Меню

Қашқадарё

28.02.2017 1592

ТЕМУР ДАВРИДА ДЕҲҚОНЧИЛИК

Бу даврда Мовароуннаҳр ва Хуросонда ер мулкчилиги тўрт хил шаклда бўлган: мулки девоний – давлат ерлари, мулк – хусусий ер эгаларига тегишли экин майдонлари, мулки вақф – мадраса ва масжидлар тасарруф қилган ерлар ва мулки жамоа – жамоа, аҳоли ерлари. Деҳқончилик қилинадиган ерларнинг каттагина қисмини мулки девоний, яъни давлат ерлари ташкил этган. Бу ерлар суюрғол тарзида беклар, амирларга тортиқ қилинган. Экин экиладиган ер майдонларининг иккинчи асосий қисмини хусусий мулклар эгаллаган. Бу ерларнинг катта қисмига маъмурий, ҳарбий ёки диний арбоблар эгалик қилишган ва айрим ерлар 300 қўшга тенг ҳисобланган. Вақф ерларидан келадиган даромад мадрасалардаги мударрис ва талабаларни қўллаб-қувватлашга, шифохоналарни таъминлашга сарфланган. Деҳқончилик қилинадиган ерларнинг муайян қисми аҳоли ерлари бўлиб, бундай майдонлар қишлоқ жамоасининг умумий мулки саналган.

Темур ва унинг ворислари салтанатида зироатчилик равнақ топиб, бу касб эгалари айрича эъзозланган. Манбаларда келтирилишича, ўша даврда ер эгалари деҳқонлар, экин майдонларига ишлов берувчилар эса музорийлар деб юритилган. Улар зироатчилик билан шуғулланиб, қишлоқларда яшовчи аҳолининг меҳнаткаш табақасини ташкил этган. Музорийларнинг тўрт гуруҳи бўлган: давлат ерларида ишловчилар; мулкдорлар ерида ишловчилар; ўз ерига эга бўлганлар ва вақф мулкларида ишловчилар.

Музорийларнинг давлат, мулкдорлар ҳамда вақф ерларида ишловчи уч табақаси ёлланиб ишловчилар бўлиб, уларнинг ҳосилдан оладиган улуши ер эгасининг керакли уруғлик, иш қуроллари ва ҳайвонларини бериш-бермаслигига кўра белгиланган. Шу билан бирга, музорийларнинг давлат олдида ўз мажбуриятлари бўлган ва улар бу талабларни бажариб, солиқларни тўлаб боришган.

Деҳқончилик ерларида музорийлар асосан ғаллачилик, сабзавотчилик ва полиз экинлари етиштириш билан шуғулланган. Боғдорчиликка алоҳида аҳамият қаратилиб, хилма-хил мевали дарахтлар экилган, кўпайтирилган. Бундан мақсад мамлакат аҳолисини ёз ва кузда тармева (ҳўл, янги узилган мева), қиш ва баҳорда эса мевақоқи билан таъминлаш эди.

Амир Темур нафақат деҳқончиликка, балки унинг асоси ҳисобланган суғориш ишларига ҳам катта аҳамият қаратган. Бўш ётган ер майдонларининг обод қилиниши, ариқ, коризлар қурилишини бевосита рағбатлантирган, қўллаб-қувватлаган. Шундай ишга қўл урган тадбирли кишиларни ҳатто давлат солиқларидан озод қилишни буюрган. “Темур тузуклари”да шундай маълумотларни ўқиш мумкин:

“Яна амр этдимки, кимки бирон саҳрони обод қилса, ёки кориз қурса, ё бирон боғ кўкартирса, ёхуд бирон хароб бўлиб ётган ерни обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нарса олмасинлар, иккинчи йили раият ўз розилиги билан берганини олсинлар, учинчи йили қонун-қоидасига мувофиқ хирож йиғилсин”.

Ободонлаштириш, экин майдонларини бўш ётган хароба ерлар ҳисобига кенгайтириш, шу орқали мамлакатда тўкинликни, бозорларда арзончиликни, мўл-кўлликни барқарор сақлашга Соҳибқирон давлатида муҳим вазифалардан бири дея қаралган. Бу ҳақда “Тузуклар”да шундай дейилади:

“Хароб бўлиб ётган ерлар эгасиз бўлса, холиса (яъни давлат даромадлари ва ерлари билан шуғулланувчи олий мансабдорлардан иборат ҳайъат) тарафидан обод қилинсин. Агар эгаси бўлса-ю обод қилишга қурби етмаса, унга турли асбоблар ва керакли нарсалар берсинлар, токи ўз ерини обод қилиб олсин. Яна амр қилдимки, хароб бўлиб ётган ерларда коризлар қурсинлар, бузилган кўприкларни тузатсинлар, ариқлар ва дарёлар устига янги кўприклар қурсинлар, йўл устидаги ҳар манзилгоҳда работлар қурсинлар”.

Темур ва темурийлар даврида деҳқончиликнинг асоси бўлган суғориш тармоқлари ривожланди. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришларича, ХИВ аср охири - ХВ аср биринчи ярмида Мовароуннаҳр ва Хуросонда дарё ва сойлардан йирик ирригация тармоқлари чиқарилиб, коризлар қазилди, сув омборлари, ҳовузлар барпо этилди ва шу йўл билан сув танқис бўлган вилоятларнинг сув таъминоти яхшиланади. Биргина Самарқандда  суғориладиган  ерларнинг кенгайиши натижасида биргина туманда зироатчилик билан шуғулланадиган қишлоқлар сони 72 тага етгани давлат томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасига нақадар катта эътибор қаратилганидан далолат беради.

Темурийлар ҳукмронлиги даврида амалга оширилган энг йирик суғориш ишларидан бири Зарафшон дарёсидан бошланган Дарғом анҳоридан чиқарилган Ангор каналининг қайта тикланиши бўлди. Ўша даврдаги энг катта сув тармоғи бўлган мазкур канал орқали Зарафшон дарёси сувининг бир қисми кам сувли Қашқадарё вилоятига ташланган ва воҳамиздаги ерларнинг сув таъминоти бирмунча яхшиланган.

Албатта, бу ишларнинг бари аввало раият манфаатларини ўйлаб амалга оширилган. Эл дастурхонининг бут бўлиши, халқ турмушининг фаровонлашишини кўзлаб амалга оширилган бундай тадбирлар Амир Темур салтанатининг мустаҳкамлиги, ободлигига асос бўлган.

ХУРШИДА тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!