Меню

Қашқадарё

01.12.2018 1778

"ТЕРРОРИСТЛАР ҚЎЛИДАМАН" ДЕЯ ЁЛҒОН ХАБАР ЙЎЛЛАГАН ШАХС АНИҚЛАНДИ

Турдимурод Йўлдошев 1993 йилда Ғузор туманида туғилган, маълумоти ўрта махсус, оилали, бир нафар фарзанди бор. У 2018 йил апрель ойига қадар Ғузор туманидаги Машъал қишлоғида яшаган ва кейин турмуш ўртоғи М.Қурбонованинг ота-онаси яшаб келаётган Чироқчи тумани Пахтаобод қишлоғига кўчиб бориб, қайнотасининг яшаш манзилига доимий рўйхатга кирган.

Шу орада отасининг тоби қочгани туфайли Турдимурод 2018 йил 22 ноябрь куни Ғузор тумани Шерали қишлоғидаги, отаси ишлайдиган "Ёш давр" фермер хўжалиги дала майдонига ёрдамга боради. Эртаси куни шу ерда ишлайдиган Жамсиддин исмли йигитга 11 минг сўм бериб, телефон рақамига пайнет орқали пул ўтказиб беришни сўрайди. Жамсиддин пулни айтилган рақамга шаҳардаги пайнет шохобчаси орқали ташлаб, текшириб кўради.

Бироқ бу ҳақда Турдимурод Йўлдошевнинг телефонига SMS келмайди. Шунинг учун у "Билайн" уяли алоқа компанияси оператор рақамига "Шу номерни текшириб беринг", "Телефон қилинг, саволим бор", "Жавоб беринг", "Пул тушмаяпти, нимага уланган бўлса ўчириб беринглар" деган мазмунда хабарлар ёзади. Бироқ уяли алоқа компанияси уларнинг бирортасига муносабат билдиравермаганидан кейин жаҳл устида, оператор қайтиб чиқади, деб ҳисоблаб, кечки соат 21:51 да "Ёрдам. Террористлар қўлидаман" деб SMS жўнатади.

Маълум бўлишича, ўша вақтда абонент ҳисоб рақами 4735 сўм қарздор бўлган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ғузор тумани ички ишлар бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Албатта, мазкур ҳолатда уяли алоқа компанияси иш услубини ҳам оқлаб бўлмайди. Мижозми, унинг талабларини инобатга олиш зарур. Мижоз эса қилаётган иши қандай оқибатларга олиб келишини чуқур мулоҳаза этиши даркор.

Аслиддин НАМОЗОВ,

вилоят ИИБ масъул ходими

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!