Меню

Қашқадарё

13.06.2017 1971

ТИЗИМ ҲАМ, ВАКОЛАТ ҲАМ, ИМКОНИЯТ ҲАМ БОР... МАСЪУЛИЯТ-ЧИ?

Бу борада ҳукуматимиз томонидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. Қатор қонун ва фармонлар, қарорлар, кенг қамровли ҳукумат дастурлари қабул қилинмоқда. Қолаверса, вояга етмаганлар профилактикаси билан шуғулланадиган тегишли комиссиялар ташкил этилиб, уларнинг олдига аниқ вазифалар қўйилган. Бу жиҳатлар, албатта, масаланинг аҳамияти нечоғлик долзарб эканини  англатади.

Шу билан биргаликда, айни масалада кенг жамоатчилик, айниқса, маҳалла янада фаол бўлиши лозим. Чунки, ўсмир вояга етадиган муҳим жой бу – маҳалла. Ота-она фарзанди тарбиясига бефарқ қараяптими, таълим муассасаси ўз вазифасини лозим даражада бажармаяптими, юк маҳаллага келиб тушади. Маҳалла огоҳ бўлса, уларга ўз вақтида керакли тушунтириш бера олса, керак бўлса, қандайдир таъсир чораларини  қўллай билса, бу ҳудудда ёшларнинг жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этишига сабаб қолмайди. Бунинг учун маҳаллада ҳуқуқ ҳам, ваколат ҳам, имконият ҳам бор. Фақатгина фаоллар масъулиятни тўғри ҳис қилишса, жонкуярлик билан иш олиб боришса бўлгани.

Мисол учун, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан, ҳар бир қишлоқ ёки маҳалла фуқаролар йиғини қошида яраштириш, маърифат ва маънавият, ижтимоий қўллаб-қувватлаш,  хотин-қизлар билан ишлаш, вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт, тадбиркорлик фаолияти ва оилавий бизнесни ривожлантириш масалалари бўйича ва бошқа шу каби комиссиялар фаолият олиб бормоқда. Эътибор қилиб қарасангиз, бу комиссияларнинг ҳар бирининг вазифаси қайсидир томондан ёшлар тарбияси билан боғлиқ. Масалан, яраштириш комиссиялари ўз ишини лозим даражада бажарса, ҳудудда ажримларнинг олди олинади. Натижада оилаларда соғлом муҳит ўрнатилади. Ота ёки она меҳридан мосуво фарзандлар бўлмайди. Ёки маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссияни олайлик. Бу комиссия зиммасига маҳалла ҳудудида соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, миллий менталитетимизга зид бўлган турли ғоя ва мафкураларга қарши ёшлар орасида тушунтириш, тарғибот ишларини олиб бориш, миллий урф-одатлар ва уларнинг замирида мужассам бўлган меҳр-оқибат, дўстлик ва тотувликни қадрлаш, тинчлик-осойишталик каби ибратли қадриятларнинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш ва тарғиб этиш каби қатор вазифалар юкланган. Вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссия эса ўз номига мутаносиб тарзда ҳар жабҳада ёшларга маслаҳатгўй, кўмакчи бўлиши, ёшлар орасида соғлом муҳит ўрнатиши лозим. Шунингдек, тадбиркорлик фаолияти ва оилавий бизнесни ривожлантириш масалалари бўйича комиссиялар ҳам ёшларнинг бандлигини     таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш, ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги ёшларга ҳар  томонлама ёрдам бериш каби ишларни амалга оширади.

Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, ҳар лаҳзада маҳалла эътибори ва ишончидан четда эмаслигини ҳис этиб турган, маънан соғлом муҳитда камол топаётган қайси ўсмир жиноят ёки ҳуқуқбузарликка қўл уради. Агар қўл урибдими, демак маҳалла, унинг қошидаги жамоатчилик комиссиялари ўз вазифаларини сидқидилдан адо этишмаяпти. Ўша ўсмир эътибордан четда қолдирилган, тарбиясига вақтида қизиқишмаган, муаммоларидан бохабар бўлмаган.

Тўғри, ушбу комиссиялар жамоатчилик асосида фаолият олиб боради. Аммо маҳалла, унинг тинчлиги, ободлиги, фаровонлиги, айниқса, ёшларининг   соғлом ва баркамол вояга етиши йўлида жон койитишни истаган кишига    бунинг таъсири сезилмаслиги керак. Сезилибдими, демак комиссия таркибига муносиб инсонлар сайлаб олинмаяпти. Аслида маҳалла ёхуд қишлоқ фуқаролар йиғини қошидаги комиссияларнинг ўз таъсир доирасига эга бўла олмаётгани сабаби ҳам ана шунда.

Мухлиса ТАНГРИЕВА,

ИИВ академияси 4-ўқув курси тингловчиси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!