Меню
Қашқадарё
ТЕРГОВГА ҚАДАР ТЕКШИРУВ ФАОЛИЯТИДА ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАР БОР?
Бу ҳақда Қарши ҳарбий прокуратураси томонидан ўтказилган "Суриштирув институти такомиллаштирилгани муносабати билан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига киритилган ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти" мавзусидаги семинарда айтиб ўтилди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси, Мудофаа вазирлиги, Қарши ва Бухоро ҳарбий прокуратуралари, Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитаси, ИИВ Қоровул қўшинлари бош бошқармаси, Қарши ва Бухоро гарнизонларида жойлашган ҳарбий тузилмалар (бирлашма, қўшилма, ҳарбий қисм, муассасалар) бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари ва терговга қадар текширув ўтказиш юклатилган мансабдор шахслар иштирок этган тадбирда 2017 йил 6 сентябрдаги "Суриштирув институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни мазмун-моҳияти муҳокама этилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги фармони билан тасдиқланган Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар Дастурининг 28-банди ва 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 80-бандига асосан жиноят процессига ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар тўғрисидаги ишлар бўйича судгача ва судда иш юритишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш назарда тутилган.
Шунга кўра, Бош прокуратура томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, шу асосда Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексининг тегишли моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу қонун қабул қилингунга қадар суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатларини ўтказиш механизмлари маълум маънода бир-бирини такрорлар, асослантирилмаган узоқ муддатли жиноий таъқиб қилиш билан боғлиқ сансоларликка олиб келар эди.
- Жиноят кодексида мавжуд 154 та таркибдан иборат ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларнинг фақат 98 таси бўйича судгача иш юритишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилди, - дейди Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси бўлим ҳарбий прокурори, адлия майори Собиржон Ашрапов. - Жиноят ишини айблов далолатномаси билан прокурорга ва кейинчалик тасдиқлаган ҳолда судга юбориш билан тугатиладиган суриштирув кўринишидаги дастлабки тергов муддати бир ой қилиб белгиланди. Мазкур жиноят ишларини судда муҳокама қилиш муддати икки ойдан бир ойгача қисқартирилди.
Шунингдек, терговга тегишлилигини белгилаган ҳолда суриштирувни ўтказиш ҳуқуқи фақатгина тўртта органга берилди: ички ишлар органлари, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент, Мажбурий ижро бюроси ҳамда Давлат божхона қўмитаси. Жиноят-процессуал кодексида белгиланган ҳолларда прокуратура органлари ҳам суриштирув олиб бориши мумкин. Бундан ташқари, 7 та таркибни терговга тегишлилиги бўйича ишни қўзғатган органда қолдириш белгиланган.
Халқаро тажрибани ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки, суриштирув шаклида тергов ўтказиш Россия Федерациясида 93 та, Қозоғистонда 120 та, Беларусда 36 та жиноят таркиблари бўйича амалга оширилади.
Тадбирда, шунингдек, Қарши ва Бухоро ҳарбий прокуратуралари назорати остидаги ҳарбий қисм ва муассасаларда жиноят ҳақидаги ариза, хабарлар ва бошқа маълумотлар кўриб чиқилишининг қонунийлиги, терговга қадар текширув фаолиятида қонун талабларига риоя этилиши, йўл қўйилаётган камчиликлар ҳам муҳокама этилди. Таклиф, фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Б.ЎКТАМ