Меню
Қашқадарё
ТЕАТР РЕПЕРТУАРИ ЯНАДА КЕНГАЯДИ
Болаларнинг таътилни мазмунли ва мароқли ўтказиши учун кўплаб тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Уларда болажонлар учун турли маданий-маърифий тадбирлар, адабий кечалар, спорт мусобақалари ўтказиш, музейлар, истироҳат боғлари, спорт объектларига саёҳат уюштириш кўзда тутилган.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби вилоятимизда ҳам болажонларнинг ёзги таътил вақтида қизиқарли ва мароқли дам олишини ташкил этиш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилаяпти. Хусусан, бу борада вилоят қўғирчоқ театри ижодий жамоаси ҳам қизиқарли спектакль ва дастурлари билан болажонларга унутилмас қувонч бағишлашга жиддий бел боғлаган.
- Ёз мавсумида ўқувчилар таътилга чиққач, маданий ва маънавий ҳордиқ чиқариб, навбатдаги ўқув йилига тайёргарлик кўради, куч тўплайди, - дейди театр директори Ўткир Маҳматқулов. – Шу маънода, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, болажонларни дам олдириш қўғирчоқ театримизнинг жамоасига ҳам боғлиқ масаладир. Биз мавсумни эртароқ, яъни жорий йилнинг 29, 30 ва 31 май кунлари Муллатўйчи Тошмуҳаммедов номидаги вилоят мусиқали драма театрида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ёш томошабинлар учун Каромат Дилмонов асари, Холмурод Сатторов режиссёрлигидаги “Олмахоннинг ёнғоғи” номли саҳналаштирилган эртак-томоша намойиши билан бошладик. 1 июнь куни эса Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғи кириш қисмидаги ёзги саҳнада иккита спектакль – Муҳаммад Очил асари асосидаги “Мақтанчоқ қуён” ва Турдимурод Бердиевнинг халқ эртаклари асосидаги “Қўғирчоқлар куйлаганда” эртак-томошаси болажонлар учун байрам туҳфаси бўлди.
Қайд этиш жоиз, вилоятимиздаги бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ёзги болалар оромгоҳларида болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш ҳамда уларга маданий хизмат кўрсатишни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режаси белгиланган. Унга кўра, вилоят қўғирчоқ театри ижодий жамоаси ҳар навбатда 8 та оромгоҳда, барча навбатларда жами 32 бор болажонлар учун қизиқарли эртак-томошалар намойиш этишади.
- Театр – бу катта китоб, - дейди Ўткир Маҳматқулов. - Айниқса, қўғирчоқ театри болаларнинг беғубор қалбларида эзгуликни ёвузликдан, яхшиликни ёмонликдан ажрата олиш хислатларини уйғотади, Ватанга бўлган меҳру муҳаббатни янада оширади. Буни жойларда намойиш этаётган эртак-томоша ва спектаклларимизни томоша қилган болажонларимизнинг юз-кўзида уйғонган қувонч ва бой таассуротлардан ҳам билиш мумкин.
Айни вақтда театр репертуарида 25 га яқин спектакль мавжуд. Бир-биридан мазмунли ва қизиқарли томошалар орасида нафақат миллий эртакларимиз, балки жаҳон эртаклари ва адабиёти намуналари ҳам мавжуд экани аҳамиятли. Мисол учун, Нгуен Дин Тхининг “Миу номли мушукча”, Б.Орловнинг “Ғаройиб меҳр”, П.Панчевнинг “Тўрт эгизак”, Г.Нахутурашвилининг “Хиёнаткор мастон ёхуд ҳийлагар бола” каби асарлари шулар жумласидан. Мазкур асарлар театрнинг тажрибали режиссёрлари томонидан маҳорат билан саҳналаштирилган.
Яқин кунларда театр репертуари яна иккита спектаклга бойийди. Каромат Дилмонов асари асосида саҳналаштирилган “Дўстлик уйи” ва Холмурод Сатторов режиссёрлигида тайёрланган Мансур Курязовнинг “99 тилло танга” асарлари ёш томошабинлар учун намойиш этилади. Шунингдек, Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғи кириш қисмидаги ёзги саҳнада ҳар ҳафтанинг дам олиш кунлари Қарши шаҳрининг ижтимоий муҳитини янада соғломлаштириш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш бўйича маданий-маърифий тадбирлар режасига кўра, ижодий жамоа бир-биридан қизиқарли спектаклларни намойиш этади. Театр томошаси тарғибот тадбирларида энг самарали воситадир. Шундай экан, ёзги таътил давомида болажонларга тақдим этилаётган ҳар бир спектаклнинг самараси бўлиши шубҳасиз.
Азизбек НОРОВ