Меню
Қашқадарё
ЎТКИР КЎЗ, ЎТКИР СЎЗ ВА ШИЖОАТ
Бирлашган Миллатлар ташкилоти маълумотларига кўра, кейинги 10 йил ичида дунёда ўз касбий фаолиятини амалга ошириш пайтида 800 нафардан кўпроқ журналист ўлдирилган ва уларнинг қотилларидан бор-йўғи 10 фоизигина жазо олган.
“Бу жиноятлардан 10 тасидан 9 тасида ушбу жиноятни содир этганлар жазодан қутулиб қоладилар. Жазоланмаслик журналистларга нисбатан зўравонликларнинг давом этишига омил бўлмоқда ва тегишли чораларни қабул қилишни талаб қилади”, деб айтилди БМТ баёнотида.
2013 йилда БМТ Бош ассамблеясининг 68-сессиясида 68/163-сонли, резолюция қабул қилинган, унга кўра, 2 ноябрь - “Журналистларга қарши жиноятлар учун жазоланмасликни тўхтатиш халқаро куни” деб эълон қилинган. Резолюция БМТга аъзо давлатларни жазоланмасликка қарши аниқ чоралар қабул қилишга қатъий чақиради. Таъкидланишича, ушбу сана 2013 йил 2 ноябрда Малида ўлдирилган 2 нафар француз журналисти хотирасига ўрнатилган.
Бу резолюция шунингдек, БМТга аъзо давлатларни журналистлар ва ОАВ ходимларига нисбатан зўравонликнинг олдини олиш учун уларга боғлиқ барча ишни амалга оширишни, журналистларга қарши жиноятлар содир этганларни жавобгарликка тортишни таъминлаш ва уларни судга топшириш, жабрланганларга ҳуқуқий ҳимоянинг тегишли воситаларини таъминлашга чақиради.
* * *
Дунёнинг қайноқ нуқталарида давом этаётган ихтилофлар ҳақида тезкор хабар йўллашга отланган журналистларнинг ҳаёти ҳам доим қил устида туради. Бунга кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин.
Яқинда Ироқнинг Мўсул шаҳрида мина портлаши оқибатида бир гуруҳ журналистлар жабрланди. Улардан икки нафари ҳалок бўлган. Бири франциялик журналист Стефан Вильнёв бўлса, иккинчиси курд журналисти Бахтиёр Ҳаддод. Улар Мўсулда шаҳар учун жанг олиб бораётган Ироқ махсус кучларига ҳамроҳлик қилишаётган эди.
Шу йилнинг февраль ойида Доминикана республикасидаги маҳаллий радиостанциялардан бирининг журналистлари жонли эфир вақтида отиб кетилди.
Ҳодиса Сан-Педро де Макорис шаҳрида рўй берган. Қуролланган жиноятчилар 103FM тўлқинлари орқали эфирга чиқадиган радиостудия биносига бостириб кириб, ходимларни ўққа тутган.
Инсон ҳуқуқлари ҳимояси борасида бутун дунёга жар соладиган Америка қўшма штатларида эса президент Трамп жорий йилнинг февраль ойида Федерал қидирувлар бюросининг ўшандаги раҳбари, эндиликда бу лавозимдан четлатилган Жеймс Коми билан учрашганда журналистларни махфий маълумотларни ошкор қилганликлари учун қамоққа олиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилган. Трамп Коми билан яккама-якка суҳбатда ОАВга махфий ахборотнинг сизиб чиққанини кескин қоралаган ва уларни махфий ахборотни ошкор қилганлик учун қамоққа олишни таклиф қилган.
Умуман олганда, Трамп АҚШ президенти лавозимига сайлангандан буён журналистлар билан мунтазам тортишиб келади.
У президентлик лавозимидаги илк 100 куни муносабати билан сўзлаган нутқида АҚШ оммавий ахборот воситаларини танқид қилди ва оммавий ахборот воситаларини “Вашингтон ботқоғи” деб атади, шунингдек, уларга нисбатан яна “ёлғончи ОАВ” деган иборани ҳам қўллади.
Трамп Оқ уй ҳузуридаги мухбирлар уюшмасининг ҳар йиллик тадбирида иштирок этиш ўрнига Пеньсилванияда тарафдорлари олдида нутқ сўзлашни афзал кўрди ва шу тариқа кўп йиллик анъанани бузди.
Трамп охирги ойлар мунтазам АҚШнинг етакчи ОАВни, жумладан, CNN телеканали ва “The New York Times” нашрини танқид қилиб келади. У журналистларни ҳақиқатга мос келмайдиган мақолаларни чоп этишда ва мавжуд бўлмаган манбалардан иқтибос келтиришда айблайди. Трамп шунингдек, маълумотларнинг ноқонуний сизиб чиқиб кетишига қарши курашмоқчи.
* * *
Айтиш мумкинки, журналистлардан кимдир ҳақиқатни ошкор қилади, деб ҳайиқса, бошқаси нотўғри маълумот туфайли азият чекиб қолишдан қўрқади.
Яқинда таниқли футболчи Рамос журналистларни унинг Роналду ҳақидаги сўзларини хато талқин қилишда айблади.
“Мен жамоада фақат Криштиану Роналду югурмаслиги мумкин деб айтмаганман. Бу ёлғон. Мен жамоа йиғинлари ҳақида гапирганман. Биламан, газетани сотиш керак, лекин маълумотнинг ҳаққонийлиги биринчи навбатда бўлиши керак”, деган футболчи.
Журналист нигоҳидан ҳеч ким ва ҳеч нарса четда қолмайди. Футболчи Криштиану Роналду Парижда янги маъшуқаси билан ниқобланган ҳолда сайр қилаётган маҳал “қўлга тушди”.
Криштиану журналистлар нигоҳидан четда қолиш мақсадида ҳатто парик тақиб олган бўлишига қарамасдан, барибир ўзини ошкор қилиб қўйган.
Айнан журналистларнинг саъй-ҳаракати билан миллиардер бойваччаларнинг декларацияда қайд этилмаган мол-мулклари ошкор этилмоқда. Масалан, Испаниянинг Ўрта Ер денгизи қирғоқларида Украина президентига тааллуқли ва декларацияда қайд этилмаган ҳашаматли вилла борлиги ҳам журналистларнинг шарофати билан аниқланди.
Ушбу кўчмас мулк объекти молиявий ҳужжатларида кўрсатилишича, 4 миллион евро атрофида туради.
Ажойиб ўйинлари билан бутун дунё футбол ишқибозларини ром қилган Англия футболидаги коррупция ҳақида ҳам дастлаб журналистлар бонг уришган.
“The Telegraph” нашрининг Англия футболида олиб борган текширувлари Сэм Эллардайсдан бошқа мураббийларни ҳам қамраб олган. Нашр маълумотларига кўра, Англия премьер-лигасининг бир қатор мураббийлари футболчиларнинг трансферида қаллоблик қилганликда айбланган.
Нашр журналистлари бир қатор футбол агентлари билан учрашувлар ўтказишган ва суҳбатларни махфий тарзда ёзиб олишган. Мухбирлар Яқин Шарқдаги компания ходимлари қиёфасига кириб, футболчиларга инвестиция киритиш мақсадида эканликларини айтишган. Агентлар уларга у ёки бу футболчининг трансферини амалга оширишда қайси мураббийга пора бергани ҳақида мақтаниб гапиришган.
Агентлардан бирининг айтишича, “Англияда барча иш стол остида рўй беради” ва коррупция чуқур илдиз отган. Газета раҳбарияти барча маълумотларни Англия футбол ассоциацияси ва полиция маҳкамасига топширган.
Эслатиб ўтамиз, айнан журналистларнинг саъй-ҳаракати билан коррупция билан боғлиқ можаро туфайли Англия терма жамоасининг бош мураббийи Сэм Эллардайс ўз лавозимини тарк этганди.
Мусо Муродов тайёрлади.