Меню

Қашқадарё

15.11.2019 2082

ТЕМУР ВОРИСЛАРИ ЖАҲОНГИРЛИК МАЙДОНИДА НЕГА МЎҒУЛЛАР СИНГАРИ БАХТЛИ БЎЛА ОЛМАДИ?

 Мутолаа учун тавсия

Ўрта Осиё халқларининг энг қадимги тарихига оид дастлабки маълумотлар юнон, Рим ва Хитой тарихчилари асарларида ёзилган. Улар орасида "Тарих отаси" дея ном олган юнон тарихчиси Геродотнинг "Тарих", Хитой муаррихи Сима Цяннинг "Тарихий хотиралар" асари муҳим ўрин тутади.

Геродот милоддан аввалги 484-425 йилларда яшаб, кўп юртлар қатори Бобил, Сурия ва Қора денгиз соҳилларидаги мамлакатларни кезиб, "Тарих" асарини ёзган. Ундан Эрон ва Турон халқлари ҳақидаги маълумотлар ҳам жой олган.

Геродотнинг фикрича, Ўрта Осиёда қадимдан сак, массагет, хорасмий, суғд каби ўтроқ ва кўчманчи халқлар яшаган, геометрия, қонуният, қуроллар ва ёзув маданияти Шарқдан тарқалган. Форсларнинг сак-массагетларга (Кир II ва Тўмарис жанги) қарши юришлари, Ўрта Осиё халқларининг юнон-форс урушидаги иштироки ёритилган. Қадимий юртимизнинг географик тузилиши, сув танқислигига оид муаммолар, Доро I Аҳамонийлар давлатини 20 та сатрапликка бўлиб бошқаргани, уларнинг учтаси, яъни Бақтрия, Суғдиёна ва Марғиёна Ўрта Осиёга тўғри келиши, улар Доро I га солиқ тўлаб тургани баён қилинган.

Муаррих Ўрта Осиёда олтин ва мис кўплиги, аммо темир камлиги, массагетларнинг Қуёшга сиғиниши, олов ёқиб атрофида рақс тушишни ёқтириши, уларда маишат ва бадмаст бўлиш одати борлиги, Тўмариснинг ўғли Спаргамис ҳам шу тариқа Кир қўшинларига асир тушганини ёзиб қолдирган. Спаргамис орияти келиб ўзини ўзи ўлдиргани, Тўмарис жангда Кирни ўлдириб, калласини одам қони тўлдирилган чарм мешга солиб қўйгани ишончли далиллар асосида кўрсатиб ўтилган.

Милоддан аввалги II-I асрларда яшаган Хитой тарихчиси Сима Цяннинг "Тарихий хотиралар" асарида ёзилишича, Марказий Осиёнинг қадимий аҳолиси туркийлар бўлган. Ўрта Осиёнинг жанубий чегараларида форсийлар яшаган. Асарда Қанғ давлати ва Кушон салтанати, хунлар ва улар билан бўлган урушлар ҳақида айтилган. Аксарият тарихий манбалар Хитой императорлари Турон ерлари ва табиий бойликларига эгалик қилиш орзусида яшаганидан далолат беради.

Юртимизнинг қадимги тарихига оид асарлар орасида Кастилия (Испания) қироли Генрих III элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг "Самарқандга, Темур саройига саёҳат кундалиги. 1403-1406 йиллар" асари ўз ўрнига эга. Клавихонинг сафари Амир Темурнинг 1402 йилда Испанияга Хожа Муҳаммад қози бошчилигида йўллаган элчилигига жавобан қилинган эди. Асар биринчи марта 1582 йили Испаниянинг Севилья шаҳрида "Буюк Темурнинг ҳаёти ва фаолияти" номи билан чоп этилган.

Тарихчи олим Бўрибой Аҳмедовнинг эътироф этишича, Англия, Франция, Испания, Византия сингари давлатлар  ҳукмдорлари Амир Темур ҳузурига ўз элчиларини доимий равишда юбориб турган. Кастилия қироли Генрих III нинг элчиси дон Пелагия де Сатоматир ва дон Фердинанд де Паласуное 1402 йили Темур Қорабоғда турганда унинг ҳузурига келишган ва ўша йилнинг 20 июлида Амир Темур билан Боязид Йилдирим қўшинлари ўртасидаги қирғинбарот урушнинг гувоҳи бўлишган. Улар Амир Темур зафар қучишини қўллаб турган ҳамда ғалабадан кейин уюштирилган катта зиёфатда иштирок этганлар.

Клавихо асарини 1403-1406 йиллари Туркия, Эрон, Мовароуннаҳрда бўлган вақтда, йўлларда, Амир Темур саройида кўрган ва эшитган хотиралари асосида ёзган. Асарда Темур қўл остидаги мамлакатлар ва улар аҳолисининг аҳволи, Ҳиндистон, Хитой, Олтин Ўрда, Мўғулистон ва бошқа давлатлар билан ўзаро муносабатлари ёритилган. Шу вақтларда барпо этилган қасрлар, бинолар, мадрасалар ва бозорлар ҳақида маълумотлар берилган. Темур саройида бўлган тартиб-қоидалар, Соҳибқирон оиласи ва уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни, савдо-сотиқ, нарх-наво, чорвачилик ва деҳқончиликнинг аҳволи ҳақида фикр юритилган. Сароймулкхоним, Хонзодабегимларнинг юқори мавқеи, кийиниши ва қимматбаҳо тақинчоқлари, хотин-қизларнинг элчилар билан мулоқотлари таърифланган.

Клавихо маҳаллий халқни чиғатоийлар деб атаб, ёзади: "Улар - меҳнатсевар, моҳир чавандоз, камон отувчи мерган, умуман, урушда сабот-матонатли халқ. У борига қаноат қилиб, нонсиз [биргина] сут ва гўшт билан ҳам кун кечираверадиган, гўштли ва гўштсиз овқат билан ҳам тирикчилик қилишга ўрганган халқ. Иссиқ ва совуққа, очлик ва ташналикка чидамлиликда жаҳондаги бошқа элдан саботлироқ ва чидамлироқ халқ. Борида гўштни ҳаддан ортиқ истеъмол қилади, йўғида сувга қатиқ қўшиб қайнатиб ичиш билан кифояланади". Назаримизда, Клавихо айрон ва чалопнинг ёзда ташналикни қондирувчи энг яхши ичимлик эканлигини билмай ўтибди.

Асарда жойлар ва шахслар номларида хатоликлар учрайди. Амир Темурнинг ёшлигида молу от ўғирлаб қароқчилик қилгани, оёғидан жароҳат олиб чўлоқ бўлиб қолиши ҳолати ва Чиғатойнинг Самарқанд аҳолиси томонидан ўлдирилгани бошқа манбаларга, ҳақиқатга зиддир. Шундай бўлса-да, Клавихонинг "Кундаликлар"и юртимиз ва халқимиз тарихини ўрганишда аҳамиятга эга.

1832-1913 йилларда яшаган венгриялик шарқшунос олим Ҳерман Вамберининг "Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи" асари тарихий-илмий манбалар, муаллиф ўзи кўрган ва эшитганлари асосида ёзилган.

Ҳерман Вамбери инглиз, немис, француз, лотин, венгр ва рус тиллари билан биргаликда турк, ўзбек, араб, форс тилларини ҳам яхши билган. Ислом дини қонун-қоидаларини бир яхши уламо даражасида ўрганган, Ўрта Осиё тарихидан бохабар бўлган. Тарих, тилшунослик, география ва адабиётшуносликка оид асарлар ёзиб, Венгрия фанлар академиясининг мухбир аъзоси этиб сайланган. Истанбул ва Теҳрондаги инглиз элчихоналари вакиллари билан яқин алоқада бўлган.

Ҳерман Вамбери 1863 йилда Ҳаж зиёратидан қайтаётган ҳожилар карвонига дарвеш сифатида қўшилиб, юртимиз тарафларга келган. Бу вақтларда ўзини туркиялик ҳожи Рашид афанди деб таништирган. Вамбери Туркистонга қилган сафаридан мақсадини "...шу муборак тупроқда мангу ором топган азиз авлиёлар мозорини зиёрат этмоқдир" деб айтган.

Маълумки, бу пайтда бир томондан Россия, иккинчи тарафдан Англия Ўрта Осиё давлатларига кўз тиккан эди.  Англия ҳукумати Ҳерман Вамберига   49 йил мобайнида нафақа тўлаб, Ўрта Осиё мамлакатлари ҳақида ёзган асарларини чоп эттирган. Шу сабабли айрим тарихчилар Ҳерман Вамберини инглиз жосуси ҳисоблашади.

Асарда Ўрта Осиё мамлакатлари тарихи, уларнинг ўзаро ва Россия билан муносабатлари, ҳарбий қудрати, стратегик йўллари, илм-фани, одамлари, табиий бойликлари, чорвачилик ва деҳқончилик, сув хўжалиги ва ўша даврдаги сиёсий-иқтисодий аҳволи ҳақидаги маълумотлар баён қилинган. Хиванинг гўзал қиёфаси, баланд бино ва миноралар билан бирга қашшоқ аҳолининг кичик ҳовлилари ва тўкин-сочин бозорлар таърифланган. Амударёнинг суви ширинлиги, Хоразм қовунлари Ер юзининг ҳеч бир жойида топилмаслиги мақталган.

Ҳерман Вамбери Бухоро амирлигининг қадимги даврларидан Россия томонидан босиб олинишигача бўлган тарихни ишончли манбалар асосида ёритиб берган. Асарда Ўрта Осиёга ислом дини кириб келиши, бу ўлка темурийлар салтанати таназзулигача Мовароуннаҳр деб аталгани, салжуқийлар, мўғуллар, темурийлар, аштархонийлар, шайбонийлар ва манғитлар сулоласига оид муҳим маълумотлар мавжуд. Муаллиф Амир Темур, Исмоил  Сомоний, Шайбоний, Абдуллахон ва бошқа тарихий шахслар фаолиятига ҳаққоний баҳо берган. Ўрта Осиёдаги мамлакатлар ва халқларни Европа халқ-давлатларидан қолоқ ҳисоблаган.

Вамберининг эътироф этишича, Чингизхоннинг Ўрта Осиёга юриши катта қирғинлар ва вайронагарчиликларга сабаб бўлган. Боязид туркманларнинг қорақуюнлилар хонадони (Темурнинг азалий душмани) билан яқин бўлиши Амир Темур ва Боязид ўртасидаги урушга сабаб бўлган. Хитой ҳукмдорининг хати ва элчисининг Темурни йиллик хирож тўлаб туришга кўндирмоқчи бўлгани Хитой сари юришга сабаб бўлган.

Амир Темур саройида иш юритиш туркий бўлиб, Темур ислом дини уламолари ва эшону шайхларга катта ҳурмат билан қараган.

Асарда "...Темур ворислари жаҳонгирлик майдонида ўзидан олдин ўтган мўғуллар сингари бахтли бўла олмади" дейилган. Чунки чингизийлар Чингизхон ўлимидан кейин ҳокимиятни аҳиллик билан бошқаришда давом этишган бўлса, темурийлар Амир Темур ўлимидан кейин ҳокимият учун ўзаро урушларни дарҳол бошлаб юборишган. Валиаҳд Пирмуҳаммад ўрнига тахтни Халил Султон эгаллаб олган.

Вамбери "ўзбек" атамасини Жўжи авлодлари - Ўзбекхон, Абулхайрхон ва Шайбонийлар билан боғлиқ қилиб кўрсатган. Шайбонийхонни ислом динига эътиқодли, туркий, форсий ва арабий тилларда шеърлар ёзган, маърифатли қалам соҳиби сифатида таърифлаган.

"Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи" асари юртимиз ўтмишига оид бошқа манбалар билан таққослаб ўқилса, баҳсли ва қарама-қарши масалалар юзасидан асосли, тўғри хулоса чиқади.

Абдишукур ОМОНОВ

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!