Меню
Қашқадарё
ТЕРИ КАСАЛЛИКЛАРИ
Тери пўсти ва асл тери нерв толаларига жуда бой бўлиб, организм билан узвий боғлиқ, у ташқи ва ички муҳитнинг турли таъсирларига жавоб беради ва тананинг мослашув аъзоси ҳисобланади.
Тери касалликларининг келиб чиқиш сабаблари жуда хилма-хил. Боиси у бир томондан ташқи муҳит омиллари билан таъсирланса, иккинчи томондан эса ички аъзолар билан бевосита боғлиқдир. Бурун, ҳалқум, оғиз бўшлиғи ва тишларнинг сурункали касалликлари тери касалликлари ривожланишига сабаб бўлади.
Ушбу касалликлар орасида тери саратони ўзининг келиб чиқиш хусусияти билан алоҳида ажралиб туради. Хўш, бу қандай касаллик ва у хавфлими, деган савол туғилиши табиий.
Тери саратони белгилари тана қопламаларимизнинг ташқи таъсирларга кўп учрайдиган қисмларида учраши мумкин. Бунга, асосан, ультрабинафша ва ионланувчи нурлар, кимёвий бирикмали воситаларнинг таъсири, чекиш, иммунитетни сусайтирувчи препаратлар қабул қилиш, организмнинг генетик мойиллиги кабилар сабабчи бўлади.
Холлар, узоқ вақт битмаётган тери яралари, куйгандан кейинги чандиқлар, қарилик кератози (терининг қуруқлашиб қолиши) ва лейкоплакия (шиллиқ қаватлар юза қисмининг мугузланувчи қават билан қопланиши) кабилар тери саратонига олиб келувчи асосий касалликлар сирасига киради.
Республикамиз қуёшли ўлка. Бизда иссиқ кунлар кўп бўлади. Шу сабабли тери саратони билан касалланиш ҳолатлари кўп учрайди. Бизга маслаҳатга келган беморларимизнинг аксарияти кечикиб мурожаат қилишгани эса даволаш ишларида қийинчилик туғдиради. Бунинг асосий сабаблари ўрганилганда шу нарса маълум бўлдики, мурожаат қилган беморларнинг ярмидан кўпи мутахассисларнинг (айниқса, тери-таносил касалликлари шифокорлари томонидан) нотўғри ташхиси ва давоси боис мутлақо бошқа касалликка қарши даволаниб келишган. Яна айрим беморлар ўтиб кетади ёки ўзи тузалади, деган эътиборсизлик билан юрган. Айримлар эса қайси мутахассисга учрашиш кераклигини билмаган.
Терида пайдо бўлган ўзгаришларга ҳеч қачон бефарқ бўлмаслик керак. Шифокорга учрашиб, пайдо бўлаётган касалликни дастлабки босқичида тўғри ташхис қўйиш орқали даволашга ҳаракат қилиш зарур. Тери саратонининг асосий клиник белгилари қуйидагилар: битмаётган (1 ойдан ортиқ), ўлчами кичик бўлса ҳам ўрта қисми ёки чеккалари нотекис ғадур-будур ўлчамли, ташқи таъсир асосида холлар ўрнида пайдо бўлган, қорамтир ёки қўнғир рангли битмаётган, пастки ёки юқори лаб соҳаси устки қисмида пайдо бўлган, қуруқлашган тери қавати билан қопланган яралар.
Теримиздаги холлар ҳаммамиз учун қизиқ. Баъзилар юзидаги холларини хирургик даволаш усуллари орқали олиб ташлашга ҳаракат қилишади. Кўпчиликда бу келажакда саратон касаллигига олиб келмайдими, деган хавотир уйғониши табиий.
Холлар – гўзаллик тимсоли. Танамизда бор экан, демак, улар ҳам қандайдир муҳим вазифани бажаради. Агар уларга тегинмасак, ҳеч қандай хавф-хатар йўқ. Холларга умуман тиғ теккизиш керак эмас, акс ҳолда салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Бугун айримлар юзидаги холлардан қутулиш учун табиблардан даво ахтараётгани ҳам бор гап. Бироқ бу нотўғри. Тиббиёт ривожланган бир даврда билиб-билмай дуч келган табибга учрашиб, йўқ жойдан касаллик орттириб олиш ҳеч гапмас.
Хуллас, юзда ёки тананинг бошқа жойларида пайдо бўлган холлардан қутулишни истаганлар ёхуд терисида юқорида айтиб ўтилган клиник белгилар пайдо бўлган кишилар зудлик билан онколог мутахассисга маслаҳатга боришлари тавсия қилинади. Ҳеч қачон уй шароитида ўзбошимчалик билан даво муолажаларини ўтказмаслик керак. Касаллик қанча эртачи аниқланиб, тўғри ташхис қўйилса, даво муолажалари натижаси шунчалик яхши бўлади.
Эшдавлат САЛИМОВ, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали бош-бўйин ўсмалари онкохирурги