Меню

Қашқадарё

30.10.2020 1955

ТЕМУР FОРИ, ТЕБРАНУВЧИ ТОШЛАР, ШАРШАРА ВА ТАРИХИЙ ОБИДАЛАР

Тарағайнинг туристик жозибадорлигини оширади

Ҳисор тоғ тизмасининг ғарбий қисмидаги Амир Темур ғори ҳақида эшитмаган одам кам бўлса керак. Бу ғорни бориб кўрганлар эса у қадар кўп эмас.

 Табиатнинг улкан мўъжизаларидан бири саналмиш ушбу ғор денгиз сатҳидан 2500 метр баландликда жойлашган бўлиб, айтишларича, бу ерни бир вақтлар Соҳибқирон Амир Темур сипоҳлари бошпана тутиб, катта жангларга тайёрланишган. Эътиборлиси, бу жойдан теварак-атроф яққол кўзга ташланиб туради ва тўсатдан душман ҳужум қила олмаган. Ғор тўрида кўл бўлиб, ёғингарчилик кўп бўлган йиллари сув сатҳи 2-2,5 метргача кўтарилади.

Чироқчи туманидаги Тарағай, Лангар қишлоқлари яқинида эса Амир Темур номи билан боғлиқ иккинчи ғор жойлашган. Мазкур ғор жуда улкан бўлиб, 50 метрлар юрилгач, уч томонга йўл кетади, бироқ ҳеч ким бу йўлларнинг охирига етмаган.

Умуман олганда, ушбу масканлар нафақат юртимиздаги, балки чет эллик сайёҳлар қизиқишини ошириши, ҳайратига сабаб бўлиши шубҳасиз.

Аҳамиятлиси, Чироқчи туманидаги Тарағай қишлоғида ғордан ташқари тебранувчи тошлари билан машҳур Сийпантош ёдгорлиги, Лангар ота зиёратгоҳи, шаршаралар, қадимий масжид ва бошқа диққатга сазовор масканлар бор. Кўриниб турибдики, Тарағайнинг туристик имкониятлари юқори, сайёҳлик бўйича фаолият ўзини оқлайди.

Шуни ҳисобга олган ҳолда "EKFO GROUP STROY" МЧЖ томонидан кичик Амир Темур ғори тарафгача чўзиладиган узунлиги 1,5 километр тоғ дор йўли лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармасидан маълум қилишларича, тадбиркорга дор йўлининг 500 метргача бўлган қисми учун давлат томонидан 1 миллиард сўм субсидия ажратилиши тушунтирилган. Ўз навбатида сайёҳларни қабул қилишга ўнлаб меҳмон уйлари ҳам барпо этилиши кўзда тутилмоқда.

- Тарағай қишлоғининг туристик салоҳияти жуда юқори, - дейди   бошқарма бошлиғи Нўъмон Райимқулов. - Бу ерда сайёҳларни 3 кун ва ундан ортиқ муддатга олиб қолиш мумкин. Тоғ дор йўли, туристик мажмуа ва соғломлаштириш маркази ҳудуд жозибадорлигини янада ошириши табиий.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!