Меню

Қашқадарё

19.02.2021 1971

ТИНЧ ПАЙТДА ҲУКМДОРЛИКНИ ЯХШИ ЭПЛОЛМАГАН ОДАМ ХАТАР КЕЗЛАРИ АЙНИҚСА КЎП ҚОҚИНАДИ

Сараланган сатрлар

Биз яшаётган бу кўҳна заминда не-не воқеа-ҳодисалар, жангу жадаллар кечмаган, дейсиз. Бир вақтлар гуллаб-яшнаган шаҳарлар бугун қум барҳанлари остида мангуликка юз тутган... Биргина вилоятимиздаги Ерқўрғон харобаларини олиб кўрайлик. Қарши шаҳри ёшини 2700 йил этиб белгилашда асосий омил бўлган бу кўҳна ёдгорлик ҳақида нелар маълум бизга? Умуман, Ватанимиз тарихида милоддан аввалги минг йиллик воқеалари силсиласида массагетлар маликаси Тўмариснинг Эрон шоҳи Кир II қўшинини енгиб, форс ҳукмдори бошини қон тўла мешга ташлаши билан боғлиқ маълумотлар юнон тарихчиси Геродот асарлари орқали аён бўлса, форсларнинг яна бир подшоҳи Доро I қўшинини саҳрога алдаб олиб чиқиб, қирилиб кетишига сабаб бўлган Широқ жасорати Полиеннинг "Ҳарбий ҳийлалар" китобидан маълум. Шу холос. Орадан бир неча ўнлаб, юзлаб йиллар ўтганки, бошқа тарихий воқеалар хусусида айтарли ҳеч нарса билмаймиз. Чунки аниқ тарихий манбалар йўқ.

Эҳтимол эшитган чиқарсиз, бундан 2100 йил аввал Хитойда ҳукмронлик қилган Хань сулоласи ҳукмдорлари юртимиз ҳудудига бостириб кирган. Уларнинг асосий мақсади Довон (Фарғона) давлатининг "самовий отлар"ини қўлга киритиб, шу орқали Ғарб давлатларини бўйсундириш, Буюк ипак йўлини тўлиқ назорат остига олиш бўлган.

Хитой императори У-ди милоддан аввалги 138 йили Довонга ўз айғоқчиларини юборади. Улар ҳудудга келиш йўллари, қўшин таркиби, жанг қилиш усуллари ҳақида етарли маълумотлар тўплагач, кенг миқёсли ҳужум бошланади. Довонга ҳужум тафсилотлари Хитой тарихчиси Сима Цяннинг "Тарихий қайдномалар китоби" асарида баён этилган. Мухтасар айтганда, биз икки минг йил илгариги тарихимизни Хитой манбалари орқали билишга мажбурмиз.

Аммо бадиий сўз санъати ҳам борки, тарихий манбалар, фактлар асосида воқеалар занжирини бир-бирига улаб, кенг китобхонлар оммаси эътиборига ҳавола этиш мумкин. Иқтисод фанлари доктори, ёзувчи Манноп Эгамбердиев (1928-2009) "Сариқ аждар ҳамласи" романида Хань сулоласининг Довонга босқинини тарихий далиллар асосида бадиий ифода этади.

Аввало, асар номи хусусида. Биламиз, хитойликлар қадимги аждодларининг буюк хаёли сариқ аждарни сув мўллиги ва ҳосилдорлик рамзи тариқасида яратган. Қадимги Шарқда бўлгани сингари, Хитойда ҳам қурғоқчил ва серсув, қиши иссиқ ва совуқ, ҳосилдор ва камҳосил йилларнинг ўн икки йил мобайнида даврий такрорланишини билишган. Бу йилларнинг ҳар бири қайсидир ҳайвон учун қулай бўлган. Бора-бора у йилларни ҳайвонлар номи билан атай бошлаганлар. Шу тариқа сичқон, мол, йўлбарс, қуён, аждар, илон, от, қўй, маймун, товуқ, ит ва тўнғиз йиллари келиб чиққан.

Энг серсув йилни хитойликлар тошқин дарёларда жавлон уриб юрадиган баҳайбат махлуқ - аждар йили деб атаганлар. Аждар йилида, одатда деҳқонлар мўл ҳосил кўтарганлар, чорвадорлар подаларини серўт яйловларда боққанлар... Шу тариқа сариқ аждар хитойликлар тасаввурида бахтли ҳаёт рамзи сифатида ўрнашиб қолган.

Ҳукмронлар эса халқнинг сариқ аждарга бўлган меҳридан ўз империяларини кенгайтириш, ҳокимиятни мустаҳкамлаш ва сулола шуҳратини кўтариш мақсадида фойдаланишади. Қўшинлар байроғига сариқ аждар тасвири туширилганда, эгнига ҳарбий либос кийдирилган ханликларни яқин ва узоқ мамлакатларга юбориш осон бўлишини билганлар.

"Сариқ аждар ҳамласи"да аждодларимизнинг беқиёс жасорат намунасини, ватанпарварлиги, она юрт тупроғини кўзга суртгани тасвирларини кўрамиз. Чунончи эрта баҳор Довонга юборилган 60 минг аскар ва қўшинга хизмат қилиб борган 40 мингга яқин ханликдан қишга яқин Дуньхуанга 5 мингдан ортиқроққина киши қайтиб кетади!

Муаллифнинг ўзи таъкидлагани каби "Хань босқинчиларини муқаддас она тупроғимиздан қувиб юборишда мислсиз шижоат кўрсатган фидокорлар, довюрак, баҳодир ота-боболаримиз, биби-момоларимиз биздан жуда узоқ, тасаввур этиб бўлмас даражада узоқ кишилар эмас!" Чунки бир асрда ўртача уч авлод умр кечиради деб ҳисобласак, йигирма бир аср мобайнида атиги 62 авлод ўтган, холос!

1984 йилда Москвадаги "Воениздат" нашриётида "Тень желтого дракона" номида 100 минг нусхада рус тилида чоп этилган асар собиқ иттифоқ мудофаа вазирининг дипломи билан тақдирлангани ҳам бежиз эмасди.

Китобни ўқиркансиз, қанийди Тўмарису Широқ, Жалолиддин Мангубердию Амир Темур ҳақида ҳам шундай асарлар ёзилса эди, деган ўйга борасиз. Чунки адиб шунчалик кўп факт тўплаб, уларни шу қадар тизимли маржонга терганки, ўтмиш воқеалари кўз олдингизда яққол намоён бўлаверади.

Ўтмишимизнинг кўпларга маълум бўлмаган қирраларидан бохабар бўлишни, аждодларимизнинг жанг усуллари, ҳарбий тактикалари билан танишишни истасангиз, "Сариқ аждар ҳамласи" романини ўқиб чиқинг.

* * *

Тарих қаърига қанча ичкари кирилса, у ўшанча нари узоқлашади.

* * *

Гап маълумотларни тўплашда эмас, уларнинг мағзини чақишда, ишга энг зарур хулоса чиқара билишда! Хулосалар ичидан ҳам асосий, етакчи хулосани ажрата билиш керак! Аммо бунга ҳар ким ҳам муяссар бўлавермайди! Ўз иродасини бошқаларга ўтказа олишнинг бош омили ҳам мана шунда-да!

* * *

Ажабо! Ҳатто шу ерда ҳам, абадий зимистон қоронғиликда ҳам одамлар ҳаётни севишган, гўзалликка интилганлар, дид ва меҳрлари, ижодкорлик хусусиятларини йўқотмаганлар-а!

* * *

...инсон ишонч орқали ҳар қандай тўсиқни енгиб ўтишга қодир!

* * *

Улуғ шахс ҳар қандай ишда ҳам ўз донолиги, топқирлиги билан ҳаммани қойил қолдирар экан!

* * *

Ғалаба мағлубиятни, мағлубият ғалабани тайёрлайди.

* * *

Томирлардалигида ўзаро кушандалик уйғотган инсонлар қони сойга қуйилгач, нифоқсиз, иноқ оқяпти! Сойдаги бу қоннинг қайси улуши ханликларникию, қайси улуши довонликларникилигини фарқлаб бўлмасди. Нечук бу қон томирлардалигида муросасозлик қилмасайкин?!

* * *

Кент атрофини ташқи-ички деворлар билан ўраб, мустаҳкам қалъа қурган бўлсалар ҳам, шаҳарнинг мудофаа сирларини тажрибали душманнинг ўткир кўзларидан яширинадиган даражада ниқоблай олмаганлар! Эҳтимол, улар вақти келиб шундай эҳтиёж туғилиши мумкинлигини хаёлларига ҳам келтира олмаган бўлсалар керак. Эҳтимол, қадимги довонликларнинг шаҳар қуришдаги тутумларида ҳарбий заруриятни ҳисобга олишдан кўра кўпроқ гўзалликка интилиш - кентни кўм-кўк қир бағрига, жўшқин сой қирғоғига, чаманзор қучоғига ўрнатиш зарурати ҳукмронлик қилган бўлса керак! Ҳа, ҳар соҳада бўлганидек, кентлар, қишлоқлар барпо этишда ҳам довонликлар ота-боболар изидан боришиб, юксак дидлилик кўрсатишган!

* * *

Баъзан тасодиф инсоннинг шахсий ҳаётидагина эмас, балки бутун бир халқ тақдирида ҳам катта роль ўйнаши мумкин.

* * *

Тинчлик пайтида ҳукмдорликни яхши эплолмаган одам хатар кезлари айниқса кўп қоқинар экан.

* * *

Салтанатнинг айшидан кўра кулфати кўпроқ.

* * *

...текис йўлда отнинг кучини синаб бўлмайди.

* * *

...инсон доимо, айниқса, ҳаёт-мамот курашида беназир фазилат - ўзига ишончдан маҳрум бўлмаслиги даркор.

* * *

Ёмон қилиқ юқимчил бўлади.

* * *

Ҳамма замонларда    муайян давр учун мақбул ахлоқ мезонлари мавжуд бўлиб, мамлакат киборлари, ҳатто мутлақ ҳокимлари ҳам ўша мезонлардан ташқари чиқолмайдилар, мазкур мезонлар айрим кимсалар ҳаётидагина эмас, бутун-бутун давлат ва жамиятлар қисматида ҳам сезиларли из қолдиради.

* * *

"Арзимаган нарса билан ўлиб кетмаслик керак! Яқин ўртада одамларга наф етказиб ўлиш имкони келади сенгаям, ана унда бошқа гап!"

* * *

Жанг қилувчи томонлар одатда ғаними ҳолдан тойишини кутади. Нодонгина кучли душманига чамасиз, таваккал ташланади!

* * *

Ҳарбий маҳорат алломаларининг фикрича, жангдаги ташаббус - ғалаба омилларидан биридир.

* * *

Балқиб турган бу қуёш тагида ҳеч бир нарса буткул янги эмас!

* * *

Эчкидан кўра шайтоннинг суратини чизиш осонроқ, деб бекорга айтмаганлар. Ҳеч ким ҳеч қачон шайтонни кўрмаган, бинобарин, у қандай тасвирланса, ўшандай экан, деб қабул қилинаверади. Эчкини эса ҳамма кўрган, билади. Унинг шохини ўрни сал бошқа жойдароқ қилиб чизиб кўр-чи!

* * *

"Энг яхши натижанинг яхшиси - душман қўшинини жангсиз енгиш. Сўнг, жанг қилишнинг энг маъқул усули - ёв режасини барбод этиш; ундан кейинги жойда - ёвнинг бошқалар билан иттифоқини йўққа чиқариш, ундан ҳам сўнгги жойда - душман қўшинини тирқиратиб юбориш. Энг ёмони - шаҳарларни қамал қилиб туриш!"

* * *

Урушда энг олдин қўрқоқ ўлади!

* * *

Одам қаттиқ нафратланганда бақувватлашиб кетади!

* * *

Қандай айб кишининг ўтмишда кўрсатган хизматларини, қилган ҳар қандай буюк ишини ювиб юбора олади? "Юртга хиёнат қилиш!" жавоб қайтарди Нишон ўз саволига ўзининг аччиқ тажрибасидан келиб чиқиб.

* * *

"Агар юз минг кишилик қўшин оёққа  турғизилса, минг ли масофага юриш бошласа... йўлда қаттиқ ҳорийди... етти юз минг хонадон тирикчилигидан чалғийди... халқнинг мол-мулки ўндан еттига камаяди".

НАСРИДДИН тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!