Меню

Қашқадарё

16.06.2016 2630

ТОҒЛАРИ ОСМОНГА ТУТАШГАН, ОДАМЛАРИ ЭЗГУЛИККА ЁНДАШГАН ЗАМИН

Бу ерларда яшовчи одамлар табиати ҳам ҳудуд табиатига мос: ғурури тоғдай баланд, ғайрати юксак қоялардан оқиб тушаётган шаршаралардай жўшқин. Улар билан гаплашсангиз, бугунги кун нафаси – юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, фаровон турмушдан миннатдорлигу бугунидан розилик, эртасидан кўнгли тўқлик, хуллас, шукроналик ҳиссини туясиз. Бу туйғу тоғ одамларининг юз-кўзларида, сўзларидагина эмас, ҳар бир қилаётган иши, ҳалол ризқ топиш ниятида бошлаган эзгу меҳнати, қолаверса, орзу-ўйларида яққол акс этади.

Ғилон қишлоғида бугунги кунда 5 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Одамлари меҳнаткаш, азалдан замин билан тиллашиб, ризқини ҳалол теради. Одамлар орасида бу ерларга Тангри назар ташлаган, Хизр дуоси кетган, деган гап юради. Шунинг учунми, бир борган киши яна борсам, дейди, йўл қийинчиликларию, вақт сарфи уни чўчита олмайди. Қишлоқнинг каттагина ҳудудини айланиб, чиройли манзараларга маҳлиё бўлар экансиз, чиндан-да бу маскан илоҳий назар тушган ер эканига ишонгингиз келади: табиати сўлим, баҳаво, теварагини юксак тоғлар қуршаган сокин бир гўша. Иқлими боғдорчилик, деҳқончилик ва чорвачилик учун қулай бўлганидан одамлар шу ишлар билан машғул. Бирмунча кеч бошланса-да, тоғ баҳорининг баракали кунларидан унумли фойдаланишади: баҳорикор арпа-буғдойдан тортиб, номи яхшигина шуҳрат қозонган картошкаю ловия, помидору бодринггача ўзлари етиштиришади. Кўпчилиги асл боғбон бўлган ғилонликларнинг боғларида пишадиган олманинг мазаси оғзингизда қолади. Гилосию нашватиси, ёнғоғининг харидори кўп. Боғдорчиликда ўзига хос усуллар, йўл-йўриқлар билан иш кўрадиган уста боғбонлардан бири Садриддин Зайниддиновнинг 70 сотихлик боғи ҳамқишлоқларининг тилига тушган. Олма, ўрик, гилос каби мевали дарахтлар билан бир қаторда иморатбоп терак ҳам парваришлайдиган боғбон 40 сотихча ерда картошка ҳам етиштиради.

- Одамларимизнинг асосий даромади деҳқончилик ва боғдорчиликдан, - дейди Ғилон ҚФЙ раиси Ҳақназар Ниёзов. – Табиатимизга мослашиб, тоғ ёнбағирларида баҳордан кузгача тиним билишмайди. Етиштирилган ҳосилни сотиб, бозорлар тўкинлигини таъминлаш баробарида рўзғорлар ҳам тўкис бўлаяпти. Бугунги кунда меҳнат қилган киши кам бўлмаслигини одамларимиз яхши билишади.

Дарҳақиқат, Ғилон одамлари бугунги кун билан ҳамқадам кишилар. Турмушидан кўнгли тўқлигини, ҳаётидан мамнунлигини баралла айтиб, шукрона билдиради. Тоғ шароитига мос ҳолда – ҳовли-деворсиз, қалин пойдевор устида икки қаватли қилиб солинган иморатлар томида замонавий параболик антенналарга кўзингиз тушади. Бу – ғилонликлар  дунёдан бохабарлигининг белгиси.

Ғилоннинг “Янги қишлоқ” дейиладиган, аҳоли сони кўпайиши боисидан кейинчалик вужудга кела бошлаган қисмида ҳам, аввалги қисм - эски қишлоқда ҳам шундай манзаранинг гувоҳи бўласиз: уйлар олдидан оқиб ўтган ариқлар ёқасида тераклар осмонга бўй чўзиб турибди. Айримлари қулочга сиғмайди. Тоғнинг  салқин ҳавосию зилол суви бу ёғочбоп  дарахтни яхши ривожлантиради.

Дарвоқе, сув ҳақида. Ғилонликлар ичимлик суви муаммосига дуч келишмайди. Истиқлол йилларида сув қувурлари тортилиб, қишлоқнинг барча хонадони ичимлик суви билан таъминланди. Кўчаларга тош ётқизилди.

Ғилон ёшлари бугунги кунда ҳеч бир жиҳатдан бошқа тенгдошларидан кам эмас. Қишлоқнинг 30 нафар ёшлари бугун олий ўқув юртларида таҳсил олишмоқда. Қишлоқ марказида қад ростлаган 200 ўринли мактаб биноси замонавий типда қурилган, таълим масканида ёшларнинг ҳар томонлама пухта билим олишлари учун барча етарли шароитлар муҳайё этилган. Ҳисорак қишлоғида жойлашган Шаҳрисабз ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежининг Ғилон филиалида 250 нафар қишлоқ йигит-қизлари ахборот технологиялари ва компьютер, тикув ва трикотаж буюмларини ишлаб чиқариш, ўрмон хўжалиги каби йўналишларда сабоқ олишаяпти, ҳунар эгаллашаяпти. Уларнинг орзу-ўйлари, келажак режалари улкан.

- Коллежни битираяпман, - дейди тикув-трикотаж буюмларини ишлаб чиқариш йўналиши ўқувчиси Зарина Абдуҳалимова. – Тикиш-бичишга анча қўлим келишиб, устозимдан шу йиллар давомида кўп билимларни ўзлаштириб олдим. Ниятим - туманимиз марказидаги тикув цехларида ишлаб, малака орттириш. Ундан кейин эса қишлоғимизнинг ўзида тикув цехи очишни режалаштираяпман. Бугунги кунда юртимизда биз каби ёшларга кенг имкониятлар эшиги очилган. Шундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, келажакда эл-юртга фойдаси тегадиган инсон бўлмоқчиман.

Ғилон қишлоғи юртимиз сарҳадлари қўшни давлат ҳудуди билан туташадиган ер яқинида жойлашган. Чегара ҳудудларда яшовчи аҳолининг турмуш тарзини енгиллаштириш, улар учун барча зарурий шароитларни яратиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар, кенг кўламли тадбирлар Ғилонда ҳам ўз ифодасини топаётир. Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида Ғилондаги қишлоқ врачлик пункти 2015 йилда Шаҳрисабз туман тиббиёт бирлашмасига қарашли “Ғилон” қишлоқ участка шифохонасига айлантирилди. Чекка тоғли ҳудуддаги бу шифохонада беморларнинг даволаниши, керакли тиббий маслаҳат ва кўрсатмалар олиши учун барча шароит муҳайё этилган. Шу боис шифохонада кўрсатиладиган хизматлардан ғилонликлар мамнун.

- Шифохонамиз 10 ўринга мўлжалланган, - дейди бош шифокор Ҳусайн Ниёзов. – Шундан 5 ўрин туғруқхона учун ажратилган. Ғилондан туман марказигача 80 километрдан зиёдроқ масофа бор. Шунинг учун бўлажак оналарга шу ернинг ўзида малакали тиббий хизмат кўрсатишни йўлга қўйдик. 37 нафар малакали тиббий ходим аҳоли хизматига шай. Жорий Соғлом она ва бола йилида режа асосида аҳоли, айниқса, хотин-қизлар, болалар саломатлиги йўлида белгиланган тадбирларни мунтазам амалга ошириб бораяпмиз. Қишлоғимизда 1338 нафар фертиль ёшдаги хотин-қизлар бўлиб, уларнинг  соғлиғи доимий назоратга олинган. 10 нафар патронаж ҳамшираларимиз хонадонма-хонадон юриб, аҳолига зарур пайтда тиббий ёрдам кўрсатаяпти.

Албатта, чекка бир ҳудудда шундай шароитларнинг яратилишини илгари биров айтса, ишонмасдик. Буларнинг бари истиқлол шарофати туфайли.

- Қизим Саёҳат 2 ёшда, - дейди шу қишлоқлик Шоҳиста Ҳамидова. – Тез-тез шифохонага чиқиб, шифокорлардан маслаҳат олиб турамиз. Ўзим учун ҳам, қизим учун зарур пайтда керакли тиббий ёрдам шу ерда кўрсатилади. Яратилган шароитлардан албатта мамнунмиз.

Ғилон – ҳунармандлар қишлоғи. Бу ерда қарийб 30 нафарга яқин ҳунарманд фаолият кўрсатаяпти. Улар бугун ўз ҳунарларини оилавий даромад манбаига айлантиришган. Темирчи уста Раҳмонқул Расуловга бу ҳунар отамерос. 30 йилдан ошиқроқ вақт мобайнида қишлоқдошлари оғирини енгил қиладиган темирчилик буюмлари – кетмон, болға, теша, ўроқ, пичоқ каби иш қуролларини ясаш билан шуғулланади. Икки нафар шогирд тайёрлаяпти.

- Буюмларни одатда буюртма асосида ясаймиз, - дейди уста. – Мана бу пичоқни ясашга салкам бир ой вақт кетади, чунки пишиқ-пухта анжом ясашнинг ўзи бўлмайди, бу ишда шошма-шошарликка йўл қўйиш мумкин эмас. Бу касбни отам менга ўргатган, бугунги кунгача ривожлантириб, баҳолиқудрат давом эттириб келаяпман. Куз-қиш мавсумида кўпроқ ишлаймиз. Ҳозирги вақтда эса дала ишлари кўпайгани учун бироз танаффус қилаяпмиз.

Халқимизда бир гап бор: қариси бор уйнинг париси бор. Шу гапдан келиб чиқадиган бўлсак, Ғилон – бутунлай ҳуру ғилмонлар, парилар юрти, деяверинг. Бугунги кунда қишлоқда 200 нафар саксон ёшли, яна 60 нафар тўқсондан ошган кексалар яшаяпти. Шу улуғ ёшларда ҳам қадди-басти тик, юзидан нур ёғиладиган бу нуроний отахону онахонлар тилида шукрона, дилида осойишталик ҳукмрон. Суҳбатлари тинч-фаровон бугунги ҳаётдан розилик билан бошланиб, ёшларни дуо қилиш билан тугайди. Маҳалла фаоллари кунда-кун оша уларнинг ҳолидан хабар олиб туради. Фуқаролар йиғини идораси ёнида қад кўтарган нуронийлар чойхонаси ҳамиша отахонлар гурунги билан файзиёб.

- Эҳҳе, қандай кунларни кўрмадик, - дейди Абдукарим бобо Абдураимов. – Мана, олдинда шундай ёруғ кунлар бор экан, етказганига шукур! Ер ўзимизники, сув ўзимизники. Тилимиз эркин, динимиз эркин, яна нима керак бизга? Буёғига фақат яхши ниятни дилга тугиб, ишлаш керак, эл учун, юрт учун нафи тегадиган яхши амаллар билан машғул бўлиш керак.

Ғилонлик кексалар тилидаги шукрона каломи, ўтган кунлардан орттирилган сабоқ ёшларга ўрнак, намуна бўлаётир. Уларнинг дуолари бу сўлим масканни янада гўзал, янада обод бўлишига замин яратаётир. Бу эса истиқлол насимлари туфайли чекка ҳудудларда ҳам юз бераётган бунёдкорлик, ободончилик ишлари самараси ўлароқ кундан кунга замонавий тус олаётган турмуш тарзидаги улкан ўзгаришлар бардавом бўлишидан далолат беради.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!