Меню
Қашқадарё
ТИЗМА ТАНГАЎТ
Бу ўсимлик якка-якка ҳолда бир-биридан 10-15 метр оралиқда ёки кичик тўплар кўринишида учрайди.
Уруғидан кўпаяди. Кузатилишича, намлик кўп бўлган йиллари яхши униб чиқади. Ўсимлик ўзига хос тупроқда ўсишга мослашган.
БОЧАНЦЕВ ЭВЕРСМАННИЯСИ
Камёб эндем ўсимлик ҳисобланган бочанцев эверсманниясининг шохлари тукланган, 60-70 сантиметрли тиканли бута. Баргчалари тухумсимон, гултожи сиёҳранг, 15-17 миллиметр. Дуккаги 3-5 сантиметр, туксиз. Май-июнь ойларида гуллаб, июлда мевалайди.
Бочанцев эверсманнияси Элликбоши тоғида учрайди. У қизил қумоқ тупроқларда ўсади ва уруғидан кўпаяди. Чорва молларининг кўп боқилиши ва ола жинсли майдонларнинг қисқариши сабабли ўсимлик сони камайиб бормоқда.
БУХОРО ҒИЧМОЛАСИ
Жануби-ғарбий Помир-Олойдаги қисқариб бораётган, бўйи 25-30 сантиметрли бир йиллик эндем ўсимлик.
Пояси тик, қалин, оқ тукли. Барглари бандсиз ёки қисқа бандли, юмалоқ-тухумсимон, узунлиги ва эни 3-5 сантиметр атрофида. Гажак тўпгули бир томонга қайрилган, жуфт ёки 3-4 гулдан иборат бўлиб, ўсимлик май-июнда гуллайди, июль-августда мева тугади.
Ҳисор тоғлари жануби-ғарбий қисмида тарқалган. Туб жинсларда ва ола жинсли ҳамда гипсли тупроқларда ўсади. Бир-биридан узоқ, кичик майдончаларда, якка-якка ҳолда ўсади. Уруғидан кўпаяди.
Махсус муҳофаза йўллари ишлаб чиқилмаган. Асосан туб ва ола жинсли тупроқлардагина ўсиши бу ўсимлик тури тарқалишини чегаралайди.
ЁВВОЙИ САЛЛАГУЛ
Саллагулдошлар оиласига мансуб бу ўсимлик сони Ўзбекистонда тобора қисқариб бормоқда. Манзарали кўринишга эга бўлгани учун гуллари узиб, туплари илдизи билан қазиб олинади, ҳовлиларга экилади. Шу сабаб камайиб бормоқда. Бу жараёнда саллагулнинг чорва молларга едирилаётгани ҳам таъсир қўрсатаяпти.
Ушбу ноёб ўсимлик бўйи 25-75 сантиметр бўлган кўп йиллик ўтдир. Барглари бандли, икки карра уч бўлакли, бўлаклари қалами-наштарсимон. Июнь-июль ойларида гуллаб, меваси июль-август ойларида пишиб етилади. Ёввойи саллагул Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида тарқалган. Ўзбекистондан ташқари Қирғизистон, Қозоғистон, Ғарбий Сибирда ва Жунғория ҳудудида учраши маълум. Денгиз сатҳидан 1500-2000 метр баландликда майда жинсли чириндили тупроқларда ва дарахтларнинг тагида ўсади.
Ҳозирда мазкур тур кўпгина ботаника боғларида экиб ўстирилмоқда. Бундан ташқари, Чотқол, Китоб ва Зомин қўриқхоналарида ҳамда Угом-Чотқол миллий табиат боғида муҳофаза остига олинган.
ОҚБОВУР
Оқбовур қисқариб бораётган, қуш тури бўлиб, Қизилқум, Қарши, Сандиқли чўллари, Нурота тоғи этаклари, Амударё, Сурхондарё, Зарафшон дарёси воҳаларида тарқалган. Ўзбекистондан ташқари Шимолий Африка, Ғарбий ва Ўрта Осиё, Қозоғистон, Эрон, Ироқ, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистонда учрайди. Ғарбий Европа жанубида бошқа кенжа турлари тарқалган.
Оқбовур қумли, тупроқ ва тошлоқ даштларда уялайди. Қушлар март-апрель ойларида учиб ўтади. Май-июнь ойларида колония бўлиб, баъзан гуруҳ ёки алоҳида жуфт бўлиб ерга ин қуради. Улар 2-3 тадан тухум қўйиб, 19-25 кун босиб ётади. Полапонлари августда уча бошлайди. Кузги учиб ўтиш даври сентябрь-октябрь ойларига тўғри келади. Мазкур қанотлилар ўсимликларнинг барги, уруғлари билан озиқланади.
Чўл ҳудудларидаги қўриқ ерларнинг ўзлаштирилиши, браконьерлик оқибатида сони кескин камайиб кетган. Ҳозирда ушбу қушларни овлаш тақиқланган. Уялаш жойлари ва учиб ўтиш даврида муҳофаза чораларини ташкил этиш улар сонининг тикланишига ёрдам беради.
ОРОЛ ТИКАНАГИ
Орол тиканаги Амударё, Сирдарё, Қашқадарё, Зарафшон дарёларининг юқори оқимидан қуйи қисмигача бўлган ҳавзаларида учрайдиган балиқ тури бўлиб, Ўзбекистондан ташқари Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистонда тарқалган. Болтиқ, Эгей, Қора, Азов, Каспий денгизлари ҳавзаларида бошқа кенжа турлари учраши маълум.
Ушбу балиқлар дарё ва кўлларнинг туби қумли-балчиқли жойларини афзал кўради. Баъзида дарё остидаги қумларга кўмилиб олади. Икки ёшда вояга етади. Апрель-июнда урчийди ҳамда 240-1850 тагача увулдириқ қўяди. Орол тиканаги дарё тубидаги майда умуртқасизлар, сув ўтлари, жониворларнинг чириётган қолдиқлари билан озиқланади. Дарёлар оқимининг сунъий тартибланиши натижасида табиий сув режимининг ўзгариши, сувнинг ифлосланиши, келгинди балиқлар рақобати кейинги йиллар давомида улар сонининг узлуксиз камайишига олиб келмоқда.
Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоб”ига киритилган ушбу балиқ тури Қизилқум ва Зарафшон қўриқхоналарида муҳофаза остига олинган. Сонини сақлаб қолиш учун кенжа турлари яшаётган жойларда муҳофазасини ташкил этиш ва мониторингини олиб бориш лозим бўлади.
Манбалар асосида Ш.БОЗОРОВА тайёрлади.