Меню
Қашқадарё
“ТИЛСИЗ ЁВ”ГА ЁН БЕРМАЙЛИК
Шаҳрисабз туманидаги 88-сонли умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган тадбир ҳам ёшлар ўртасида ёнғин хавфсизлиги қоидаларини кенг тарғиб этишга қаратилди.
Тадбирда туман ЁХБ инспектори, сержант Акбар Раҳматуллаев ўқувчиларга содир этилаётган ёнғинлар, уларнинг оқибатлари, бу ҳолатга сабаб бўлган омиллар ҳақида маълумот берди. Уйдаги электр энергияси ва табиий газ ёрдамида ишлайдиган маиший техника жиҳозлари билан муомалада бўлганда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги, қандай эҳтиёткорлик чораларини кўриш зарурлиги ҳақида тўхталиб ўтилди. Ўт ўчириш техникалари намойиш этилиб, улардан фойдаланиш борасида тушунчалар берилди.
- Мактабимизда ҳозирги кунда 1587 нафар ўқувчи таълим олаяпти, - дейди ушбу таълим муассасаси директорининг маънавий-маърифий тарбия ишлари бўйича ўринбосари Фазлиддин Муҳаммадиев. – Албатта, уларнинг ҳар бири кундалик ҳаётда ёнғин чиқариши мумкин бўлган воситалар билан муомала қилади. Ўйлайманки, бугун ўқувчиларимиз ёнғинларнинг олдини олиш, бу борада қандай талабларга амал қилиш бўйича етарли тушунча олишди ва эндиликда янада эҳтиёткорроқ бўлишади.
Ж.ҚИЛИЧЕВ
Суратда: тадбирдан лавҳа.
С.НАРЗИЕВ олган сурат.