Меню
Қашқадарё
ТИЛ БОР ЭКАН, МИЛЛАТ БАРҲАЁТ
Ҳокимият ва бошқарув органлари вакиллари, кенг жамоатчилик, тилшунос олимлар, ижодкорлар, талаба-ёшлар, ҳарбийлар жам бўлган тадбирда она тилимизнинг шаклланиш тарихи, ҳаётимизда тутган ўрни ва аҳамияти, шу билан бир қаторда "Давлат тили ҳақида"ги Қонун талаблари бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар ва уларнинг олдини олиш бўйича фикрлар билдирилди.
- Баъзи қонунлар чиқиши билан дарров ишлаб кетади, бироқ тил бўйича қонун имзоланганига 30 йил тўлибди ҳамки, ҳали-ҳануз муаммолар етарли, - деди филология фанлари доктори Нафас Шодмонов. - Президентнинг 2019 йил 4 октябрдаги "Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорини бу борадаги ишлар ривожи учун ўзига хос даъват сифатида қабул қилиш ўринли. Шуни эсда тутиш керакки, тилимизда бундан минг йил олдин "Девону луғатит турк", "Қутадғу билиг" сингари дунё тан олган асарлар яратилган, агар бундай ҳолатни жаҳон миқёсида санамоқчи бўлсак, қўлимиз бармоқлари ҳам кифоя қилади. Демак, тилимизнинг теран илдизларини англаган ҳолда уни ҳурмат қилишни, луғавий бойишини таъминлашни вазифага айлантиришимиз зарур.
Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослашган мактаб-интернат ўқувчилари ижросидаги, турли миллат вакиллари ифода этилган чиқишлар, мумтоз куй-қўшиқлар даврага файз улашди.
Тадбир якунида буюк адиб Абдулла Қодирий асари асосида, санъат арбоби Исоқ Тўраев режиссёрлигида саҳналаштирилган, тилимизнинг бой имкониятлари акс этган "Бахтсиз куёв" спектакли йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.
НАСРИДДИН
Суратда: тадбирдан лавҳа.