Меню
Қашқадарё
ТЕПАВАЦНИНГ ИРОДАЛИ ҒАЛАБАСИ
Турнирнинг яккалик баҳси финалида мусобақанинг биринчи рақамли теннисчиси сифатида сараланган исроиллик Дуди Села сербиялик Марко Тепавац билан ғолиблик учун куч синашди. Таъкидлаш жоиз, у ярим финалда тажрибали ракетка устаси Раду Алботни мағлуб этган бўлса, иккинчи ярим финал баҳсида Тепавац белоруслик Илья Ивашкадан 6:4/3:6/7:5 ҳисоби билан устун келди.
Мусобақа финали ўз номига хос шиддатли, кескин ва қизиқарли вазиятларга бой бўлди. Биринчи сетда исроиллик Дуди Села ортиқча қийинчиликсиз 6:2 ҳисобида рақибидан устун келди. Иккинчи сет бошида ҳам унинг устунлиги яққол сезилди. Бироқ Тепавац баҳс ўрталарида ўз иродаси ва маҳоратини намойиш эта олди ва иккинчи сетни 6:3 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилди. Муросасиз кечган ҳал қилувчи сетда ҳам унинг қўли баланд келди – 7:6. Шу тариқа, сербиялик теннисчи бош совринни қўлга киритди.
Мазкур турнирнинг жуфтлик ўйинлари ҳам қизғин баҳсларга бой бўлди. Асосий баҳс – финалда испаниялик Энрике Лопес-Перез ва ҳиндистонлик Жеван Недунчезиандан иборат жуфтлик Дмитрий Попко (Қозоғистон) ва Александр Метревели (Грузия) дуэтига қарши баҳс олиб бориб, 6:1/6:4 ҳисобида устун келди. Эслатиб ўтиш жоиз, айнан мазкур ғолиб жуфтлик ҳамюртимиз Санжар Файзиев ва россиялик Маркос Каловелонис дуэтини мағлуб этганди.
Мусобақалар якунида ғолиблар тантанали тарзда тақдирланди.
Азизбек НОРОВ