Меню

Қашқадарё

26.05.2020 500

ТОҒДАГИ ПЕЧЕНЬЕ ЗАВОДИ

мулкдор ўзгаргач яна ишлай бошлади

Кичик бизнес

Бундан 10-15 йил аввал ҳудудлардаги йирик нефть-газ саноати корхоналари тасарруфида ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ёки қишлоқ хўжалиги соҳалари билан боғлиқ янги-янги лойиҳаларни амалга ошириш амалиёти кенг йўлга қўйилган эди. Аҳолини иш билан таъминлаш, мамлакатда кичик бизнесни ривожлантириш мақсадида йўлга қўйилган бу тажриба аввалига анча жозибадор кўринди. Ҳайбаракаллачилик руҳида корхоналар миллиардлаб маблағ сарфлаб, асосий фаолият турига дахли бўлмаган қатор лойиҳаларни амалга оширишди.

Хўш, натижа қандай бўлди? Аввалига бироз муддат ишлар маромида кечди. Кейинчалик эса бу кичик субъектлар иши оталиқ корхоналари эътибор марказидан узоқлашди. Ҳеч ким уларни даромадли тармоғига айлантиришни ўйламади. Натижада бу турдаги кўп кичик корхоналарнинг номига фаолият юритгани, зарарга ишлагани, айримларининг зарари "катта акалари"нинг даромади ҳисобига ёпиб юбораверилгани, бошқаларининг эса иши тўхтаб қолгани  сир эмас.

Шу боис ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 августдаги "Нефть-газ тармоғи ташкилотларининг активларидан янада самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан юртимиздаги нефть-газ соҳаси йирик ташкилотларининг ўз ихтисослигига мос бўлмаган ва фойдаланилмаётган активлари хусусий мулкдорларга сотилиши белгиланган эди.

Ўтган вақт мобайнида вилоятимизда жойлашган нефть-газ тармоғи корхоналарининг ҳам бир қатор самарасиз бўлган мулклари очиқ аукцион савдосига чиқарилди. Уларнинг айримлари ҳамон савдода турган бўлса, айримлари аллақачон хусусий тадбиркорлар қўлига ўтиб, янгидан фаолият бошлаган.

Деҳқонобод тумани Бибиқорасоч маҳалласи ҳудудида жойлашган печенье ишлаб чиқариш цехи ҳам ўз вақтида Шўртан газ-кимё мажмуаси томонидан ишга туширилган эди.

Эътироф этиш керакки, ўша вақтда бу ерда ишлаб чиқариш учун ҳамма шароит яратилди. Кенг ва шинам бино қурилиб, хориждан фаолият учун зарур  замонавий технологиялар олиб келиб ўрнатилди. Аммо цех кўп ишлагани йўқ. Энди маҳсулот ишлаб чиқариш бошланиб, ҳудуддаги кўплаб ёшлар ўзига шу ердан иш топдим деганда фаолияти мулкдорларгагина маълум сабабларга кўра тўхтаб қолди.

Ҳукумат қарорига асосан Шўртан газ-кимё мажмуасининг ўз фаолияти профилига кирмайдиган бир қанча мулклари қаторида печенье ишлаб чиқариш цехи ҳам очиқ аукцион савдосига қўйилгач, уни ҳудуддаги "Ишонч омад бизнес"  хусусий корхонаси таъсисчилари сотиб олиб, фаолиятни янгидан йўлга қўйишди.

- Ишлаб чиқаришни бошлаганимизга эндигина бир ой бўлди, - дейди корхона иш юритувчиси Искандар Пардаев. - Ҳозир кунига бир тоннага яқин икки хил кўринишдаги печеньелар тайёрлаяпмиз. Маҳсулот пешма-пеш ички бозорда сотилаяпти. Шу билан биргаликда, "ассортимент"ни кўпайтириш ҳамда кунлик ишлаб чиқариш қувватини ошириш ҳаракатидамиз.

Цех фаолияти қайта йўлга қўйилгач, ҳудуддаги 12 нафар ёшнинг иш билан бандлиги таъминланган. Улар аввал ҳам шу субъектда ишлаб, маълум тажриба тўплагани, бироқ цех фаолияти тўхтаб қолгач, узоқ вақтдан буён ишсиз бўлгани ва яна қадрдон корхоналарида иш бошлаганидан мамнунлигини таъкидлашди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!