Меню

Қашқадарё

02.02.2023 6620

ТИРИК ТУЙҒУ КУРАШИШИ КЕРАК

Сараланган сатрлар

Аҳмад Аъзам асарларида дастлаб кўзга ташланадиган жиҳат соддалик, беғуборлик, киноя ва катта фалсафадир. Кўпларимиз учун одатий, оддий ҳол саналган мавзуни у гўзал ҳикоя ёки новеллага айлантиради. Теран фикрлар, равон услуб сизни ўз оқимида олиб кетади.

Айниқса, ёзувчи вафотидан олдин дунё юзини кўрган кўп китобларида адабий қолипларни йўққа чиқарган, кўникилган анъаналар синдирилган ҳикояларни кўп учратамиз. "Рўё ёхуд Ғулистонга сафар" романи эса адабиётимизда катта воқелик, десак хато бўлмайди.

Шуниям айтиш керак, Аҳмад Аъзам асарлари ҳали кенг кўламда таҳлил ва тадқиқ этилгани йўқ.

"Соясини йўқотган одам". Китоб номининг ўзиёқ ўқувчини маҳлиё қилади. Турли йилларда қоғозга туширилган ва инсон умрининг турли паллаларидан сўзловчи ушбу битиклар қалбга яқин - шу сабаб ўқиб кўнглинг тозаради, яшашга иштиёқинг янада ошади, улкан ишлар қилишга тиришасан.

Бугун ҳукмингизга шу китобдан айрим лавҳаларни ҳавол этамиз. Ишонамиз, вақтингиз беҳуда кетмайди.

*  *  *

Ҳеч эътибор қилганмисиз, уйқудан туриб, кўп қаватли уйнинг айвонигами, ҳовлигами чиқасиз-да, атрофга кўз соласиз, ҳеч қанақа ўзгариш кўрмайсиз, шамол ё булут, қор ёки ёмғир бўлиши, ҳаво айниши мумкин, лекин дунё ўзгармайди, балки ўзгарар, лекин ўзгариши йиллаб, ўн йиллаб чўзилади, одамга билинмайди. Шунақа, мен қараганда ҳам ҳамма нарса ҳамишагидек, ҳатто айвонга чиқишимда ҳам ўзгариш йўқ, кеча ё бир йил олдин қандай қараган бўлсам, шундай қараётган эдим. Лекин, биласизми, шу ҳар доимги муқимликда пинҳона бир ўзгариш бўлсаю сиз буни кўрмасангиз ё ниманидир излаб чиқсангиз-да, шу излаётганингизнинг нима эканлигини англаб ололмасангиз, бир нарсани зўр бериб билмоқчи бўлсангиз-да, шу нарсанинг ўзи нима бўлиши мумкинлигини ҳам билолмасангиз, кўнглингизга омонатлик кириб қолади. Fалати-я? Мен шунга айтяпман, одамнинг мазмуни йўқолганга ўхшаган бир ҳолат деб.

*  *  *

Хемингуэйнинг бир асарида "Офтоб чарақлаб турмаса, матадорнинг сояси йўқ одамдан фарқи бўлмайди", деб ёзилгани эсимда. Яна қайсидир китобда ўқиганман: француз шоирларидан бири, Малларме бўлса керак, балки Рембодир, ўртоғи билан йўлда кетаётиб, соясига қараганда: "Ҳозир шу соямни шолчадек юмалоқлаб, қўлтиғимга олсам, нима дейсан?", деган.

*  *  *

Шкловскийнинг китобида бир хитой роҳибининг туш кўргани, тушида капалакка айлангани, уйғонганидан кейин, ўша тушим тушмиди ё ҳозирги ҳаётим капалакнинг кўраётган тушимикан, деб фарқига боролмай қолганини шеъриятнинг чиройли мисоли сифатида тилга олиб ўтилганини ўқиганман. Лекин уники, униси бўлса ҳам, буниси бўлса ҳам, бари бир, туш.

*  *  *

Мен ҳамма нарсага баҳо берадиган ва ҳамма нарсада ўзини ҳақ деб биладиган одамларни, балки ўзим ҳам шундайдирман, азалдан ёмон кўраман. Ғайрат ака бир кўрсин эди "Одамнинг табиатида йиртқичлик бор, у ов қилиб, ҳайвонларни ўлдириб туриши керак, хусури қонмаса, қонида тажовуз тўпланиб қолади. Урушларнинг олдини олиш йўли шу" деган гапига исботни! Шу одамга ҳайронман лекин: нима гап бўлса албатта битта назария тўқийди! "Дўқ уриш инсон қонида қадим-қадимдан сақланиб келаётган ҳайвониятнинг инъикоси", дейди масалан.

*  *  *

Калла дегани, ҳайкалники бўлса ҳам, елкада туриши керак шекилли, ерда бир ўзи турса, ҳақиқатан ҳам одамга жуда ёмон таъсир қилар экан.

*  *  *

Ростдан, тик турибман, шерикларим тик турибди, қийналиб йилтираётган дарахтлар, пардадек осилиб қолган кўкимтир тутун - ҳаммаси минг йил шундай туради-ю, лекин ўзинг бу дунёга ҳозир трамвайда келиб, унинг деразасидан қараб… ўтиб бораётгандайсан. Уйинг, ота-онанг, ишхонанг, севганинг - фақат хаёлингда бўлган, ўзинг тўқиб чиқарган уйдирмага ўхшаб қоларкан. Карахт бир донолик, фақат ич-ичингда бир афсус, ўзингга бир ачиниш…

*  *  *

Уятчанлик - уятчанликдан уялишдир. Агар ҳамма одамлар бир-бирларига кўнгилларидаги уятли ҳистуйғуларни айта бошлашса, уятчанлик йўқолади. Нега бировлар ўзлари шикоят қилганда уялмайдилар-у, бошқа кишининг шикоятига ғашлари келади?

*  *  *

Ўғри онадан ўғри туғилмайди, уни ўзимизнинг кўнгилчанлигимиз етиштиради. Унинг гуноҳига ўзимиз ҳам шерик.

*  *  *

Ҳамма, ҳамма одам пулнинг йиригини албатта сиртга, майдароғини ичга олиб тахлайди. Қизиғ-а?

*  *  *

Дунёдаги ҳамма катта нарса майдадан улғаяди.

*  *  *

Кеч ётаман-да, кейин эрталаб туришим қийин, эй, худо, яна шу ишга боришим керак, а, деб жойимдан қўзғалгим келмайди, ишёқмасликдан эмас, ҳар куни бориб, ҳар куни бир хил иш қилишдан кўнглим қолган.

*  *  *

Одамнинг мингта таниши бўлади, юзтаси билан сўрашиб юради, лекин ҳақиқий дўсти унча кўп эмас, беш-олтита, борингки, ўнта.

*  *  *

Дўстлик ҳам умрга ўхшайди, орқага қайтмайди.

*  *  *

Бу дунёда юз фоиз бегуноҳ одамнинг ўзи бўлмайди, ўтмишини кавласа, табиий, у-бу гуноҳи топилади, бошқалардан яширгани билан, ўзи билади, кўпи майда-чуйда, вақт ўтиб, эскириб кетган, айтиб, бошқаларнинг вақтини олишга ҳам арзимайди.

*  *  *

Ҳеч шикоят қиладиган жойим йўқ, лекин худди бировнинг умрини ўзимга вазифа қилиб олгандекман, ҳаётим ҳам ишхонага ўхшайди, бировнинг тартиби билан яшаётгандекман.

*  *  *

Университетга зўрға илинганимда, ҳам мен бечора кирдим-эй, деб хурсанд бўлиб, ҳам ўзимга ўхшаган бир бечоранинг ўрнига ўтдим шекилли, деб эзилиб, кейин ўзимни оқлаш учун нуқул бешга ўқиганман. Лекин менинг ўрнимга ўтиши мумкин бўлган ўша бечора мен ўтган тўсиқдан ўта олмаган-ку, ўрнига мен туғилган ўша зўр одам ўзи туғилганда ҳам мен дуч келган тўсиқлардан ўта олмай, мендай ҳам одам бўлмаслиги, катта ишларни қилиш тугул, зўрға кун кўриб юриши ҳам мумкин эди-ку! Ёшлигида қанақа ёрқин умидлар туғдирган одамларнинг қанчаси девор кавагида қолиб кетган!

*  *  *

Дўст одам туғилган кунида меҳмонларнинг қўлига қарамайди, балки, ишқилиб, дўстларимнинг ҳаммаси, жилла қурса, энг яқинлари, ҳеч бўлмаса, бирортаси келса, ёлғиз қолмасам эди, деб йўлга қарайди.

*  *  *

Аслини олганда-ку, оналарга энг яхши совға - уларни ҳеч бир сабабсиз, ҳеч қандай мақсадсиз, касал бўлиши ё қувончли кунини кутиб ўтирмай, ё уларнинг ташвиши ё ўзингизнинг ташвишингизни ўйламай, шунчаки, тўппа-тўғри йўқлаб бориш.

*  *  *

"Ўҳ-ҳў, қанчалар бепоён экансан, Ватан!" - ёздим, қуруқ гап бўлиб қолди; Ватанга қуруқ гап айтиб бўлмас экан.

"Каъбамсан, Ватан!" - деб ёздим, лекин ўзим Ватанимнинг қоқ бағрида - пойтахтида ўтирибман, чор-атрофим - Ватан, унга букилиб сажда эмас, елиб-югуриб хизмат қилишим керак, деб ўйладим.

"Эрка ўғлингман, Ватан", деб ёздим, аммо ёшим қирққа бориб ҳам, ҳалиям боладай эркалик қилиб юрсам, ярашмас-ов, деган андишага бордим.

"Ватан - мен сенинг..." деб ёзаётиб шартта тўхтаб қолдим: боядан бери Ватанни таърифлайман деб, нуқул ўзимни тиқиштиряпман экан; худди Ватан ҳаммамизники эмас, битта меникидек.

Кейин "Ватан - онамиз", деб ёздим, лекин қишлоқдаги онамнинг ҳолидан хабар ололмаганимга икки ой бўлгани эсимга тушиб қолди, онасига бепарво одам, қандай қилиб Ватан - она ҳақида оғиз тўлдириб гапираман, деб ўйладим.

*  *  *

- Ишқилиб, уйимда камчилик бўлмасин, болаларим бошқалардан кам бўлмасин, деб қўлингдан келганини қиласан. Хотинингга биров ола қараса, муштумингни тугасан, болангни қўшнининг боласи урса, отланиб чиқасан. Биронта безори уйингга тош отса, аламингни олмагунча тинчимайсан. Тўғрими?

- Тўғри.

- Нима учун Ватан, халқинг учун шундай елиб-югурмайсан.

- …

- Буларга бўлган муҳаббатни кўнглингда авайлаб юришингдан кимга наф? Ахир бунақа бефойда ётган муҳаббатнинг тириклиги қоладими? Муҳаббат меҳроб эмаски, унга сиғиниб, шу билан бурчингни ўтаб юраверсанг. Тирик туйғу курашиши керак. Курашмайдиган муҳаббат - ўлик муҳаббат.

*  *  *

"Тарих - тарихда қолиб кетган ўтмиш эмас, у бизнинг юрагимизда яшайди, бугун биз яшаётган кунлар ҳам авлодларимиз умрида давом этади, ота-боболаримиз ҳаётини унутиб қўйсак, келгусида бизни ҳам эсдан чиқаришади, изсиз ўчиб кетамиз.

*  *  *

Одам ўзини ёмон кўрса ҳам, аллақандай шафқат, аяш, меҳр билан, баъзан эса зўр одамни ёмон кўргандек ҳурмат билан ёмон кўради. Яна ҳам ким билади: кучли одамларнинг ўзини ёмон кўришини, доим ўзидан, ҳаётидан норози бўлишини шу билан изоҳлаш мумкиндир. Лекин кучли одамнинг норозилиги - ҳаракат.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!