Меню

Қашқадарё

26.12.2017 1801

ТЕЛЕФОНДАГИ ЗЎРАВОНЛИК

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига мувофиқ порнографик ҳамда зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотларни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек уни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш каби ҳаракатлар учун кескин жазо чоралари белгиланган.

Бироқ айрим кишилар чет давлатларга ишлаш ёки бошқа мақсадларда бориб, айни шу мазмундаги материаллар билан юртимиз ҳудудига кирмоқчи бўлишади.

Деҳқонободлик Карим Бўронов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам Россия Федерациясига ишлаш мақсадида бориб, Москва-Қарши йўналишидаги 995-сонли авиарейс билан юртга қайтганида, белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилди. Шунда унинг “Samsung” маркали қўл телефони хотирасида мамлакатимизга олиб кириш тақиқланган, қатл саҳналари акс этган, зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи 4 та видеолавҳа борлиги аниқланди.

Яна бир ҳолатда жорий йилнинг 18 ноябрь куни Москва-Қарши йўналишидаги 624-сонли авиарейс билан Қарши халқаро аэропортига келган Сулаймон Умидов ҳам божхона назоратидан ўтказилганда, унинг “Huawei” русумли қўл телефони хотирасида мамлакатимизга олиб кирилиши тақиқланган 1 дона зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи ҳамда 6 дона порнографик мазмундаги видеолавҳа борлиги аниқланди.

Якунда жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг қарори билан К.Бўроновга нисбатан 748 минг 875 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланиб, қўл телефони зарарли тасвирлардан тозаланиб, давлат эгалигига ўтказилган бўлса, С.Умидов томонидан содир этилган қонунбузарлик бўйича божхона текширувлари ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Юқорида номлари келтирилган фуқароларни мавжуд тартибдан бехабар деб бўлмайди, чунки йўловчи божхона декларациясида бу кўрсатилган. Қолаверса, айни йўналишда кўплаб тарғибот-ташвиқот тадбирлари мунтазам ўтказилаяптики, улардан бехабарман, дейиш қуруқ ёлғон, холос.

Жаҳонгир ЭРГАШЕВ,

вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!