Меню

Қашқадарё

05.07.2019 1569

"ТОҒЛАРНИ ЁМОН КЎРАМАН!.."

Тўйимиздан сўнг бир ойга қолмасдан мени ҳам ўзлари билан олиб кетишди. Аввалига ҳаммаси рисоладагидай эди. Лекин тўсатдан эримнинг одатлари, фикрлаш тарзи ўзгариб, шубҳали кишилар билан борди-келди қила бошлади. Баҳонаси ҳам тайёр эди - биз бу ерларга пул топгани келганмиз. Бу одамлар эса бизга пул берарди.

Мени юрт соғинчи кундан-кун қийнаса-да, ортга қайтиб кетишга ижозат йўқ эди. Орадан икки ой ўтгач, эрим менга билдирмасдан паспортимга виза қўйдиртириб, турли сабабларни важ қилиб, бутунлай бошқа юртга олиб кетди.

* * *

Файзсиз ўлка. Нурсиз юрт. Ҳарқалай, эсимни таниганимдан бери бу давлат ҳақида фақат уруш ва нотинчликлардан иборат тасаввурга эга эдим. Бу ҳам етмагандай, опам ҳам оиласи билан бизга қўшилиб келганди. Эрим экстремистларнинг таъсирида эди. Бир ой ичида қўпорувчилик ҳаракатларида иштирок этаётган вақтида у ҳалок бўлди. Унинг учун қанчалик қайғурганимни билмайман, чунки бу якунни кутгандекман. Ахир эримнинг ҳарбий соҳада на маълумоти, на маҳорати бор эди. У шунчаки ҳавойи орзулари тўрига ўралашиб қолган, барча ҳаракатларини кўр-кўрона, ҳомийлари иродаси билан бажарувчи "мавжудот" эди, назаримда.

Аммо ҳақиқий азобли кунларим шундан кейин бошланди. Нотаниш жойлар, нотабиий ҳаёт тарзи тинка-мадоримни қуритди. Менга тили бегона халқнинг тилини, яшаш тарзини ўргандим. Бир сўз билан айтганда, жон сақлаб қолиш учун курашда давом этдим.

* * *

Бир ярим йилдан сўнг иккинчи маротаба турмушга чиқишга мажбур бўлдим. Фарзанд кўрдим. Аммо мудом Ватанга қайтиш учун йўл қидирардим (кейинроқ билсам, турмуш ўртоғим билан бир-биримиздан яширинча Ватанга қайтиш учун бирдек имкон излар эканмиз). Шу даражада таҳликада, бир-бировга ишончсизликда яшардикки, турмуш ўртоғим менга, мен эса унга қайтиш ҳақидаги фикримизни айтишга қўрқардик. Тасодифан ниятимиз бир эканини билиб қолгачгина биргаликда ортга қайтиш учун чора излай бошладик.

Бир куни опам билан қочмоқчи бўлдик. Ўша куни у негадир чиройли, қип-қизил либосини кийиб чиқди. Менга кулиб қараб: "Сингилжон, агар бу ерлардан эсон-омон қутулиб кетсанг, илтимосим, бир ҳовуч дуода мени йўқлаб қўй", деди. Ишонасизми, орадан ўн беш дақиқа ўтар-ўтмас бомба тагида қолди. Шу ерда мен ҳам ўққа учиб, икки ойлик чақалоғимнинг устига йиқилибман. Ҳушимга келсам, ўқ оёғимнинг бир қисмини ўпириб кетган...

Қайта-қайта ўн марталаб операцияни бошдан кечирдим...

Опамнинг, поччамнинг ҳатто қабрини ҳам тополмадим...

Бу орада 7 йил ўтиб кетди. Ватанимизда рўй бераётган ўзгаришлар ҳақида эшитиб, яна жон-жаҳдимиз билан қайтиш ҳаракатига тушдик. Аслида, ҳар қандай вазиятда ҳам қайтишга тайёр эдик.

* * *

...Ва ниҳоят, она Ватандамиз! Бизни чегарада кутиб олишди. Ватан тупроғига кўзда ёш билан қадам қўйдик. Эримни сўроққа олиб кетаётган ўзбекистонлик аскарга 4 ёшли ўғлим: "Дадамни отасанми, мужоҳид? Онамни ўлдирасанми?", дебди (ўғлим ҳарбий кийимдаги ҳар қандай аскарни "мужоҳид" деб биларди). Тўрт ёшида дунёнинг тўрт минг даҳшатини бошидан кечиришга улгурган, ёшидан эрта улғайиб қолган, зулмат ичида катта бўлишга мажбур ўғлимнинг гапи аскарнинг қалбини ларзага солди, кўзларидан тирқираб ёш сизиб чиқди. Ўғлимни шарт кўтариб, бағрига босиб: "Ватан ўз боласини ўлдирмайди, Президент ўз фарзандини кечирди. Отанг ҳам, онанг ҳам доим ёнингда бўлади, улар билан энди бахтиёр яшайсан", деди. Шу гаплардан боламнинг қувончли нигоҳини кўрганингизда эди! Унинг ҳаяжон билан ураётган юрагини эшитганингизда эди! Аскар шундай гапирдики, ҳар қандай одамга шубҳа, ҳадик билан қарайдиган ўғлим ишонди!

Бизга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг чек-чегараси йўқ эди. Бундан фақат виждоним қийналар, лекин мен заррачаям, зиғирчаям ҳаққим бўлмаган бу меҳрга зор эдим, интизор эдим...

* * *

Севимли ва қадрдон ота уйимга етиб келдик. Етти йил дийдоримга зор бўлган онаизоримнинг фарёдлари оламни тутиб кетди. Қип-қизил атиргулдай ёнимда турган опамни кўз ўнгимда бой берганимни, ҳозирда эслагим ҳам келмайдиган собиқ турмуш ўртоғимнинг алдовлари ортидан хазон бўлган етти йиллик умрим лаҳзаларини пайдар-пай сўзлаб бергандай бўлдим.

Минг ташаккур, биз каби адашганларнинг кўкрагидан итаришмади. Аксинча, Президент маслаҳатчиси, вилоят ҳокими ҳолимдан хабар олиб, тинч ва осойишта ҳаётга кўникиб кетгунимча моддий-маънавий қўллаб-қувватлашди. Мендан айбловлар олиб ташланди, янги паспорт олдим, ўғлимга гувоҳнома олиш арафасидамиз. Ҳокимиятдагилар, маҳалла-кўй хабар олиб туришибди.

* * *

Ҳаётим изга тушганидан жуда хурсандман. Лекин ўғлимдан хавотирдаман. Уйимиз Қарши аэропортига яқин. Самолёт учса, бурчакка тиқилиб: "Ётинглар, ҳозир бомба ташлайди!", деб бақиради. Кўзлари қўрқувдан катта-катта бўлиб кетади. Бу бошида бошқаларга кулгили туюлди. Лекин туғилгандан буён уруш ичида катта бўлган ўғлимни фақат мен тушунаман. Унинг болалиги қўрқув ва даҳшат ичида ўтишига   айбдор ҳам, унинг бу қилиқларига чидагувчи, тоқат қилувчи, қайта тарбия қилишга масъул ва мажбур ҳам ўзимман...

* * *

Қарши жуда гўзаллашиб кетибди. Қараб кўзим қувнаяпти. Ўғлим билан маза қилиб айландик. Бир куни тоғалари билан янги бунёд этилган "Ватанпарварлар боғи"га бордик. У ердаги танклар, самолётларни кўриб, ўғлим зориллаб бўйнимга осилди. Мурғак юракчасида қайта уйғонган қўрқув ва даҳшат вужудимга титроқ солди. Бир мен, бир тоғалари бу танк ва самолётлар шунчаки кўргазма учун тургани, улар ҳеч кимга қарата ўқ отмаслигини, аксинча, Ватанимизга қарши чиқмоқчи бўлганларга қудратимизни намойиш этиш учун, қолаверса, ибрат учун қўйилганини айтдик. Зўрға тушунтирдик, зўрға юпатдик...

* * *

Онам ўқ теккан, қўрқинчли тусга кириб қолган оёғимга ишора қилиб: "Оғримаяптими?" деб тез-тез сўрайди, дори-дармон суради. Мен айтгим келади: "Оҳ, меҳрибоним-а! Сиз қалбимдаги доғларга, дарзларга, Ватандан йироқда чеккан азобларимдан қолган яраларга малҳам тополасизми?! Эркалик қилиб, коллеждаги ўқишимни ташламаганимда, юртдан йироқларга кетмаганимда бугун олдингизда жисму руҳи яримжон қизингиз ўтирмас эди.

"Сен суянган тоғимсан!", дейсиз, онажон! "Тоғ" сўзини ишлатманг, она! У қора тоғларнинг қиррали тошлари етти йиллик умримни емириб ташламадими?! Товонимга қўшиб қалбимни тилмадими?! Улардан қўрқаман! Уларни ёмон кўраман!

Онажон, Сизни доим тушларимда кўрганман. Қўлларимдан тутиб ёруғликка олиб чиқаверардингиз. Шу умид билан умримни ўтказдим. Шу умид билан Ватаним сари интилдим. Онажон, Ватаним ҳам Сиз каби мени, боламни, адашган турмуш ўртоғимни бағрига босди. Айбларимизни кечирди, бошимизни силади. Зеро, Ватан учун ҳам, Она учун ҳам боланинг бегонаси бўлмас экан..."

Лола САОДАТОВА ёзиб олди.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!