп этилган "Лев Толстойнинг энг сара асарлари" (масъул муҳаррирлар - Шариф Холмурод, Ғайрат Эрназаров) китобини сотиб олдим.
Китобга "Иқрорнома", "Ҳожимурод", "Кавказ асири" ҳамда "Оилавий бахт" асарлари киритилган. "Кавказ асири" ҳикоясини 4-синф пайтим ўқиганман. Шу ҳикояга кўзим тушиши билан ҳайратландим. Ҳикоя қаҳрамони кўз ўнгимда гавдаланди. Жилин! Онасининг мактуби ила йўлга отланиб қўмиқлар қўлига тушган шўрлик Жилин асирлик азобини бошдан кечиради. Меҳрибон қизча Динанинг кўмаги ила чоҳдан қутулиб, қочишга улгуради.
Китобни варақлашим билан илк асар - "Иқрорнома"га енгил кўз югуртирдим. Муқаддам ўқиганман. Афсуски, бирор асарнинг таржимони берилмаган. Муқоваларнинг олд-ортига қарайман: йўқ. Балки мундарижада ёзилгандир, деб гумонладим: яна йўқ.
Муқова сўнгида қайсар даҳо Лев Толстой сурати ва унинг қисқача таржимаи ҳоли берилган. "Лев Николаевич Толстой дунё тан олган энг кучли ёзувчи ва файласувдир..." ёзувларига кўзим тушиши билан ажабландим. Файласуфми ё файласув?! Бунга ҳам чидадим. Ўзим соғинган "Кавказ асири" ҳикоясини ўқий туриб бошим гангиди. Нима бўлаяпти дейман ўзимга. Алаҳсимаяпманми?! Жумлалар маст кимсанинг алжирашидай пойинтар-сойинтар. "Хўжайин" сўзи "хўжаин" деб берилган. "Ўзбек тилининг изоҳли луғати"га мурожаат қилдим. Бу ерда ҳам "хўжайин" деб берилган. "Хўжаин"ни "хўжайин" дея тўғрилаб кетавердим. Бу сўз юз мартага яқин ишлатилган экан. Воҳ, дея ёқамни тутаман. Ўқиш жараёнида яна имловий хатоларга тез-тез қоқилавердим. Мана бу жумлаларни қаранг: "Кечасига кишанларини ечим (аслида "ечиб" бўлиши керак), омборхонага қамашган".
"Кечасига..." эмиш. "Кечаси.." деб қўяқол. Ёхуд "Костилинни ортига миндириб..." Қисқагина қилиб " ортмоқлаб" деб қўй, шоввоз. "Жилин қиз бошидан силади". Буниси ортиқча. "Ҳар замон ой чиқадиган шафаққа қараб қўярди", "Тоғ остида қора (қуюқ) соя ўрмалаб (судралиб), у томон кела бошлади". "Тоғларда тинч ёруғ, худди ҳамма ёқни ўлим шарпаси қоплагандай". Ва ҳоказо этни жунжиктирувчи жумлалар билан тўлиб-тошган.
Ҳамкасбимга китобни тутиб: "Қараб чиқинг-чи, балки мен таржимоннинг исм-фамилиясини йўқотиб қўйгандирман", дедим иккиланиб. У кишиям китобни роса титкилади. "Сиз ҳақсиз" дегандан сўнг гумонларим ойдинлашди. Ёпирай, Толстой наҳотки ўзбек тилида асар ёзган бўлса?!
Ҳой биродарлар, нима бўлаяпти ўзи?! Бу ноширларни куппа-кундузи жин урганми, нима бало?
Шўро даврида акам (раҳматли Назар Шукур) пойтахтдаги нашриётлардан бирига корректор (ҳозирги тилда мусаҳҳиҳ) бўлиб ишга кирганди. Бир куни ижара уйига қоғоз папкада анчагина қалин китобни олиб келиб корректурасини туни билан ўқиб чиққанини биламан. "Зарурми сизга?" деганимда, "Тўртта имловий хатога йўл қўйсам маошимдан қирқилади. Иккинчидан, ўқувчи имловий хатога кўзи тушганда оғринади. Ойлик маошинг буюрмасин, деб қарғанади. Китоб ўқувчида нафрат уйғотмаслиги керак", дея жавоб берганди. Акам шеърларининг "яғирини" чиқариб ишларди. Ялқовлигимдан уялардим. Бугунги ноширликнинг аҳволини юқоридаги ҳолатдан кўриб турибсиз. "Эга бўлмаса, нега?" деганларидек, нашрдан чиқаётган китобларни назорат қилувчи мутасадди идоралар бордир? Ҳозир нима кўп, нашриёт кўп. Ноширлар асар мазмуни билан деярли қизиқишмайди. Пул бўлса, бас. Олд-ортига қарамай чоп этишаверади.
Яқинда бир қаламкаш янги китобчасини қўлимга тутди. Не ҳафсала билан ўқийки, имловий хатолар ғиж-ғиж. Жумлалар ҳам оёғи осмонда: қизил ручка билан "қон"га бўяб қўлига тутдим. Бечора хижолат чекади. Айбни муҳаррирга ағдарди. Ўзинг ҳам айбдорсан, ҳозирги муҳаррирлар китобга кўз югуртиришдан эринишади. "Ўлиб кетмайдими, така бўлсин сут берсин" қабилида пинак бузишмайди. Масъулиятсизлик, китобхонга ҳурматсизлик шунчаликми?
Китоб харид қилганда олд-ортига қараб олинг. Йўқса, "Book media nashr"даги каби ҳаракатлар бўлса, Гётею бошқа классикларниям таржимонсиз ўзбекчада ўқиб қолсак ажабмас...
Ўроз ҲАЙДАР