Меню
Қашқадарё
ТЕМИР-ТЕРСАКДАН ХАРИДОРГИР БУТЛОВЧИ ВА ЭҲТИЁТ ҚИСМЛАР
Қарши шаҳридаги "Аллой стил бизнес" масъулияти чекланган жамияти мана 3 йилдирки айни шу йўналишда фаолият олиб бораяпти. Ушбу корхонада тайёрланаётган бутловчи ва эҳтиёт қисмлар, турли деталларга қишлоқ хўжалиги, саноат ишлаб чиқариши ва ободонлаштириш соҳаларида талаб мавжуд.
- Мазкур лойиҳамизни амалга ошириш учун 250 миллион сўм миқдорида тижорат банки кредити ва 110 миллион сўм ўз маблағимизни йўналтиргандик, - дейди корхона раҳбари Сардор Худойбердиев. - Бунинг ҳисобидан чет элдан махсус индукцион печь сотиб олиб келтирдик. Энг сўнгги технология асосида ишловчи ушбу ускуна бир мартада 250 килограмм металл парчаларини 1800 даража ҳароратда эритиш имконини беради. Эритма аввалдан тайёрланган қолипларга қуйилади. Ҳозирги кунда корхонамизда қишлоқ хўжалиги техникалари, ишлаб чиқариш қувватлари, махсус транспорт воситалари учун зарур турли ўлчам ва катталикдаги 50 хилдан ортиқ деталь ва эҳтиёт қисмлар тайёрланаяпти. Ишлаб чиқариш самарадорлиги ва маҳсулот тури йилдан-йилга ошаяпти. 2016 йилда умумий ҳисобда 400 миллион сўмликдан кўп маҳсулотни реализация қилдик.
Ишбилармоннинг таъкидлашича, 12 нафар ишчи меҳнат қилаётган корхона томонидан бугунги кунда ички бозорга таклиф этилаётган деталлар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар рақобатбардош бўлиб, бемалол импорт ўрнини боса олади. Келгусида иқтисодиёт тармоқларида талаб юқори бўлган янги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳам мақсад қилинган. Энг муҳими, бунинг учун барча имконият ва салоҳият бор.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Суратларда:"Аллой стил бизнес" МЧЖ фаолиятидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.