Меню

Қашқадарё

24.11.2020 1791

ТЕМИР ЙЎЛ, ТАҚИР ЕР ВА ЧЎП-ТАЁҚЛАР

Фотофакт

"Хўжакўрсинга иш қилиш" нима дегани? Бу шундай "амал"ки, доим қиладиган ишни "катта"ларга, бошлиқларга ёқиш учун оби-тобида бажаришдир. Мисол учун, ўқитувчи доим зўр дарс ўта оладию, фақат "катта"лар ўрганишга ёки текширишга чиққанида бор маҳоратини ишга солади. Дўхтирнинг қўли енгилу, беморни шунчаки даволаб қўя қолмайди. Қурувчи фақат текширувчилар бор вақти зарур қурилиш ашёларини ишлатади, қолган вақти ўша билган гап...

Хўжакўрсинликни турли шаклда турли соҳаларда кўриш мумкин ва энг ёмони, бундан жамиятга ҳеч қандай наф тегмайди, қуйидаги масъул ўзидан юқори турувчи мансабдорга ёқиб, "очко" ишлаши, мансаб пиллапояларидан дадил илдамлаши мумкин, холос.

Узоққа бормай, шу яқин-ўртадаги воқеаларни олиб кўрайлик. Вилоятимизга Президент ташрифи кутилаётган бир чоғда, давлат раҳбари Қарши туманидаги Абул Мўъийн ан-Насафий зиёратгоҳига бориши мумкин, деган тусмолга кўра, Қарши-Бешкент йўли бўйлаб арча экиб чиқилди. Ҳудуд яшнасин, арчалар кўкариб, одамларнинг баҳри-дилини очиб турсин, дебми? Агар шундай ният бўлганида, бунга аввалроқ ҳаракат қилишарди, ташрифдан бир неча соат олдин, икки оёқ бир этикка тиқилган дамда эмас.

Ўша дарахтлар тутиб кетса-ку яхши, ният қандай бўлганидан қатъи назар ҳудуднинг обод бўлгани қолади. Аммо айрим жойларда кўчатни ерга суқиб қўйиб, унинг кейинги ривожи билан қизиқмасликни қандай изоҳласа бўлади?

Масалан, поезд билан Сурхондарё сари кетаркансиз, Ғузор туманидаги Қоракўл маҳалласида темир йўл изи ёқаларида экилган дарахтларни кўриб, таажжубингиз ортади. Тўғри, муболағали таърифларда юртимиз тупроғига "чўп қадасанг ҳам кўкаради" деган гаплар ишлатилади. Аммо ўша чўпга-да сув қуйиб туриш керак, шунчаки ўсиб кетолмайди.

Аҳоли вакилларининг билдиришича, бу кўчатларни темир йўлчилар қадаб чиқишган.

Ўз-ўзидан савол туғилади: янтоқлар орасида қуриб қолган юзлаб, минглаб дарахтлар кимнинг кўзи учун экилганди ва бунинг учун темир йўлчилар қанча маблағ чиқим қилишди? Аслида-ку ният яхши, бу дарахтлар авж олса, поезд вагонларида узоқ сафарга отланганлар тап-тақир ерни эмас, ям-яшил дарахтларни томоша қилиб боргани минг марта афзал эди. Аммо ҳозирча тақир ерга суқилган чўп-таёқларни кўриб-кузатишга маҳкуммиз.

Умуман, вилоятда турли ҳашарлар, ҳар хил акцияю бало-баттарлар баҳона экиб ташлангану кейин қаровсиз қолдирилган кўчатларнинг изини сўрайдиган биров борми-йўқми?

НАСРИДДИН

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!