Меню

Қашқадарё

28.01.2017 2466

ЎТМИШДАН СЎЗЛОВЧИ НОЁБ ТОПИЛМА

Вилоят ўлкани ўрганиш музейида бўлганмисиз? Бу ерда сақланаётган шундай нодир экспонатлар борки, улар ўзида тарихий жиҳатдан ўта муҳим ва қадрли далилларни яширгани билан қимматбаҳо ашё саналади.

Бизга маълумки, исломгача бўлган даврда Марказий Осиё минтақасида турли-туман маданиятлар мавжуд бўлган. Айнан мана шу даврда эътиқод этувчилар қамрови кенг дин зардуштийлик бўлган. Энг қадимги динлардан бири ҳисобланган мазкур эътиқод тарафдорларини оташпарастлар деб аташган. Бу таълимот тарихининг энг йирик тадқиқотчиларидан бўлмиш Мэри Бойснинг хулосаларига кўра, дин асосчиси Заратуштра Спитама уруғидан чиққан ва Марказий Осиё чўлларида бундан 3,5 минг йил илгари яшаб ўтган. Унинг ватани Россиянинг жанубидан тортиб Қозоғистонгача, жанубда эса Эрондан тортиб Сейистонгача бўлган улкан ҳудудни ташкил этган. Зардуштийларнинг муқаддас китоби “Авесто” да эса Заратуштранинг ҳаёти қадимги арийлар ва Марказий Осиё халқлари орасида ўтганлиги айтилади.

Зардуштийлар тасаввурига кўра, моддий олам тўрт муқаддас унсур - ўт, тупроқ, сув ва ҳаводан ташкил топган. Бу унсурларни ҳаром қилиш ёки булғаш мумкин бўлмаган. Эътиқодда марҳумнинг жасади ҳаром саналган. Уни ерга кўмиш, куйдириш ёки сувга чўктириш гуноҳ бўлган. Дастлабки даврларда зардуштийлар  марҳумларнинг жасадларини чўққилар ва тоғ-тошлар устида қолдиришган, орадан маълум вақт ўтиб, суяклари йиғиб олингач, сополдан ясалган хумлар ва кейинчалик махсус қопқоқ билан ёпиладиган тўртбурчак шаклидаги идишларга солинган ҳолда яшаш жойидаги махсус хоналарда сақланган. Махсус тўртбурчак сопол идиш “остадон” деб аталган. Кейинчалик бурж шаклидаги махсус иншоот - дахмалар қурилган. Қадимги Сўғдиёнанинг бир қисми ҳисобланган воҳамиздаги қадимий археологик ёдгорлик - Ерқўрғонда олиб борилган қазишмалар давомида ҳам бир тепалик зардуштийларнинг қадимий дахма қолдиғи эканлиги тахмин қилинган. У эрамиздан аввалги II асрларда бунёд этилган бўлиб, бир оз фойдаланилгандан сўнг кўмиб ташланган.

Сўғдиёнада остадонлар одатда сопол ва тошлардан ясалган. Остадонларда вафот этган одамнинг суяклари этдан тозаланган ҳолда қўйилиб, бу одат маййитнинг қайта дунёга келишига ёрдам беради, деб ҳисобланган. Остадонлар деворларига кўпинча ўсимликсимон безаклар чизилган, айрим ҳолларда турли воқеалар акс эттирилган. Шундай остадонлардан бири Китоб тумани Шатри қишлоғи ҳудудидаги Кофиртепа археологик ёдгорлигидан маҳаллий аҳоли томонидан 2006 йилда топилган.

Остадоннинг ҳажми 30х50 сантиметрни ташкил этади, девор қалинлиги эса 1,1 сантиметр атрофида. Кўриниши тўртбурчакли сандиқсимон шаклда. Остадонни ясашда кулолчиликда ишлатиладиган қизил тупроқдан фойдаланилган. Унинг ён девори  ташқи томонида бир хил типдаги учта босма тарздаги композиция бўлиб, рельефи юпқа тарзда такрорланган. Қолган томонларида ҳеч қандай шакл берилмаган. Изларидан билиниб турибдики, уни ясашда қўл ёки махсус текислаш асбобидан фойдаланилган. Тепа қисмида рамзий “қалъа” кўриниши акс эттирилган. Идишнинг ички томони, юқори қисмига лой лентасимон тарзда ёпиштирилиб, пештоқсимон қопқоқ ўрни яратилган. Остадоннинг қопқоғи яхши сақланмаган, ўртасида қўл билан ушлаш учун махсус даста ўрнатилган. Олди томонидаги учта бир хил композицияда қўлда лойдан ясалган арксимон шаклдаги кўриниш акс эттирилган. Ҳар икки ёнбошда аркнинг ярим шакли  давом этган. Арклар ичида учта босма тарздаги жангчи илоҳ тасвири берилган. Бу эса аждодларимизнинг кўҳна эътиқодидан дарак беради. Маълумки, зардуштийлар  яхшилик худоси Ахурамазданинг ёрдамчилари Митра (йигит қиёфасидаги қуёш ва ёруғлик тангриси), Анахита (гўзал қиз сиймосидаги унумдорлик, ҳосилдорлик, фаровонлик тангриси), Ҳумо (гўзал қуш қиёфасидаги бахт, тақдир ва бойлик тангриси), Хубби (мард йигит қиёфасидаги сув тангриси), Миррих (ёш жангчи қиёфасидаги уруш ва ғалаба тангриси) кабиларга эътиқод қилишган. Остадондаги жангчи илоҳ тасвири  ёш жангчи қиёфасидаги уруш ва ғалаба тангриси Миррихнинг ифодаси экани тахмин қилинади. Жангчи илоҳ чап қўлида елкаси тенглигида ерга тегиб турган найза ушлаган. Ўнг қўлида ярим бели тенглигида ерга тегиб турган дубулға ушлаб олган. Тасвирдаги жангчи илоҳ бошида ўзига хос жанг учун мўлжалланган бош кийими ва эгнида тиззасидан пастгача тушиб турган совут кўринишидаги жанговар либос. Белида камар бўлиб, камарга осилган шамшир тасвири аниқ берилган. Маъбуднинг жанговар қиёфаси зардуштийларга хос мардоналик, адолат ва ҳақиқат учун курашни ўзида акс эттиради.

Шундай қилиб, Кофиртепадан топилган ушбу остадон композициясини тўлиқ ўрганиш зардуштийлик динидаги турли  анъана ва маросимларни тадқиқ этиш учун муҳим манба бўла олади. Бу эса тарихимизнинг  ислом динигача бўлган даври диний қарашлари ҳақидаги тасаввуримизни бирмунча бойитишга хизмат қилади.

Б.МАМАДИЕВ,

вилоят ўлкани ўрганиш музейи директори

 Ф.ЭГАМБЕРДИЕВ,

музей илмий ходими

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!