Меню

Қашқадарё

06.03.2018 2218

АМИР ТЕМУР ВА АЁЛГА ЭҲТИРОМ

Маълумки, Амир Темур аслзодалар оиласига мансуб, эл-улусда ҳурматли инсонлардан бўлган Тарағай Баҳодир ва Бухоронинг таниқли уламоси ва қозиси Убайдуллоҳ ибн Маҳмуд ал-Маҳбубийнинг қизи Тегинабегим никоҳидан таваллуд топган. Шунга кўра, ўзи ҳам ўғилларини уйлантиришда, қизларини турмушга узатишда аждодларининг никоҳ анъаналарига, падари бузрукворининг насаб дарахтларини тоза ва пок сақлаш керак, деган панду насиҳатига оғишмай амал қилган.

Соҳибқирон ўғил-қизлари ва набиралари тарбиясини давлат аҳамиятига молик иш деб ҳисобларди. Агар оилада ўғил туғилса, қадимий анъанага кўра, уни онаси эмас, бошқа бир малика тарбияларди. Кейин бу масъулиятли ишни мураббий давом эттирар, болакай ундан дунё, табиат ҳақида савод чиқариш, ўқиб-ўрганиш борасида дастлабки сабоқларни оларди.

Соҳибқироннинг суюкли хотини Сароймулкхоним доно, оқила аёл бўлиб, фарзанд кўрмаган бўлса ҳам Шоҳрух Мирзони, Соҳибқироннинг  севимли набиралари Муҳаммад Султон, Улуғбек ва бошқа мирзоларни тарбиялаган эди.

Сароймулкхоним Амир Темур билан унинг турли мамлакатларга қилган ҳарбий юришларда бирга бўлган. Ўта зийраклиги, тадбиркорлиги билан Соҳибқирон ҳарамидаги бошқа маликалардан ажралиб турган, жуфти ҳалоли эҳтиёж сезганда, унга доно маслаҳатлар ҳам бериб турган. Шу жиҳатдан тарих фанлари номзоди Турғун Файзиев келтирган қуйидаги ривоят эътиборга моликдир.

Амир Темур Эронга ҳарбий юриши пайтида Исфаҳонни осонликча эгаллай олмай, шаҳарни қамал қилишга мажбур бўлади. Қамал чўзилиб кетиб, қўшинни озиқ-овқат билан таъминлаш учун маблағ – зарнинг охири кўриниб қолади. Амир Темур Сароймулк-хонимга мактуб йўллаб, хазинадан олтин юборишни буюради. Сароймулкхоним мактубни ўқиб кўриб, унинг орқасига “Улуғ амир, зарингиз тугаган бўлса,  сиёсатингиз ҳам тугадими?” деб ёзиб, чопарга беради. Мактубни ўқиб кўрган Соҳибқирон гап нимада эканлигини фаҳмлаб, муаммони ечиш чорасини кўради. Лашкаргоҳда сўйилиб, истеъмол қилинган қўй, қорамол, от, туя     суяклари йиғилиб, уларнинг қийматлари белгиланади. Сўнгра суякларга  тамға бостирилади. Суяк пулга аҳолидан қўшин учун озиқ-овқат харид қилинади. Исфаҳон шаҳри таслим бўлгач, суяк пуллар тилла пуллар билан алмаштирилади.

Амир Темурнинг иккинчи хотини Улжой Туркон Оға жуфти ҳалоли мўғул истилочилари ва бошқа ғанимларидан дашту саҳролар, узоқ-яқин жойларда яшириниб юрган кезларда, у билан бирга бўлиб, таҳликаю машаққатларни баҳам кўради. Айни пайтда Амир Темур ҳам уни хатарли жангларда омон сақлайди, ҳатто қум саҳросида Улжой Туркон оғани отга миндириб, ўзи пиёда юради.

Опаси Улуғ Туркон Оға эса Темурбек қувғинда юрганида ўз жигарбандини Самарқанддаги хонадонида 48 кун душманлардан пинҳона сақлайди. Синглиси Ширинбека акасининг Амир Ҳусайн билан олиб борган жангу курашларида унга катта ёрдам беради. Амир Темур эл ҳукмдори бўлгач, опа-сингилларининг яхшиликларига жавобан уларга янада кўпроқ меҳр-оқибат кўрсатади. Вафот этганлари учун Шоҳи Зинда мозорида улар қабри устида гўзал кошинлар билан безатилган мақбаралар қурдиради. Самарқандда қурилган энг ҳашаматли жомеъ масжиди эса Сароймулкхонимга аталди.

Маълумки, ҳазрат Соҳибқирон пойтахт Самарқанд ва унинг атрофида бир-биридан гўзал боғлар барпо эттиради. 1378 йилда пойтахтнинг ғарбий тарафида хотини Туман оға учун янги боғ яратиб, уни “Боғи беҳишт” деб атайди. Унинг кичик хотини Тукалхонимга атаб барпо этилган “Боғи Дилкушо” Мовароуннаҳрда энг яхши боғлардан ҳисобланган.

Буюк бобокалонимизнинг аёлларга эҳтироми фақат ўз яқинлари билан чекланмайди. Амир Темур жаноби пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) завжаларига ҳам юксак меҳр-оқибат кўрсатган. Муаррих Низомиддин Шомийнинг гувоҳлик беришича, Дамашқни фатҳ этиш учун кўҳна шаҳарга келганида Пайғамбаримизнинг муҳтарам ҳарамларидан бўлган Умму Салама ва Умму Ҳабиба қабрини зиёрат қилади. Қабрларни ташландиқ ҳолда кўрган Соҳибқирон улар устига мақбаралар қурдириб, атрофини обод қилади. Бундан хурсанд бўлган Дамашқ аъёнлари шаҳарни урушсиз Амир Темурга топширади.

Россия Федерациясининг Троицк шаҳри яқинида Кесене кўли бор. Археологлар бу ерда шарқ усулида қурилган чиройли мақбарада аёл дафн этилганини, уни Дашти Қипчоқда – ҳозирги  Урал тоғлари ястаниб ётган ҳудудда, Тўхтамишхонга қарши ҳарбий юриши пайтида буюк саркарда Амир Темур тиклаганини аниқлашди.

Амир Темур ўз аскарларининг ҳарбий юришлар пайтида ҳам оиласи билан бирга бўлиб, хотин ва бола-чақалари аҳволидан бохабар ҳолда бехавотир жанг қилишлари учун имконият яратиб берган эди. Бу ҳақда испаниялик элчи Клавихо шундай ёзади: “Темур ўз халқини ҳарбий юришга бошлаганида, барча сарбозлар хотинлари, бола-чақалари ва мол-ҳоли билан етиб келишарди. Бутун оила... оила бошлиғи ортидан жангу жадал сари йўлга тушаверарди. Ёш болали аёллар ўз гўдакларини беланчакка солиб, от минган чоғларида эса уни эгар қошига осганча кетаверардилар. Одатда бундай беланчак кенг тасмалар билан осиб қўйилар, шу боис она ҳам, бола ҳам ҳеч қандай ноқулайлик сезмасди. Жанг бўлмаган кезлари аскарлар хизматдан бўш вақтларида одатдаги оилавий ҳаётни давом эттирардилар”.

Темурбек мўғул босқинчиларини юртдан чиқариш учун курашга чоғланган пайтларнинг бирида оз сонли   навкарларини бир қишлоқ хонадонларига жойлаштиради. Шунда сигир етаклаб келаётган аёлни кўриб, ажабланади. Аёл ортидан бориб, у яшайдиган хонадон соҳиби билан гаплашади. Хонадон эгаси унга уйда навкарлар борлиги учун хотинини ёлғиз ташлаб кета олмай, уни сигирни суғориб келишга юборганини айтади. Шундан кейин Темурбек ўз навкарларини одамлар яшайдиган ҳовлиларга жойлаштирмай, улар учун очиқ жойда ўтовлар тиқдиришга буйруқ беради.

Ибн Арабшоҳ “Амир Темур тарихи” асарида ёзишича, Соҳибқирон қўшинида аёллар ҳам кўп бўлиб, мардонавор жанг қилганлар. Жангда найза санчишда, ғанимга қилич билан зарба беришда ва камондан отишда улар моҳир эркаклардан қолишмаган. Афсуски, муаррих мард, довюрак аёл жангчиларнинг исм-шарифларини келтирмаган.

Узоқ Кастилиядан 1404 йил август ойи охирида Самарқандга элчи бўлиб келган Клавихо Темур саройида тўққиз йил олдин Тўхтамиш билан бўлган жанг ҳақидаги ҳикояни эшитади. Амир   Темур Терек дарёсининг душманларга қарама-қарши соҳилида аскаргоҳ қуради. Аскаргоҳ тайёр бўлиши биланоқ буюк саркарда сипоҳийлар билан бирга юрган барча хотин-халажга   дубулға кийиб, совут тақиб, сипоҳийлар қиёфасига киришни буюради. Ўзи эса барча сипоҳийларни отлантириб, душман турган дарёнинг нариги соҳили томон жўнайди. Аскаргоҳ хотин-халаж назорати остида қолади. Улар жангда асир тушган душман сарбозларидан кўз-қулоқ бўлиб туришади. Демак, Соҳибқирон зарур ҳолларда жанг пайтида хотин-қизларнинг ҳам жанговар имкониятларидан фойдаланган.

Муаррихларнинг гувоҳлик беришича, Соҳибқирони акбар аёллар ҳақида ёмон гапиришни тақиқлаб қўйган. Саройда ҳам бирорта одам аёлларга қарши гапиролмасди.

Ўзига бино қўйиб, қўшинларининг куч-қудратига ортиқча баҳо берган  Усмонли турклар ҳукмдори Йилдирим Боязид Амир Темурни очиқ жангга таклиф қилиб, агар рад қилсанг, хотининг уч талоқ, деган. “Темур, - деб ёзади Ибн Арабшоҳ - унинг жавобидан хотинларнинг зикр қилган жойини ўқиб, хотима қилди, чунки хотинларга тил теккизиш катта айб бўлиб, ғоят гуноҳ ҳисобланади”. Йилдирим Боязиднинг Амир Темур билан жангда енгилиб, боз устига унга асир тушиб, шармандаи шармисор бўлганлиги тарихдан маълум.

Боязид харамида оврупалик икки насроний канизак бор эди. Боязид таслим этилиб, тутқунликда яшашга мажбур бўлгач, ҳазрат Соҳибқирон иккала канизакни ҳам озод қилади. Темур ҳузурига уни ғалаба билан қутлаш учун испан қироли Генрих III элчилари келганида, улар билан Муҳаммад Кешийни Испанияга элчи қилиб юборади. Муҳаммад Кеший икки насроний канизакни ўзи билан бирга олиб кетиб, уларни қирол ихтиёрига топширади.  Шу мисолнинг ўзи ҳам буюк бобокалонимизнинг аёлларга нақадар ҳурмат билан қарагани, уларни эъзозлаганидан дарак беради.

Соҳибқирон ўз фарзандлари ва набираларидан жуфти ҳалолларини ҳурмат қилиб, тинч-тотув турмуш кечиришни, уларга нисбатан ножўя хатти-ҳаракатлар қилмасликни, бу борада оила анъаналарига риоя этишни талаб қилган. Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида Мироншоҳ билан содир бўлган нохуш воқеа ҳақида ҳикоя қилинади. 1399 йилда Мироншоҳ отдан йиқилиб, боши қаттиқ лат ейди ва мияси зарарланади. У ичишни бошлайди, нард ўйнашга берилиб кетади. Оқибатда ҳокимлик вазифаларини бажаришга бефарқ бўлиб қолади. Ўз жуфти ҳалоли Хонзода бегимга ҳам муносабати ўзгариб, уни сабабсиз уришиб, сўкишгача бориб етади. Бундай адолатсизлик ва ҳақоратларга чидай олмаган Хонзода бегим Табриздан Самарқандга келиб, унинг устидан қайнотаси Амир Темурга арз қилади. Соҳибқирон бу нохуш хабарни эшитиб, Эрон сари йўлга чиқади. Рай ва Шаҳриёрдан ўтганда, Мироншоҳ отасини кутиб олади, аммо Соҳибқирон унга илтифот кўрсатмайди. Унинг буйруғи билан ўтказилган тафтиш Мироншоҳ хулқи, юриш-туришида ҳокимга хос бўлмаган номаъқул хатти-ҳаракатлар содир бўлганини тасдиқлайди. Амир Темур Мироншоҳни лавозимидан четлаштириб, уни ёмон йўлга бошлаган одамларни жазолайди.

“Бу ҳодисада диққатга сазовор яна бир нуқта, - деб ёзади таниқли адибимиз Пиримқул Қодиров. – Амир  Темурнинг ўз келини Хонзода бегимга, умуман аёл зотига мардона бир ишонч ва эҳтиром билан муносабатда бўлганлигидир”.

Аёлни, онани ардоқлаш ва қадрлаш, ҳурматини жойига қўйишдан иборат Темур ва Темурий қадриятлар мустақиллик йилларида янгича мазмун билан бойиди. Истиқлолга эришган давлатимизнинг бош майдони – Мустақиллик майдонида қад ростлаб турган бахтиёр она монументи халқимизнинг оналарга бўлган чексиз ҳурматининг беқиёс тимсолидир. Юртимизда хотин-қизларнинг давлатни бошқариш, таълим-тарбия ишлари, тадбиркорликда фаол иштирок этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.

2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, хотин-қизларнинг жамият ҳаётида фаоллигини янада ошириш, оилани мустаҳкамлашга қаратилган кўламли ислоҳотлар  амалга оширилмоқда. Бу эса хотин-қизларга ҳурмат ва эҳтиром миллатимизнинг азалий қадрияти, давлатимиз сиёсатининг муҳим мезонларидан бири эканлигининг далилидир.

 

Мўмин АЗИЗОВ, тарихчи-журналист

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!