Меню
Қашқадарё
ТИЛ ҚАНДАЙ БОЙИЙДИ?
Абдурауф Фитратнинг ўзбек тилшунослигида муҳим ўрин тутган хизматларидан бири унинг тил тараққиёти ҳақидаги қарашларидир. Олим “Адабиёт қоидалари” номли адабиётшуносликка бағишланган асарида ўзбек тили луғат бойлигининг тараққиёти масаласига тўхталиб ўтиб, шундай ёзади: “Уч йўл билан тилимизга янги сўзлар киргизишни талаб этмасак, тилимизни бойишдан тўхтатган бўламиз. Булар, янгидан ясаймиз (учғич), ётлардан олармиз (электрик), унутилиб кетган эски сўзларни янгидан киргизармиз (қурултой)”.
Олимнинг назарида, миллий тилни ривожлантиришнинг асосий омилларидан бири ҳар бир тилнинг ўз ички имкониятларидан келиб чиқиб сўз ясашдир. Фитратнинг бу соҳадаги қарашлари бугунги тилшунослик қарашлари билан айнан мос келади. Ҳозирги ўзбек тилида ҳам луғат бойлигини оширишнинг самарали йўлларидан бири ўзбек тилининг ўз ички имкониятларидан келиб чиқиб сўз ясаш ҳисобланади.
Фитратнинг ўзи мисол қилиб келтирган учғич сўзи ана шу асосда ҳосил қилингандир: уч (ўзак, ўзбекча сўз) + -ғич (қўшимча, ўзбекча қўшимча), уларнинг бирикишидан ҳосил бўлган ҳосила - учғич. Тилнинг ички имкониятидан келиб чиқиб ясалган бундай сўзлар тилни бойитади, шу билан бирга, унинг софлигини, тозалигини таъминлайди.
Фитрат тилдаги янги бир ҳодисани тилнинг ўз ички имконияти орқали ифодалаш имкони бўлмаса, у ҳолда бошқа тил атамаларини қабул қилиш кераклигини ҳам уқтиради. Бундай олинма сўзлар ўзбек тили қонуниятларига тўғри келиши керак. Шунинг учун ҳам олим “Тилимиз” сарлавҳали мақоласида жонкуярлик билан шундай ёзган эди: “Ҳозирги сўзларимиздаги арабча, форсийчалардан бир нечаси учун туркча топилмайдур, десангиз тўғридир. Биз ҳам унларни чиқармоқчи эмасмиз. Унларни олурмиз, лекин ўзимизники қилурмиз. Туркчалаштирурмиз”.
Бу билан олим олинма сўзларни ўзбек тилининг фонетик, морфологик, синтактик қонуниятларига мослаштиришни илгари суради. Олинма сўзларнинг айримларини тил қонун-қоидаларига мослаштириш имкони мавжудлиги учун ҳам Фитрат шундай хулосага келган эди. У “қавоиди сарфия“ бирикмасини айнан шу тарзда олган эди. Бу бирикманинг биринчи сўзи “қавоид” - қоида сўзининг кўплиги бўлса, “сарфия” эса морфологияга тўғри келади, сўз бирикмаси таркибидаги бирликлар араб тилининг ички қонуниятлари асосида бириккан. Олим бу бирикмани сарф қоидалари тарзида олади ва тилимизнинг миллий хусусиятларини сақлашга, унинг ички қонуниятларига амал қилишга ҳаракат қилади.
Тилларни тараққий қилдиришнинг учинчи йўли эски сўзларни “қайта тирилтириш”, яъни истеъмолга киргизишдир. Фитрат бу ўринда архаик тарихда ишлатилган сўзларни истеъмолга киритишни назарда тутади. Бу омил тараққиёт таъсирида унутилиб кетган сўзлар билан тилнинг бойишини таъминласа, иккинчи томондан нутқни осонлаштиради ва ёт сўз қабул қилишга эҳтиёж қолдирмайди. Истиқлолга эришганимиздан сўнг қози, ҳоким, туман, вилоят сингари қанчадан-қанча эскирган калом сифатида собиқ шўролар даврида истеъмолдан чиқарилган сўзларга қайта ҳаёт бағишланди ва бугунги кунда улар тилимизнинг кенг истеъмол қатламига кириб улгурди.
Ҳозирги ўзбек адабий тилида шевадан сўз олиш ҳам тилнинг ички имконияти деб қаралади. Абдурауф Фитратнинг бу масалага муносабати қандай эди? Олим “Ўзбек тили қоидалари тўғрисида бир тажриба: Сарф, Наҳв” номли ўзбек тили дарслигининг сўз бошисида бу ҳақда тўхталган ва ўзбек шеваларига ўз муносабатини қуйидагича билдирган эди: “Биламизки, бизнинг шаҳарларимиз юзлаб йиллардан бери араб, форсий адабиётнинг ҳукми остида яшайдир. Шунинг учун бизда шаҳар тили бузулғондир. Тилимизнинг соф шаклини даладағи эл-аймоқларимизда кўра оламиз”.
Олима Муҳаббат Қурбонова Абдурауф Фитратнинг ўзбек тили софлиги учун курашчи сифатидаги фаолиятига юқори баҳо бериб, қуйидагиларни ёзади: “…Бу борада у (Фитрат) ўзбек халқининг буюк мутафаккири Алишер Навоийдан кейин иккинчи ўринда туради. Фитратнинг тилимиз ҳақидаги орзу-армонлари ҳазрат Навоийнинг фикрлари билан ҳамоҳанг...”
Фитрат тилшунос олим сифатида ўзбек тилининг сўз бойлиги, ички имкониятлари, грамматик қоидаларининг тугаллиги жиҳатидан бошқа тиллардан қолишмаслигини ўз асарларида кўп бора таъкидлайди. ХХ асрнинг 20-йиллари бошида республикамизда бўлиб ўтган Тил ва имло қурултойида нутқ сўзлаган олим масалага қуйидагича ёндашган эди: “Тилимиздаги сўз бойлиги, иштиқоқ кенглиги, қоида тугаллиги, сарф-наҳв ингичлари бошқа шарқ тилларидан қолишмас. Бу тўғрида форс тилларини бутунлай кейинга қолдирадир”.
Абдурауф Фитрат бошқа тилларни камситмаган ҳолда ўз тилининг софлиги ва бойлиги учун курашган олим эди. Дарҳақиқат, унинг бу борадаги хизматлари, саъй-ҳаракати Алишер Навоийнинг илмий фаолияти билан тўла маънода ҳамоҳангдир.
Эшпўлат ЖАББОРОВ,
филология фанлари номзоди