Меню

Қашқадарё

11.02.2020 1449

ТИШ ДАВОЛАШ УЧУН МЎЛЖАЛЛАНГАН ДОРИ ВОСИТАЛАРИ ВА ТИББИЁТ БУЮМЛАРИ НЕГА ТЎХТАТИБ ҚОЛИНДИ?

Назорат ва натижа

Мамлакатимиздаги халқаро аэропортларда "яшил" ва "қизил" йўлакларнинг жорий этилиши божхона чегаралари орқали ҳаракатланаётган фуқароларимизга кўп қулайликлар яратди. Ушбу тизимдан барча жисмоний шахслар фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиб, йўлакларнинг бир-биридан фарқи - олиб ўтилаётган товарларни декларациялаш турида. Яъни, "яшил" йўлак орқали ҳаракатланаётган йўловчи товар ва валюта бойликларини оғзаки, "қизил" йўлак орқали ҳаракатланаётган йўловчи эса товар ва валюта бойликларини ёзма декларациялайди.

Айтиш жоизки, ўтган давр ичида йўловчиларнинг 95-96 фоизи "яшил" йўлакдан ҳаракатланган. Ўз навбатида "қизил" йўлак орқали ўтадиган фуқаролар ҳам белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилишлари талаб этилади. "Қизил" йўлакдан ўтадиган жисмоний шахсда йўловчи божхона декларациясида қайд этилмаган, ёзма равишда декларацияланиши шарт бўлган товарлар борлиги аниқланган ҳолатларда, бундай шахс Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

Яқинда Москва-Қарши йўналишидаги авиарейс билан Қарши халқаро аэропортида парвозини якунлаган ва "қизил" йўлакдан ҳаракатланаётган Жасур Иззатовнинг (исм-фамилия ўзгартирилган) ҳаракатлари божхона ходимларида шубҳа уйғотди. Шундан сўнг унга тегишли қўл юклари рентген қурилмаси ёрдамида божхона назоратидан ўтказилганда, умумий қиймати 4,5 миллион сўмлик, 13 турдаги, 2300 донадан зиёд тиш даволаш учун мўлжалланган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари божхона ходимининг оғзаки сўровида билдирилмасдан ва йўловчи божхона декларациясида қайд этилмасдан ноқонуний тарзда олиб ўтилаётгани аниқланди.

Вилоят божхона бошқармаси ахборот хизматига кўра, ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Амалдаги тартибга кўра, мамлакатимиз ҳудудига дори воситаларини олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 8 июндаги "Дори воситалари ва тиббий буюмларни жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кириш ҳамда олиб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорига мувофиқ амалга оширилади ва унга мувофиқ шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган дори воситаларига белгиланган тартибда ва миқдорда олиб кириш ва чиқишда имтиёзлар белгиланган.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!