Меню
Қашқадарё
Tesla электромобиллари сотувида рекорд натижа қайд этилди
Tesla компанияси жорий йилнинг учинчи чорагида 343 минг 830 та автомобиль сотгани ҳақида ҳисобот берди. Бу ҳақда TechCrunch нашри маълум қилган. Қайд этилишича, бу компаниянинг бутун фаолияти давомидаги рекорд кўрсаткичдир.
Tesla сотувда юқори натижага эришган бўлсада, компания барибир инвесторлар ишончини оқламади, улар айтилаётган даврда 358 мингтадан 371 мингтагача электромобиль сотилишини кутишганди. Бинобарин, Илон Маскнинг корхонаси ушбу кўрсаткичларга жуда яқин кўринганди, компания 365 минг 923 та автомобиль ишлаб чиқарган, бироқ уларни ретейлер (сотувчи)ларга ўз вақтида етказиб беришни уддалай олмаган.
Ҳисоботда таъкидланишича, ишлаб чиқариш ва сотув ўртасидаги бунчалик катта тафовут логистика муаммолари туфайли юзага келган.
"Бизнинг ишлаб чиқариш ҳажмларимиз ўсишда давом этар экан, логистика учун тиғиз ҳафталарда транспорт воситаларининг сиғими ва ташишнинг мақбул нархини таъминлаш тобора қийинлашиб бормоқда", дейилади компания изоҳида.
Улар, шунингдек, келгусида 2022 йилнинг учинчи чорагида эришилган кўрсаткичдан ўзиб кетиш ниятида эканликларига ҳам ишора қилишган.