Меню

Қашқадарё

06.05.2020 1461

ТЕРГОВЧИГА НЕГА ЧОРА КЎРИЛДИ?

Акс-садо

Шу йилнинг 2 май куни интернет тармоғининг “Youtube” видеохостингига “Оёғи ердан узилган терговчи... (Терговчи мансабини суиистеъмол қилдими?)” сарлавҳали видеотасвир жойлаштирилди. Унда Китоб тумани ИИБ тергов бўлими бошлиғи, майор Алишер Муҳаммадиев жарима майдони қоровулига қўнғироқ қилиб, у ерда сақланаётган машинани чиқариб юборишни талаб қилгани ўз аксини топган.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси билдирган муносабатга кўра, Китоб тумани Бўстон маҳалласида яшовчи, жарима майдончасида қоровул бўлиб ишловчи Р.Каримов шу йилнинг 22 апрель куни ЙПХ эксперторлари томонидан ҳужжатларсиз маъмурий баённома тузилиб, жарима майдончасига келтирилган, давлат рақами 70 F 149 NA бўлган “Нексия” русумли автомашинани қабул қилиб олади.

Орадан бироз вақт ўтиб автомашина ҳайдовчиси ўзининг уяли алоқа телефонидан Китоб тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси бошлиғи А.Муҳаммадиевга қўнғироқ қилиб, у билан гаплашишини сўрайди. Туман тергови бошлиғи эса қоровулга автомашинани қўйиб юборишини айтиб, турли қўпол сўзлар билан ҳақоратлайди, қўрқитишга уринади. Ўтказган босими унча таъсир қилмаганигами, ё масалага узил-кесил нуқта қўйиш кўйидами, орадан беш дақиқа ўтиб, Алишер Муҳаммадиев хизмат кийимида жарима майдончасига келиб, қоровулга нисбатан қўпол муносабатда бўлади.

Қоровул ҳам ҳуқуқини биладиганлардан чиқиб қолиб, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Қашқадарё вилояти бўйича бўлими бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилади.

Натижада мазкур ҳолат юзасидан  Китоб тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси бошлиғи Алишер Муҳаммадиевга нисбатан хизмат текшуруви ўтказилиб, интизомий жазо чораси қўлланилди.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!