Меню

Қашқадарё

11.02.2020 1465

ТОFЛИКЛАР МУАММОЛАРИ ТИНГЛАНДИ

Халқ билан мулоқот

Сарчашма қишлоғи Шаҳрисабз тумани марказидан 70 километр узоқликда, денгиз сатҳидан 2 минг метр баландликдаги Қирққиз, Шоҳ юрти, Айритоғ чўққилари этагида, Тожикистон билан чегарада жойлашган. 5 мингга яқин киши истиқомат қиладиган ҳудуднинг табиати ўзига хос, манзараси чиройли, бироқ муаммолар ҳам етарлича.

Шу йилнинг 7-8 февраль кунлари вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ва сектор раҳбарлари томонидан Сарчашма қишлоғи аҳолиси учун ташкил қилинган сайёр қабул давомида ушбу муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилди.

Аҳоли вакиллари билан мулоқот давомида йўллар аҳволининг яхшиланиши бўйича мутасаддиларга топшириқ берилиб, дорихона ва минерал ўғитлар шохобчаси қуриш, чорвачиликни ривожлантириш учун тадбиркорларга ер ва имтиёзли кредитлар ажратиладиган бўлди. Қўшимча ўрганиш лозим бўлган масалалар бўйича тушунтириш берилиб, амалий натижаси маълум қилиниши белгилаб олинди.

Вилоят ҳокими барча мурожаат ва таклифлар асосли эканини, уларнинг ҳал этилиши тоғликларнинг яшаш шароитини яхшилашга хизмат қилишини таъкидлади.

Зойир Мирзаев туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Сарчашма қишлоқ участка шифохонасида ҳам бўлди. Чорак аср аввал қурилган шифохона шу вақтгача бирор марта таъмирланмаган, иситиш тизими ишдан чиққан, зарур аппаратлар, ётиб даволаниш учун хоналар йўқ. Шунга биноан шу йилнинг ўзида шифохона таъмирланиб, моддий-техник базаси яхшиланади ҳамда бир ой ичида шифохонага йўл танламас тез тиббий ёрдам машинаси келтирилади.

Ёшлар билан учрашув ҳам анча самимий ва самарали руҳда ўтди. Ёшлар республика миқёсида тожик тилида дарс ўтиладиган мактаблар ўртасида фан олимпиадаларини ўтказиш, Қарши давлат университетида тожикча ўқитиладиган гуруҳлар ташкил этиш, кутубхона очиш, қишлоқда тикувчилик фабрикаларининг филиаллари ишини йўлга қўйиш каби таклифларни илгари сурдилар. Шу куни бир гуруҳ ёшларга фуқаролик паспортлари тантанали равишда топширилди.

Тоғликлар вилоят ҳокимига қишлоқда кутубхона очиш ва уни ўзбек, рус ва тожик тилларидаги бадиий китоблар билан бойитиш таклифи билан чиққан, шунга асосан вилоят ҳокими ҳам 5 миллион сўмлик бадиий китоблар жамланмаси совға қилиши маълум қилинганди.

Вилоят раҳбарлари Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус бўйича ҳудудда қилинаётган ишлар билан танишаркан, ваъда қилинган кутубхонанинг очилиш маросимида ҳам қатнашишди.

Қишлоқда ягона бўлган 57-мактаб ўқувчиларига мусиқа асбоблари топширилиб, 60 нафар кам таъминланган оила фарзандларига кийим-кечаклар совға қилинди.

Вилоят сектор раҳбарлари қишлоқ одамлари ҳолидан хабар олди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор фуқаролар, кексалар ҳолидан хабар олиниб, совға-саломлар улашилди.

Умуман олганда, ушбу мулоқот сарчашмаликлар учун кўплаб масалалар ҳал бўлишида аҳамиятли бўлса, раҳбарлар учун жойлардаги муаммоларни яқиндан ҳис қилиш имконини берди.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!