Меню
Қашқадарё
ТОКЧАДАГИ ТОМОРҚА
Мутахассислар ҳамда тажрибали миришкорлар яна бир усулни – айрим экинларни хона гуллари каби тувакда парваришлашни таклиф қилишаяпти. Қандай қилиб, дейсизми?
Аслида бу иш у қадар мураккаб ва бизга нотаниш ҳам эмас. Баъзилар лимонни хонада - катта-катта тувакларда ўстириб, ҳатто ҳосил олганини кўпчилигимиз эшитганмиз, кўрганмиз. Бундан ташқари, кўп қаватли уйларда хона гулларини хуш кўриб парваришловчи бекалар бир-икки идишда аччиқ қалампир ёки кўк пиёз, шивит, петрушка, ўсма ўстириши қулоғимизга чалинган. Демак, бу усулни бемалол хона шароитида қўлласа бўлади. Модомики, юқоридаги ўсимликлар тувакда ўсиб, ҳосил бера олар экан, қолганларини ҳам оз миқдорда бўлса-да, етиштириш мумкин. Бунинг учун баъзи қоидаларни билиш кифоя экан.
Помидор, бодринг, сабзи, ширин ва аччиқ қалампир, турли кўкатлар, ловия хонада ўстириш қулай бўлган экинлар сирасига киради. Каттароқ тувакларда, махсус ясалган тахта қутиларда, елим идишларда ҳам бу ўсимликларни экиб-парваришлаш мумкин. Бунинг учун улардан ҳар бирининг хусусиятларини билиб, шунга мос муҳит яратиб бериш талаб этилади. Масалан, бу ўсимликларнинг аксарияти ёруғсевар. Шунинг учун помидор, бодринг, қалампир экилган тувакларни дераза токчаси ёки унга яқин ерга – қуёш яхши тушадиган жойга жойлаштирган маъқул. Хонадаги ҳарорат плюс 20 даражадан юқори бўлиши шарт. Экишдан аввал эса тупроқни тайёрлаш жараёнига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Идиш тубига дастлаб майда шағал ёки уч-тўртта каттароқ тош ташлаш керак. Сўнгра чиринди ёки гўнг аралаштирилган нам тупроқ солинади. Бир-икки кун мобайнида хона ҳароратида сақланган тупроқ етарлича кислород ютиб, уруғ униши учун тайёр ҳолга келади.
Бодринг тез ўсадиган ўсимлик, экилганидан кейин роппа-роса 7-9 ҳафта ўтгач, у ҳосил тугишни бошлайди. Бироқ уни шунчаки экиб бўлмайди. Тувакда ўстириш учун бодрингнинг эртапишар, шу билан бирга, ўзидан чангланиш хусусиятига эга бўлган дурагай (гибрид) навини танлаш керак. Бодринг ёруғсевар ўсимлик, шу сабабли унинг туваги учун хонанинг шарқ ёки жанубий тарафидан жой ажратган маъқул. Суғорганда эса сувни кўп қуйиб юбормаслик лозим, шунчаки, тупроқ доимо нам ҳолатда бўлиши керак.
Помидорнинг ҳам дурагай, паст бўйли, майда мевали навлари тувакда ўстиришга қулай. Помидор ҳавоси турғун, нам иқлимни ёқтирмайди. Шунинг учун у ўсаётган хонани шамоллатиб туриш, ҳар замонда бир қондириб суғориш талаб этилади. Агар помидор ўсаётган тувак кун давомида эринмасдан қуёш ҳаракатига монанд буриб турилса, ўсимлик пояси мустаҳкам бўлади ва баргу меваси бир зайлда катталашади.
Булғори қалампирни тувакда етиштириш учун бироз сабрли бўлиш талаб қилинади: бу ўсимлик униб чиққач, 2-3 ойдан кейин ҳосилга киради. Бироқ у кўп йиллик ўсимлик, шунинг учун хонада 3-4 йил мобайнида яшнаб туриши мумкин. Бошқа экинлардан кўра ёруғликни кўпроқ хоҳлагани учун уни қуёш нури доимий тушадиган жойга қўйиш керак экан.
- Булғор қалампири елвизакни ёқтирмас экан, - дейди шу ўсимликни хона шароитида етиштиришни тажриба қилиб кўраётган Қарши туманилик Ойбек Қиличев. – Шу жиҳатидан у хона гулларига ўхшайди. Уйимизнинг қуёшга қараган хонасида гуллар орасида ўстираяпман. Кейин яна бир нарсага эътибор қаратиш керак: томорқада икки навдаги (ширин ва аччиқ) булғори қалампир бирга экилмайди, чатишиш натижасида ҳаммаси аччиқ бўлиб қолади, буни кўпчилик яхши билади. Хонада ўстирганда ҳам шуни ҳисобга олиш зарур. Агар ҳам ширин, ҳам аччиқ қалампирни тувакда ўстирмоқчи бўлсангиз, бошқа-бошқа хоналарда сақлаган дуруст.
Ловия – идишда тез униб чиқадиган, ортиқча “инжиқлик” қилмайдиган экин. Экилганидан сўнг орадан бир ярим ой ўтгач, гулласа, иккинчи ойда дуккак ҳосил қилганини кузатиш мумкин. Яна бир жиҳати, унинг чирмашувчан пояси хона деразасини ўзига хос кўринишда безаб ҳам беради. Ҳар замонда (яхшиси, кунини белгилаб олиб) сув қуйиб, тупроғини юмшатиб, яна тўғри озиқлантириб турилса кифоя – худди очиқ майдондаги каби қулф уриб ўсаверар экан. Суперфосфат ва хлорли калийнинг оз-оз миқдорда бериб турилиши бу экинга жуда маъқул келади.
Хона шароитида сабзи етиштириш учун 3,5 ой вақт кетади. Таг қисми энлироқ идишдаги (илдизмева бемалол каттариши учун) яхшилаб қуритилган тупроққа уруғ сепилади. Идиш қуёш нури тик тушмайдиган жойда сақлангани дурустроқ. Сувни бир текисда сепиб, вақтида озиқлантириб турилса, бинойидай сабзи етиштириш мумкин.
Кўкатларни эса тувакда, махсус тахта қутиларда ва кесиб, стакан шаклига келтирилган елим идишда ҳам ўстириш мумкин. Бироз гўнг ёки гумус аралаштирилган тупроқда кўкатлар яхши унади ва тез тайёр бўлади. Офтоб нури тик тушишидан асраш уларнинг яшнаб туришини таъминлайди.
Булар – энг осонлари. Тажриба қилиб кўришга ҳам қулай. Агар ёруғликни таъминлаш бироз қийинчилик туғдирса, экинлар сақланаётган хонага қўшимча битта лампа ўрнатиш етарли. Демак, эринмасдан январь ойидан бошлаб, тажрибага киришиш мумкин. Март-апрель ойларига борганда эса натижалар билан яна ўртоқлашамиз...
Хуршида АБДУЛЛАЕВА тайёрлади.