Меню
Қашқадарё
ТЕЖАМКОРЛИК - ФАРОВОНЛИК ОМИЛИ
Таъкидлаш жоизки, катта майдонларда деҳқончилик қилиниши ҳудуднинг сувга бўлган талабини ҳам оширади. Бугунги кунда вилоятимизга бир йиллик суғориш ишлари учун 6,5-7 миллиард куб сув лимити ажратилмоқда. Бу миқдор экин далалари ҳажмига нисбатан олинган бўлиб, суғориш ишлари тўғри ва режа асосида амалга оширилгандагина барча ҳудудларни бирдек таъминлайди. Аксинча, қайсидир далада сув исрофгарчилигига йўл қўйилса, беҳуда сафланса, бошқа бир далада тақчиллик кузатилиши табиий.
Мана шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда сувдан фойдаланиш тизимининг ҳуқуқий асослари яратилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг "Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида"ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисида"ги Низом ва бошқа ҳужжатларга асосан истеъмолчилардан сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сувнинг мақсадсиз истеъмол қилинишига йўл қўймаслик, уни тежаб сарфлаш талаб этилади. Ушбу қоидаларга риоя этмаслик эса жавобгарликка сабаб бўлади.
Шундан келиб чиқиб, деҳқон ва фермер хўжаликлари далаларида суғориш ишлари қизғин тус олаётган айни паллада тегишли ташкилотлар томонидан сувдан оқилона фойдаланиш борасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаяпти. Истеъмолчиларга сув тежамкорлигига эришиш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик бўйича тушунчалар берилмоқда. Шунга қарамай, айрим фермер ва деҳқонлар катта миқдордаги сув ресурсларининг беҳуда сарфланишига сабабчи бўлаётгани ачинарлидир.
Масалан, олиб борилган мониторинг ишлари давомида Қарши туманидаги "Мадина-Диёрбек-Дилбек" фермер хўжалиги мутасаддилари секундига 30 литр сувни 3 кун давомида ҳудуддаги коллекторга оқизиб қўйгани аниқланган. Худи шундай ҳолатга Ғузор туманидаги "Жасурбек", Қарши туманидаги "Муҳиддин ота" фермер хўжаликлари мутасаддилари томонидан ҳам йўл қўйилган. Ушбу исрофгарчиликлар юзасидан далолатномалар тузилиб, фермер хўжаликлари раҳбарларига нисбатан маъмурий жазо қўлланилган.
Унутмаслик керакки, вилоятимиз деҳқончилик учун қулай иқлим шароитига эга бўлиши билан бир қаторда, суғориш тизими энг мураккаб бўлган ҳудудлардан бири саналади. Масалан, мавжуд экин далаларини суғориш учун фойдаланиладиган сувнинг атиги 17 фоизигина ўзимизда жамғариладиган сув захиралари ҳиссасига тўғри келади. Қолган 83 фоизи эса қўшни республикалар, жумладан, 75 фоизи Амударё орқали Туркманистон, 8 фоизи Тожикистон давлатидаги тоғ ва дарё ирмоқларидан шаклланиб, вилоятимиз ҳудудига қадар етиб келади.
Бундан ташқари, дарё сувларининг асосий қисмини экин далаларига етказиб бериш учун насос станцияларидан фойдаланишга тўғри келади. Хусусан, Амударё суви 45 та катта насос агрегатлари орқали катта миқдорда электр энергияси сарфи эвазига 132 метр баландликка кўтарилиб, Талимаржон сув омборига ташланади. Шундан сўнггина уни Нишон, Миришкор, Қарши, Касби, Ғузор ва Косон туманларидаги экин майдонларига бошлаб келиш мумкин. Бу ишларни амалга ошириш учун вилоятдаги сув хўжалиги ташкилотларида 4 мингдан ортиқ ишчи-хизматчилар меҳнат қилишмоқда.
Юқоридаги маълумотлардан ҳам билиб олиш мумкинки, дарё сувларининг экин далаларига қадар етиб бориши давлат бюджетидан жуда катта маблағ, меҳнат ва ишчи кучи талаб этади. Бунинг эса қадрига етиш, истеъмолдан ортиқча сувни увол қилмаслик лозим.
Бугун дунёнинг турли давлатларида сув тақчиллиги глобал муаммолардан бирига айланиб бормоқда. Бунинг ортидан ўша давлатларда қишлоқ хўжалигининг издан чиқаётгани, деҳқончилик билан шуғулланадиган миллионлаб кишиларнинг ишсизлик, қашшоқликка юз тутаётгани маълум. Бу ҳолатлар ҳар биримизни мулоҳазага чорламоғи, сувдан оқилона ва тежаб фойдаланишга ундаши даркор.
Феруз ТОШМУРОДОВ,
вилоят "Сувназорат" инспекцияси мутахассиси