Меню
Қашқадарё
ТОҒ БАҒРИДАГИ МЎЪЖИЗА
Ҳув шимол томондаги Мўғул қишлоғида буюк Соҳибқирон Амир Темурнинг пири Мир Саид Бараканинг укалари, ислом оламидаги забардаст зотлардан бири Шоҳ Саид Неъматулло ибн Абдураҳмон номлари билан боғлиқ зиёратгоҳ бор. У кишининг қаламига мансуб араб ва форс тилларида ҳар хил масалалар бўйича битилган 544 та ёзишманинг 110 таси бизгача етиб келган. Шу жойларда ўзбекнинг ўлмас овоз соҳиби Ўлмас Саиджонов таваллуд топган. Бу маскан Муҳаммад Раҳмондай ҳассос шоирга бешик бўлган.
Обиканда, Туюл, Ошқон, Сумакдан ўтгач, Кўҳсор маҳалла фуқаролар йиғинининг биринчи қишлоғи – дунёга машҳур Жовуз қишлоғи бошланади. Жовузни бежизга дунёга машҳур демадим. Бу гўшада палеозой ва девон эрасининг тараққиёт тарихини ўрганиш учун халқаро эталон (андоза) сифатида қабул қилинган Жовуз давлат геологик-палеонтологик қўриқхонаси жойлашган. Қўриқхонада олиб борилган илмий изланишлар бундан 300-420 миллион йиллар илгари мазкур ҳудуд ўша даврда мавжуд бўлган улкан Тетис денгизи остида бўлганини исботлайди. Жиннидарё ва Оқсув дарёлари оралиғида қад ростлаган Ширдоғ ва Сумсар тоғларида палеозой эрасининг деярли барча даврларига мансуб денгиз умуртқасиз ҳайвонларининг тош қотган қолдиқлари ниҳоятда яхши сақланган.
Жовуз қишлоғидан Жиннидарё оқиб ўтади. Дарёга нега бундай ном берилган экан, деб ўйланиб қолади киши. Қишлоқ оқсоқолларининг айтишларича, баҳор ойларида тоғ қўйнидан оқиб тушган ирмоқлар бирлашиб, кучли селга айланади ва шу қадар тўполон солиб оқадики, ҳатто ўзанини ҳам адаштириб юборади. Буни эл жинниликка йўйган ва дарё шундай ном олган. Жовуз қишлоғида 7109 гектар майдонни эгаллаган, шундан 2067 гектари ўрмонзордан иборат Жовуз ўрмон хўжалиги жойлашган.
Кейинги қишлоқ Матмон. Қизиқ, бу ҳудуднинг ҳар қадами сирли, салобатли, кишини беихтиёр тарихга етаклаб киради. Айтишларича, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг канизагидан туғилган ўғил айнан Матмон қишлоғида вояга етган, улғайган.
Ниҳоят, биз кўзлаган манзил - Деновболо томон юриш бошланади. Узоқ-узоқлардан Ҳазрати Султон чўққиси кўзга ташланиб турибди. Аслида бу чўққи Ўзбекистондаги энг баланд нуқталардан бири саналади. Чўққининг нариги томонида эса абадий музликлар ястаниб ётибди. Қадимда Сўғд қояси деб аталган мазкур тоғ туркийларнинг азалий масканларидан бўлиб, “Кўҳи тавба” яъни, тавба қилган кишилар гуноҳи кечириладиган жой сифатида улуғланган. Чўққида тарашлаб кесилгандай теп-текис тошсупа ҳам бор. Эрамиздан аввал зардуштийлар шу жойда Қуёшга топинишган.
Тарих саҳифаларида битилишича, Ҳазрати Султон тоғи Муқанна бошчилигида арабларга қарши олиб борилган 14 йиллик жангнинг гувоҳидир. Тоғ устида Муқанна қароргоҳи бўлиб, у ички қалъа ҳисобланган. Мазкур тоғнинг Ҳазрати Султон номи остида мусулмонларнинг муқаддас қадамжосига айланиши ҳақида эл орасида турли ривоятлар юради.
Матмондан ўтгандан кейин йўл тор, бир томони баланд тоғ, иккинчи томони кўз илғамас жарликдан иборат. Шаҳарнинг кенг ва равон кўчаларида юрган киши учун бундай йўллар қўрқинчли ва хавфли кўринади, тоғликларга эса писанд эмас, “Нива” ёки “Уаз” русумли машиналарда Деновболодан Китобгача, Китобдан Деновбологача бўлган икки соатлик йўлда қатнаганлари қатнаган.
Бир нарсани ёзишни унутибман. Йўл-йўлакай табиат инъом этган гўзал манзаралар қўйнида қад ростлаган коллеж ва мактаб бинолари сизни кузатиб қолади. Биргина Жовуз қишлоғида иккита чиройли мактаб қурилган. Тоғнинг шундоққина қўйнида жойлашган Матмон қишлоғидаги мактаб ҳам кўзни қувонтиради. Бир пайтлар бу мактаблар пахсадан қурилган, пастқам биноларда жойлашган. Ҳозирда тоғликларнинг Обиканда агробизнес коллежи деб номланган ҳашаматли коллежлари ҳам бор.
Биз борган денгиз сатҳидан 2200 метр баландликда жойлашган Деновболо қишлоғида ҳам 2014 йилда мактаб биноси қурилди. Ҳозир бу ерда Шут ва Аспидухтар қишлоқларидаги филиаллардаги билан бирга ҳисоблаганда 222 нафар ўқувчи таҳсил олади. Ўқувчилар турли танловлар, олимпиадалар, спорт мусобақаларида муваффақиятли иштирок этишмоқда. Жорий йилда Шут ва Аспидухтар қишлоқларида ҳам янги мактаб бинолари қурилади.
Деновбололиклар жуда меҳмондўст эл. Қай хонадонга кирманг, қучоқ очиб кутиб олишади. Деярли ҳар бир ҳовлида олд томони кўчага қараб қурилган меҳмонхона бор. Худди меҳмонга уйимиз, эшигимиз сиз учун очиқ, деяётгандай. Меҳмонхонага киришингиз билан дастурхон устини тоғ неъматлари-ю турли ширинликлар билан тўлдириб ташлашади.
Тоғнинг мусаффо ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас оларкансиз, беихтиёр ё шаҳри азимда яша, ё кўҳи баландда, деган гап ёдингизга тушади. Юлдуз тўла осмон, бир-бирига туташиб кетган тоғлар, шилдираб оқаётган сувлар, қалби дарёдай кенг одамлар...
Қишлоқдаги 50 дан ортиқ хонадонда от бор.
- Эркакларимиз отга ишқибоз, – дейди фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Истам Мухторов. – Кўпкари эса халқимизнинг севимли ўйини. Шунданми, тўйларимиз, айниқса, суннат тўйлар кўпкарисиз ўтмайди. Шу йилнинг ўзида қишлоқда олти марта кўпкари бўлди.
70 ёшли Муҳиб ота Ҳабибов билан суҳбатлашиб қолсангиз, сўзини чавандозликдан бошлаб, шукроналик билан тугатади. Ахир 35 йил отда юриб, кўпкарида ғолиб бўлган кишининг бу жонзодга меҳри ҳам бўлакча-да. Аслида чавандозлик унга мерос. Бобоси Ибодулла Махсумдан тортиб отаси Ҳабибулло бобогача, ўғли Омонжондан тортиб коллежда ўқийдиган набираси Ҳотамжонгача отни ўзларига яқин дўст тутишган. “От минсам, ўзимни тетик, соғлом ҳис этаман, чеҳрам очилади”, дейди Муҳиб отанинг ўзи. Қишлоқнинг Салим ҳожи полвон, Нарзиқул полвон, Шомурод полвон, Мирзополвон, Мирзошариф полвон, Амирқул полвон деган отахонларининг ҳаёти ҳам от билан боғлиқ. Эътибор берган бўлсангиз, уларнинг исми ёнида полвон сифати бор. “Чавандозми, демак, у полвон, йўқса кўпкарига киролмайди. Кўпкарига кирган ҳар йигитни полвон санаймиз”, дейди Муҳиб ота. Қишлоқда кўпкарига кирса, бошқалар юрак ҳовучлаб турадиган Холиқул полвон, Азиз, Зафар, Маҳмуд, Мажид, Омон, Азамат, Рўзимаҳмад, Сулаймон, Исоқ, Жумабой полвон отли ёш чавандозлар ҳам бор.
Муҳиб отадан яшаш шароитлари ҳақида сўраб қолсангиз, чеҳраси янаям ёришиб кетади. “Оллоҳнинг марҳамати билан шундай жаннатмонанд жойда яшаяпмиз. Чорвамиз, еру сувимиз, меҳнаткаш элимиз бор, муҳтожлик нималигини билмаймиз. Қимирлаган одам қир ошаяпти. Дўконимизга кириб кўринг, ҳамма нарса муҳайё, пастга тушишгаям ҳожат йўқ. Олдинги йил ўғилларимдан бири кимгадир қизиқиб Россияга кетмоқчи бўлганди, унамадим. Хўроз ҳамма жойда бир хил қичқиради, шу ерда ишла, дедим. Картошка, нўхат экдик. Меҳнатнинг орқасидан тўй қилдик, машина олдик, Россияда топадиганлардан кўра кўпроқ топдик. Ана, кўрдингми, ўғлим, дедим. Ишлаган кишига Россиясиям шу ер, жаннатиям шу ер”.
Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик. Аҳолиси 753 нафар, хонадони 164 та бўлган бу қишлоқда ўз автомашинасига эга бўлмаган хонадон йўқ. Наврўз, Мустақиллик байрамларини шу қадар хурсандчилик, кўтаринки руҳда нишонлашадики, бутун бошли қишлоқ бир оилага айланади. Қишлоқдаги учта гузарнинг ёшидан кексасигача, эркагидан аёлигача, келинчагидан мактаб боласигача – ҳамма саф тортиб байрамгоҳга келади. Кимдир эшакка миниб Насриддин Афанди қиёфасига кирган. Кимдир ҳўкиз билан қўш ҳайдаган, ким йил номига монанд маймунга “айланган”. От ўйин ўйнатган-у, чўп оёқ бўлгани, ерга уруғ сочгани ва от миниб давра айлангани қанча... Сартарошлари ўз ҳунарини кўрсатиб, дўхтирлари сумкасини кўтариб, аёллари пахта саваб ё урчуқ йигириб, қай бири тиккан каштасини кўтариб, бола-чақасини етаклаб... Қўйингки, учта гузар аҳли бири-биридан қолишмаслик учун нималарни ўйлаб топмайди дейсиз. Қишлоқнинг зиёлиларидан бири даврани бошқаради, уларнинг чиқишини таърифлаб, ҳамду сано айтиб туради.
Дарвоқе, қишлоқнинг Ҳасан Холов, Мирзо Мухторов, Хўжаназар Нуров, Боймурод Ёров, Ҳусин Норов, Маҳмуд Жалолов каби кайвонилари бирлашса борми, Деновболода кунда тўй, тантана.
Байрам кунлари хотин-халаж дастурхонни деновболоча таомлар билан тўлдириб ташлайди. Зирк ошию қуртоба дейсизми, чукра ошу хомкочи дейсизми, таомларининг санаб адоғига етиш қийин. Уларнинг қай бири нонуштага, қай бири кечки овқатга мўлжалланган. Қай бири иштаҳани очса, бошқаси бош оғриғини қолдириб, тинч уйқу инъом этади, қай бири қон босимини тушириб, юракка қувват беради. Чунки уларга ўнлаб шифобахш тоғ гиёҳлари қўшилади.
Қайси хонадонга мўраламанг, қизу жувонлар қалб қўрини бериб тиккан чиройли гулдор кашталару зардеворларга, ёстиқ жилдларию айланаси тўқилган рўмолчаларга кўзингиз тушади. Уларнинг кашталарида қип-қизил ва ям-яшил ранглар алоҳида бўртиб туради. “Қизил ранг олмаларимизга, яшил ранг қиру адирларимизга қиёс”, дейди бу ҳақда каштадўз аёллар. Қишлоқда Шоҳигул Авлоева, Дилафрўз Шарипова, Раъно Мухторова, Муаззам Ризаева каби чеварлар тиккан кашталарнинг бозори чаққон. Қизларнинг сепларини босма усулда тикилган бу кашталарсиз тасаввур этиш қийин.
Деновбололик аёллар қатиқларини тулумга солиб қўйишаркан. Аввалига тулум нима экан, деб қизиқдик. Билсак, эчки терисидан тайёрланган қатиқ халта экан. “Туз ва тоғ гиёҳлари аралаштирилиб тулумга солинган қатиқ бир йилгача айнимай тураверади, фақат салқин жойга қўйилса кифоя”, дейди қишлоқнинг кекса онахони Ризвоной ая.
Деновболода қадим тарихга эга Ширдоғ деган манзил бор. Китоб ўрмон хўжалигига қарашли тўрт томони баланд тоғлар билан ўралган бу манзилда 1165 гектар текислик майдон бўлиб, унинг 600 гектари ўзлаштирилган, нўхат, картошка экилади.
Дарвоқе, Деновболода Китоб ўрмон хўжалигига қарашли 10 минг 580 гектар ер бўлиб, унинг 2500 гектари ўрмонлардан иборат. Деновболо ўрмонларида айиқ, бури, шоқол, чўчқа, қашқалдоқ, жайра, бўрсиқ каби ҳайвонлар, 50 турга яқин дарахт ва буталар, 60 турга яқин доривор гиёҳлар бор. Далачой, тоғ райҳони, зирк, қизил дўлана, зира, мойчечак каби гиёҳлар териб олиниб, фармацевтика саноатида ишлатилмоқда. Мавсум пайти ўнлаб деновбололиклар ўрмон хўжалигида ишлаб, доривор гиёҳларни териб олишда кўмаклашади.
Деновболони мамлакатга танитган унинг тўқ қизил рангли олмалари. Деновбололиклар бу олмаларни “кримсион нав” дейишади. Бошқа ҳеч қаерда бунақа ранг ва таъмга эга олма йўқ. Тоғ ҳавоси салқин бўлганидан олма мевасига қурт тушмайди, дори сепишгаям эҳтиёж йўқ. Табиат қандай инъом этса, шундайлигича етилади. Серсув, мазали, чиройли ва силлиқ бўлади. Ўтган йили ўрмон хўжалиги томонидан 24 тонна олма йиғиштириб олинди. Аҳоли боғларидан олинган ҳосил 300 тоннадан ошиб кетди. Бу йил қўшимча 10 гектар майдонга олма кўчатлари қадалди. Қишлоқнинг жаннат, атлас, хубони, темир навли олмалари, ғарм, лимон, шакармурут, дилафрўз навли нокларининг мазаси эса оғзингизда қолади.
Бу қишлоқнинг қадамида булоқ, қадамида сой, тошдан тошга урилиб оқаётган сувларнинг шилдираши қулоққа куйдай ёқимли эшитилади. Ўн-ўн беш чоғли хонадон бирлашиб, ариқ бўйларида генератор ўрнатган ва электр энергияси олинади. Деновбололиклар учун сув обиҳаётгина эмас, ёруғлик манбаига ҳам айланган ва нур бўлиб хонадонларига кириб келган.
– Ҳаммаси мустақиллик туфайли, - дейди Кўҳсор маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шоймардон Остонов. – Президентимиз вилоятнинг биринчи раҳбари бўлиб ишлаганларида Деновболо қишлоғига келиб, оқсоқоллар билан суҳбатлашганлар, бу жойни янада обод, кўркам қилиш учун қимматли маслаҳатлар берганлар. Шундан кейин қишлоқда иккита насос станцияси қурилди, асосан боғдорчилик, чорвачилик, деҳқончилик билан шуғулланаётган элга имконият эшиклари кенгроқ очилди, боғ-роғлар кенгайди. Мактабларимиз замонавий тус олди.
– Тилимиздан шукур сўзи тушмайди, – дейди ҳожи Муродқул ота Жалолов. – Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Ишлаган тишлаяпти. Ҳар бир хонадон дарвозаси олдида машина. 20 дан ортиқ одамларимиз Ҳаж зиёратига бориб келишди. Биз тоғликлар ўзимизга бўлган эътиборни, ғамхўрликни ҳар кун, ҳар дақиқа ҳис этиб турамиз. Бундан бошимиз осмонга етади ва Президентимизни дуо қиламиз, алқаймиз. Илоё шундай фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин.
Зарафшон тоғ тизмалари этагида жойлашган бу қишлоқ йилдан-йилга янада файзли, фусункор ва баракотли бўлиб бораяпти. Табиат берган гўзаллик билан одамлар ўз қўллари билан яратган боғ-роғлар, экинзорлар уйғунлашиб, ажиб бир манзара ҳосил қилмоқда. Бу гўзалликдан улар ҳам баҳра олишмоқда, ҳам роҳат. Шунинг учун қайси бир деновбололик билан суҳбатлашманг, юзида нур, кўзларида шукроналик балқиб туради...
Лола ЎРОҚОВА, Китоб тумани.