Меню

Қашқадарё

19.06.2020 1418

ТЕКИС КЎЧАНИНГ ЎГАЙ ҚИСМИ

Фотонигоҳ

Хабарингиз бор, айни кунларда Қарши шаҳрининг Насаф ва Алишер Навоий марказий кўчаларида катта ҳажмдаги йўлларни таъмирлаш ишлари кетмоқда. Дарҳақиқат, бу йўллар охирги марта қачон таъмирлангани одамларнинг эсидан чиқиб кетгани ҳам бор гап.

Ҳокимлик маълумотига кўра, бугунги кунда Қарши шаҳрида 804 та кўча мавжуд бўлиб, автомобиль йўлларининг умумий узунлиги 756 километрни ташкил этади. Шундан 67 километри вилоят автомобиль йўллари бошқармасига қарашли халқаро, давлат аҳамиятидаги ҳамда умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларидир.

Жорий йилги манзилли дастур асосида эса шаҳардаги 37,58 километр ички йўлларни таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, кўзланган ишларнинг 45 фоизи бажариб бўлинган.

Анча йиллардан бери абгор бўлиб ётган, Насаф кўчасининг "Осиё" бозорига элтадиган йўли таъмирига киришилгани, Мағзон маҳалласидаги ички йўллар таъмирланиб, асфальт қилинаётгани кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлаётганини ҳам қайд этиш керак.

Шаҳарда таъмирталаб яна бир кўча бор. Тўғриси, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига боришдаги Халқлар дўстлиги кўчасини бошидан-адоғигача абгор бўлиб ётибди, деб бўлмайди. Йўлнинг боши ва охири бинойигина, аммо ўртада маълум масофа ўйдим-чуқур бўлиб ётибдики, бу кўча кўркига унча ярашмай турибди, шуни айтмоқчимиз. Қизиқ манзара-да, машинада теп-текис йўлдан кела туриб, бирданига тарақ-туруққа тушиб қолсангизу, 200-250 метрдан кейин яна равон йўлга чиқиб кетсангиз?!

 Йўлсозлар нега бундай иш тутишган, буниси бизга қоронғи, аммо шу жойга ҳам эътибор қаратиб қўйилса, фойдадан холи бўлмасди. Ҳар ҳолда бу ердан болалар шифохонасига ўтиб-қайтадиганлар талайгина. Даво истаб келаётганларни ўйдим-чуқур йўлда яна "ичини тўкиш"га нима ҳожат бор?!

Н.ХЎЖАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!