Меню

Қашқадарё

17.03.2022 1707

“Ўткан кунлар” бўйича энг яхши китобхонлар аниқланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича ташаббусларидан келиб чиққан ҳолда Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими томонидан Қарши туманидаги 25-мактабда “Энг яхши китобхон” танлови  ўтказилди.

Қайд этиш лозим, танлов учун айнан мазкур таълим муассасаси танлангани бежиз эмас. Мактаб жойлашган қишлоқда давлатимиз раҳбари эътибори асосида барпо этилган Абул Муин ан-Насафий зиёратгоҳи жойлашган бўлиб, буюк аллома шу ерда мангу қўним топган. Азалдан гуллаб-яшнаган илм-фан дарахтлари бугун ҳам ўз мевалари, самараларини бериб келмоқда. Ҳудудда илм-зиёга, китобхонлик, ижодга ошно инсонлар кўп.

“Энг яхши китобхон” танлови иштирокчиларига бир ой аввал Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарини ўқиш вазифаси топширилди. Шунга кўра, ўқувчилар тест саволларига жавоб бериш орқали ўз билимларини намойиш этишди.

Якуний натижаларга кўра, Севинч Эргашева 1-ўринни, Махсуна Равшанова 2- ва Гулчирой Равшанова 3-ўринни қўлга киритишди.

Ғолиб ва совриндорларга диплом, қимматбаҳо совғалар ва китоблар жамланмаси топширилди.

Тегишли режага кўра, келгуси танлов “Темур тузуклари” асосида бўлиб ўтади. Бундан кейин эса маҳаллада жойлашган 4 та мактаб ўқувчиларини китобхонлик бўйича ўзаро беллаштириш режа қилинган.

Б.САЙФИЕВ

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!