Меню

Қашқадарё

12.11.2019 1606

ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИ ШАРАФЛАНДИ

Тадбир

Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан вилоят мусиқали драма театрида байрам тантаналари бўлиб ўтди. Унда  соҳанинг меҳнатда алоҳида ўрнак кўрсатган вакиллари хизматлари  эътироф этилиб, муносиб тақдирланди.

 Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев тиббиёт ходимларини касб байрами билан самимий қутлади.

- Халқимизнинг тиббиёт ходимларига бўлган чексиз ҳурмати ифодаси бўлган мазкур шодиёнанинг ҳам ўзига хос шукуҳи бор, - дея қайд этди вилоят ҳокими ўз сўзида. - Бу байрамда эл саломатлигини сақлашдек масъулиятли ишга ҳаётини, умрини бахшида қилган жонкуяр шифокорларнинг хизматлари эътироф этилади. Президентимиз "Халқ тиббиёт соҳасига қанчалик ишонса, давлатга ҳам шунчалик ишонади. Халқ кўрсатилаётган тиббий хизматлардан рози бўлса - давлатдан, бугунги юритилаётган сиёсатдан ҳам рози бўлади", деб алоҳида таъкидлаб, соҳа вакиллари масъулиятини белгилаб бердилар.

 Таъкидланишича, айни пайтда вилоятда аҳолига 302 та даволаш-профилактика муассасасида тиббий хизмат кўрсатилиб, тизимда 5 мингдан зиёд шифокор ва 28 мингдан ортиқ ўрта тиббиёт ходими меҳнат қилмоқда. Кейинги йилларда 24,7 миллиард сўмлик бюджет маблағлари соҳа ривожига йўналтирилди. Тез тиббий ёрдам хизмати автотранспорти 230 тага етказилди. Тизимдаги даволаш-профилактика муассасаларига жорий йилда дори-дармон учун 58,8 миллиард сўм маблағ ажратилди.

 Биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида тиббиёт олийгоҳларининг 256 нафар битирувчиси вилоятда ўз мутахассислиги бўйича иш бошлади. Бундан ташқари, Россия Федерациясида 22 нафар, Туркияда 3 нафар мутахассис малака ошириб қайтди.

Тадбирда бир гуруҳ тиббиёт ходимларига вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи  ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди.

Санъаткорлар ижросидаги дилтортар куй-қўшиқлар тадбирни янада серфайз этди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

С.НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!