Меню

Қашқадарё

13.04.2021 2048

ТЕАТРГА 829 МИЛЛИОН СЎМЛИК ЯНГИ ЭКРАН ВА 378,4 МИЛЛИОН СЎМЛИК ПАРДА ЎРНАТИЛАДИ

Янгиланиш

Шу кунларда мукаммал таъмирланаётган вилоят мусиқали драма театри биноси янгилангач, унинг саҳнасида умумий майдони 52 квадрат метрга тенг тўлиқ рангли, ёруғлик диодли экран ўрнатилади.

Маълумотларга кўра, бу йирик экран учта таркибий қисмдан иборат бўлади. Биттасининг катталиги 4 метрга 8 метр, қолган иккитасиники - 5 метрга 2 метрдан. Экранлар видеопроцессорлар ва махсус дастурлар ёрдамида бошқарилади. Бундай дисплейлар анъанавий декорациялардан тўлиқ воз кечиш ёки уларга қўшимча тарзда фон ва визуал тасвирлар яратиш, уч ўлчамли кўриниш тасаввурини ҳосил қилиш, саҳнадаги актёрни йирик планда кўрсатиш ёки спектакль, тадбир мавзусига доир суратлар ва видеолавҳаларни намойиш этиш имконини беради.

Экран ва унинг театрда ўрнатилиши билан боғлиқ хизмат баҳоси 829 миллион сўмни ташкил қилмоқда. Вилоят ҳокимининг шу йил 23 мартдаги қарорига биноан ушбу маблағ вилоят маҳаллий бюджетининг 2021 йилги захира жамғармаси ҳисобидан ажратилиши белгиланган. Шунингдек, айнан шу манба ҳисобидан вилоят молия бош бошқармаси томонидан мусиқали драма театрига саҳна пардалари жамланмасини сотиб олиш учун 378,4 миллион сўм ўтказиб берилиши ҳам назарда тутилган. Экранни харид қилиш бўйича Қарши шаҳридаги масъулияти чекланган жамияти, саҳна пардаларини сотиб олиш бўйича эса Бухородаги оилавий корхоналардан бири билан шартномалар имзоланган.

Шу ўринда эслатиш жоизки, 2018-2022 йилларда давлат театрларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари дастурига асосан Қашқадарё вилояти мусиқали драма театри биносини 2020 йилда мукаммал таъмирлаш учун давлат бюджетидан 7 миллиард 267 миллион сўм ажратилиши белгиланган эди. Ўтган йилнинг июль ойида ушбу объект танловга қўйилганда, бошланғич (энг юқори) нархи 7 миллиард 726,2 миллион сўм миқдорида қайд этилган бўлиб, капитал таъмирлашга 180 кун муддат берилган эди. Театрдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари эса ҳамон давом этмоқда.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!