Меню

Қашқадарё

21.06.2016 2324

ТОҚАТТАЛАБ МЕҲНАТ, ДИДТАЛАБ ҲУНАР, НОЗИК ИШ

Миллий заргарликнинг ҳадисини олган ҳунарманд Мурод Эгамбердиев ҳам шундай фикрда. У бугунги кунда йўқолиб бораётган қадимий заргарлик буюмларини тиклашга бел боғлаган. Ёш заргар ҳозирда Қарши давлат университетининг тасвирий санъат йўналиши 2-босқич талабаси. Отасининг санъатшунос бўлганлиги ҳам Муродга ҳунармандчиликнинг ушбу турига қизиқиш уйғотган.

- Мен 9 йилдан бери қадимий заргарлик буюмларини ясаб келаман, - дейди Мурод. – Ишларимда замонавий ва миллий услубни қориштиришга ҳаракат қиламан. Бу ҳунарни ўрганиш инсондан зукколик, нозик дид, мустаҳкам тоқатни талаб этади. Буюмларнинг нақшинкор безакларини кўнгилдагидек чиқариш учун битта нақш устида соатлаб, баъзида кунлаб изланаман. Ишимни ҳақиқий санъат асаридек қилиб битказиш учун эса такрор ва такрор китобларга мурожаат қилишдан эринмайман. Изланишларим сабабми, ясаган буюмларим харидоргир.

Мурод заргарлик ҳунарини уста заргар Ифтихор Камоловдан ўрганган. Устозининг таълимини қунт билан ўзлаштириб, унинг маслаҳати ва ибратли сабоғи орқали ўзининг янги услубини яратишга киришди.

– Ишларим учун қадимий заргарликка оид китоблар, мозий миниатюра ишланмалари, шунингдек, Қарши шаҳридаги Ерқўрғон харобаларидан топилган қадимий санъат асарлари асосий манба бўлиб хизмат қилади, - дейди заргар.

Устанинг буюмлари зебигардон, нозигардон, сирға, балдоқ, қашқар балдоқ, муҳрли узук, билагузук кабилардан иборат. Уларни ясашда фойдаланилган металл - кумуш эса инсон саломатлигига ижобий таъсир кўрсатаркан. Муроднинг айтишича, кумушнинг ошқозон-ичак касалликларини даволашда, кўп терлайдиган инсонларни бу дарддан халос этишда, танадаги заҳарлар чиқиб кетиши, шунингдек, заҳарланишнинг олдини олишда фойдаси катта.

Мурод ёш бўлса-да, тиришқоқлиги сабаб бугун кўплаб шогирдларнинг устози. Айнан шу ҳунари асосида тадбиркорликни йўлга қўйган. Унинг 20 нафарга яқин шогирди, заргарлик устахонасида эса 5 нафар ишчиси бор. У 2015 йилда “Юрт келажаги” республика иқтидорли ёшлар танловининг “Амалий санъат” йўналиши бўйича ҳамда Ҳунарманд уюшмаси томонидан ўтказилган “Мустақил юрт фарзандлари” кўрик-танловида иштирок этиб, республика босқичида ғолиб бўлган. Жорий йилда эса Мурод Эгамбердиев Болгарияда ўтказилган халқаро-кўргазма танловда ўз ҳунарини намойиш этиб, биринчи ўринни қўлга киритди.

- Кўргазмадан кўплаб тасассуротлар билан қайтдим, - дейди заргар. - У ерда бизнинг миллий либосларимизга, тақинчоқларимизга қизиқиш катта бўлди. Маҳсулотларимизнинг сифати, ўзига хос услуби, гўзаллигидан  ҳайратланган меҳмонлар ҳамкорлик таклифини билдиришди.

Юртимиздаги Бухоро, Хоразм, Самарқанд, Фарғона вилоятлари заргарлик мактабларининг ҳар бири ўзига хос услубга эга. Қашқадарё заргарлик мактабининг эса унча бўёқдор бўлмаган, асосан, нақшларга таяниладиган услуби мавжуд. Муроднинг ишлари ҳам ана шундан дарак беради.

- Тақинчоқ ясашда тошларга алоҳида аҳамият қаратаман, - дейди уста. – Буюмларга тошларнинг табиий ранги асосида жило беришга эътибор бераман.

Муроджоннинг келажакда орзулари бисёр. У бетакрор ҳунари орқали ўзига хос заргарлик мактабини очишни мақсад қилган. Шунингдек, кундан кунга чирой очиб бораётган вилоятимизда туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшиш учун миллий тақинчоқлар услубида туристик маҳсулотлар тайёрлашни ривожлантириш ниятида. Демак, галдаги аниқ мақсад бор. Иш эса мақсад, режадан бошланади.

Соҳиба СУЮНОВА

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.          

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!