Меню

Қашқадарё

10.04.2024 6164

ТИНЧЛИК, ШУКРОНАЛИК, САХОВАТ ВА МЕҲР-ОҚИБАТНИ УЛУҒЛАГАН АЙЁМ

Қадрият

Бу йилги Рамазон ойи юртимиз мусулмонлари учун ўзгача бир тароватда ўтди. Ватанимиз тинч, осуда, халқимиз фаровон ҳаёт кечириб,  ибодатларни бемалол адо этиб келмоқда. Айниқса, бу қутлуғ ойнинг кириб келиши арафасида Президентимиз томонидан "Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида"ги қарорнинг қабул қилингани  халқимиз хурсандчилигига яна хурсандчилик қўшди.

Қарорда "Мурувват, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни улуғловчи ушбу фазилатли ойда кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, қабристонларни ободонлаштиришга қаратилган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор берилсин", дейилган ва айни муборак Рамазон ойида бундай эзгу амаллар ҳажми янада кенгайди. Кексалар, беморлар, ота-она меҳридан бебаҳра қолган болалар ҳолидан хабар олиш борасидаги ишлар қамрови ҳам ортди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси ва иштироки билан мамлакатимизда меҳнат фахрийлари, нуронийлар, кам таъминланган оила аъзолари иштирокида ифторлик уюштирилди. Ифторлик вақти дуолар ижобат бўладиган фурсат экан, ана шу фурсатларда ифторликдан баҳраманд барча зикрда бардавом бўлиб, бу хайру саховатга бош-қош бўлганлар ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.

Рамазони шариф хайру-эҳсон, мурувват ойидир. Шуни назарда тутган ҳолда бу йилги Рамазонда вилоятимиздаги масжид имом-хатиблари ҳам ҳомийларни жалб этган ҳолда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга, мурувват уйига,  меҳнат фахрийларига моддий ёрдамлар кўрсатишди. Улар аҳолининг кам таъминланган қатлами, хусусан, ногиронлиги бор шахслар уйларида ифторлик дастурхони ёзиб, кўнгилларини кўтаришга ҳаракат қилишди. Ҳадиси-муборакда: "Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади. Бу билан рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас", дейилади. Бу ифторликлар билан зарур озиқ-овқат маҳсулотлари муҳтож оилаларга улашилгани кўплаб хонадонларга қувончу шодлик олиб кирди. Бу эса катта ажр-савобларга сабаб бўлди. Зеро, ҳадисда: "У  (Рамазон) ойда ким бирор-бир нафл амал қилса, бошқа ойда фарз амални адо қилган билан тенг бўлади. Кимда-ким бу ойда бирорта фарз амални адо этса, бошқа ойда етмишта фарз амални адо қилган билан тенг бўлади", дейилган.

Муҳтож кишиларга ёрдам бериш катта савоб ишлардандир. Бу ҳақда ҳадисда: "Бир биродаримнинг ҳожатини (раво қилиб) юришим мен учун мана бу масжидда (Масжиди Набавийда) бир ой эътикоф ўтиришдан яхшироқдир. Ким биродарининг ҳожатини раво қилиб бергунигача у билан бирга юрса, Аллоҳ уни қадамлар тойиладиган кунда қадамини собит қилади" (Имом Табароний ривояти).      

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси моҳи Рамазон кунларида ҳам кенг қамровда давом этиб, вилоятимиздаги диний ходимлар ҳам бу лойиҳада фаол иштирок этишди. Улар томонидан вилоятимиздаги масжид, қабристон, зиёратгоҳ ва қадамжойлар ҳудудида 15 мингдан ортиқ мевали, манзарали дарахт ва гул кўчатлари экилди.

Диний соҳада бўлаётган ислоҳотлар натижаси ўлароқ бу йилги Рамазон ойида вилоятимиздан уч юзга яқин фуқаролар Умра зиёратига боришди. Улар Умра зиёратини амалга оширар эканлар бу муборак кунларда Ватанимиз, халқимиз ҳақига хайрли дуолар қилишди. 

Рамазон ойида вилоятимизнинг барча масжидларида таровеҳ намозлари ўқилди. Таровеҳ намозларида хатми Қуръонлар қилинди. Бугунги кунда тинч-осуда мамлакатда яшаётганимизга  шукр қилиб, Қуръон каримни ўқиш ва таровеҳ намозларида тинглаш инсонга ҳузур бағишлайди. Муборак ҳадисларда: "Аллоҳнинг китобидан бир оят тинглаган кишига кўплаб савоблар ёзилади, Аллоҳнинг китобидан бир оят тиловат қилган кишига қиёмат кунида нур бўлади" дейилади. Бу йилги Рамазон ойида хатми Қуръонлар юртимиздаги барча масжидларда бир кунда бошланиб, бир кунда тугади. Бинобарин, мамлакатимиз мўъмин-мусулмонлари диёримизнинг қайси бурчагида бўлишмасин ўттиз пора Қуръони каримни тўлиқ хатм қилиш бахтига муяссар бўлдилар. Шунингдек, хатми Қуръонлар Рамазоннинг муборак кечаларида бўлиши, дуолар ижобат бўладиган фурсатларда бутун юртимиз миқёсида мўъмин-мусулмонлар масжидларда йиғилиб дуойи хайрлар қилишлари бу юртимиз тинчлиги, халқимиз фаравонлиги, фарзандларимиз камоли, бир сўз билан айтганда, нимаки яхши тилаклар бўлса, уларнинг ижобати боис бўлиши, шубҳасиз.

Куни кеча мамлакатимиз Президентининг "Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида"ги қарори эълон қилиниб, бу байрамни кенг нишонлаб, халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларига уйғун ҳолда ўтказиш таъкидланди.

Шундай экан, Рамазон ҳайитини ҳамма байрам қилиши керак. Бу кун мотам тутадиган, қайғурадиган фурсат  эмас. Исломнинг устунларидан бири - муҳтожлар ҳам қутлуғ кунни муносиб нишонлай олиши учун закотни айнан шу кунларда бериш ҳам мақбулдир.

Ҳайит кунлари инсонлар бир-бирларини бу муборак кун билан қутлаб, ота-онаси ва устозларини зиёрат қилиб, уларнинг дуолари олинади. Узоқлашиб кетган қариндошлар йўқланади, айрим хато ва камчиликлар туфайли бир-бирларидан гина-кудурат қилиб юрган кишилар ярашадилар. Чунки  силаи раҳмни узган ёки гина-кудурат қилиб юрган кишиларга ҳайит кунларининг фазилати татимайди. Барча мусулмонлар бу кунларда болаларни хурсанд қилишга алоҳида эътибор қаратишади.

Халқимиз орасида файзу барокат, меҳру муҳаббат, хайру саховатни зиёда қиладиган ҳайит кунларининг шукуҳи қалбларимизни сира тарк этмасин. Барчаларимизга Рамазон ҳайити муборак бўлсин! 

Раҳматилло  УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!