Меню
Қашқадарё
ТАСВИРИЙ САНЪАТДА АМИР ТЕМУР СИЙМОСИ
Аммо Амир Темур ҳазратлари ўз суратини чизишни рассомларга тақиқлаган. Соҳибқирон ислом шариатига қатъий амал қилувчи, дину диёнатли инсон эди. "Аллоҳни ёки инсонни тасвирлашдан ўзингизни асранг, дарахтлар, гуллар ва жонсиз нарсаларни чизингиз", дейилган ҳадиси шарифни яхши билгани учун мусаввирларга ўзини тасвирлашга изн бермаган. Ҳолбуки, XIV аср охирларига келиб, академик Г.А.Пугаченкованинг ёзишича, Мовароуннаҳрда тасвирий санъатнинг рангтасвир тури шаклланиб, унинг маркази Самарқанд бўлган эди. Буюк жаҳонгир забт этилган мамлакатлардан олиб келган олиму фузалолар, моҳир усталар, хаттотлар қаторида мусаввирлар ҳам бўлган. Бағдодлик рассом Абдулҳайё Амир Темур буйруғи билан устахона бошлиғи этиб тайинланган.
Академик Г.А.Пугаченкованинг "Среднеазиатские миниатюры" ("Ўрта Осиё миниатюралари") асарида 17 та миниатюра илова қилинган. Улардан иккитаси 1628 йилда Самарқандда кўчирилган Шарафиддин Али Яздийнинг "Зафарнома" асаридан олиниб, Соҳибқирон ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ тасвирдир. Миниатюралардан бири "Темур ва Тўхтамиш аскарлари ўртасидаги жанг" деб аталади. Унда Амир Темур жангни кузатаётган ҳолатда тасвирланган.
Абдуллоҳ Хотифийнинг 1568 йилда ёзилган "Темурнома" асари "Темур қабулида" миниатюраси билан зийнатланган. Соҳибқирон кошинлар билан безатилган айвондаги тахтда ўтирибди. Вақт ўтиши билан Соҳибқирон юзи тасвири ўчиб кетган, бироқ узоқ ўтмишда яшаб ўтган бобокалонимиз сурати аниқ чизилгани эҳтимолдан йироқ. Атрофда гулзор, дарахтлар қийғос гуллаган, гиламда меҳмонлар ўтиришибди, мусиқа асбобларидан ёқимли оҳанглар таралмоқда. Хизматкорлар шароб ва таомлар келтиришмоқда.
"Зафарнома" асарининг турли йилларда кўчирилган нусхаларида ҳам миниатюранинг турли мактабларига оид тасвирий санъат асарлари учрайди. "Амир Темур Мовароуннаҳр тахтида" ва "Балхда қабул маросими" кабилар ана шулар жумласидан. Улардан бири 1436 йилда Шерозда, иккинчиси 1467-1468 йилларда Ҳиротда ишланган.
Ҳозир Балтимордаги Жон Гаррит кутубхонасида "Амир Темур шаҳзодаларни қабул қилмоқда" номли миниатюра сақланмоқда. 22х15 сантиметр ўлчамли бу асар олтин суви юритилган қоғозга сиёҳ билан чизилган. Унда Амир Темур нақшли тахтда ўтирибди. Шаҳзодаларнинг қўлларида турли совға-саломлар. Унда қилич-қалқон, камон, ўқ-ёйлар билан безатилган от ҳам тасвирланган. Маросим боғда, гуллаган дарахтлар, гуллар, кўм-кўк ўтлар оғушида ўтказилмоқда. "Амир Темур қўшинлари Смурна қалъасини забт этмоқда" асари эса Балтимордаги Жон Хопкинс университетига тегишли. У юқорида тилга олинган миниатюрадан бироз кичик. Унда 1402 йилдаги жанг тасвирланган. Бош қўмондон Амир Темур от устида жангга раҳбарлик қилмоқда. Унинг лашкарлари камон, найза, қиличлар билан қуролланган.
Ҳазрат Соҳибқирон сиймосини яратиш Ғарбий Европа тасвирий санъатида ҳам кўзга ташланади. Миниатюралардан фарқли ўлароқ Ғарб мусаввирлари ўз асарларида мойбўёқдан фойдаланишган.
Тарих фанлари номзоди Д.Қурбонованинг гувоҳлик беришича, Париждаги миллий кутубхонада Амир Темур тасвири туширилган тўртта сурат бор. Итальян рассоми мўйқаламига мансуб биринчи суратда Соҳибқирон флоренциялик олижаноб дворян кўринишида тасвирланган. Немис мусаввири улуғ зотни герман императори қиёфасида чизган. Учинчисида инглиз лорди, француз рассоми асарида эса Франция қироли Карл VI га ўхшайди.
Амир Темурдек оламшумул тарихий шахс голланд рассоми Рембрандт Хармес ван Рейн ижодидан ҳам четда қолмаган. Буюк мусаввир кўплаб автопортрет ва портретлар туркумини яратган эди. У Бобурийлар даври ҳинд миниатюраларидан фойдаланиб, Амир Темурни Умаршайх Мирзо, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, унинг фарзанди Ҳумоюн ва невараси Акбар даврасида чизган. Рембрандт бу асарини тасвирий санъатнинг графика усулида яратган. Шундай бўлса-да, унинг ҳазрат Соҳибқиронга бағишлаб чизган сурати тарихий ва бадиий ноёб тасвир ҳисобланади.
Украинада яшаган поляк мусаввири Станислав Хлебовский томонидан 1878 йилда яратилган асар "Боязид Амир Темур тутқунлигида" деб номланган. Тарихдан маълумки, усмоний турклар ҳукмдори Йилдирим Боязид 1402 йил 20 июлда Анқара ёнида Амир Темур билан бўлган жангда енгилиб, асир тушади. Картинада Боязид зиндонда алоҳида ҳужрада худди қафасда яшаётгандек ҳолатда ўтирибди. Уни кўришга Амир Темур келмоқда. Боязиднинг қафасда тасвирланиши, албатта, тарихий ҳақиқатга зиддир. Амир Темур бобомиз маҳбусни қафасга солмаган, аксинча, унга илтифот кўрсатиб, шоҳга муносиб муомалада бўлган. Турк султонининг асир олинган ўғлини озод қилган. Боязид вафот этганида қайғуриб, уни ҳурмат-иззат кўрсатиб, дафн этишни буюрган. Француз олими ва адиби Люсьен Кэреннинг фикрича, душманлар бу билан атайлаб Амир Темур ҳақида салбий фикрлар туғдиришга ҳаракат қилишган. Бунга ишонган айрим тарихчи ва адиблар, шунингдек, рассомлар буюк Соҳибқиронни қора бўёқларда тасвирлашган.
Тарих фанлари доктори Убайдулла Уватов томонидан арабчадан ўзбек тилига таржима қилиниб, 1992 йилда нашр этилган ибн Арабшоҳнинг "Амир Темур тарихи" асарининг биринчи жилди дастлабки саҳифасида Темур бобомизнинг сурати берилган. "Ҳиндистон тарихи" асаридан олинган бу суратни рассом И.Мородан чизган. Суратда ҳазрат Соҳибқирон юз-кўзи кўпроқ ҳинд рожаларига ўхшаб кетади. Кийим-кечаклари ҳам ҳиндларга хос тасвирланган. Узун, чўзинчоқ қора соқол қўйган.
Биламизки, 1941 йил июнида Темур ва темурийлар қабрлари очилган. Собиқ иттифоқ Фанлар Академияси моддий маданият институти илмий ходими, антрополог М.М.Герасимов Амир Темурнинг бош суягини ўрганиб, буюк аждодимиз қиёфаси акс этган бюстини яратади. Унда Соҳибқирон ҳазратларининг юз-кўзи қўрқинчли, салкам ёввойи қиёфада тасвирлаган эди. Ҳолбуки, Амир Темур қай суратда бўлгани тарихий асарларда баён қилинган. Шарафиддин Али Яздийнинг "Зафарнома" асаридан қуйидаги иқтибосни келтирамиз: "Темур гавдаси келишган, узун бўйли одам эди, пешонаси очиқ, калласи катта, овози жарангдор, кучи жасурлигидан қолишмасди, оч қизил ранг жонлантириб турарди, елкалари кенг, қовурғалари узун, мускуллари кучли эди, узун соқол қўйиб юрарди". Соҳибқиронни хушламаган, буни "Амир Темур тарихи" асарида очиқ баён этган араб муаррихи ибн Арабшоҳ эса шундай таърифлаган: "Темур баланд қадли, узун бўйли, тик қоматли, гўё у қадимий паҳлавонлар авлодидан бўлиб, кенг пешонали, катта бошли, ғоятда кучли ва салобатли, ажойиб бўлалик, ранги оқу қизил юзли, лекин доғсиз, буғдойранг эмас, қўл-оёқлари бақувват, елкалари кенг, бармоқлари йўғон, пойчалари семиз, қадди-қомати камолга етган, серсоқол... эди". Кўриниб турибдики, икки муаррихнинг таъриф-тавсифи бир-биридан деярли фарқ қилмайди.
М.М.Герасимов Амир Темур сиймосини ҳақиқатдан йироқ, советлар сиёсати, унинг империячилик, ўз таркибидаги бошқа республикалар халқларига беписанд муносабатда бўлишига асосланган мафкураси талабларидан келиб чиқиб тасвирлагани очиқ-ойдин кўриниб турарди. У бу масалада анча эътироз эшитгани ҳам ҳақиқат. Замондошларининг сақланиб қолган гувоҳликларига қараганда, Герасимов "Амир Темурнинг биринчи марта тақдим этилган сиймосини олий раҳбарлик тасдиқламади, Темур ўзбек, Чингизхон авлоди эканидан келиб чиқиб қайта ишлашимни тавсия қилишди, уни мўғул қиёфасида тасвирлашга мажбур бўлдим", деб бир неча марта айтган.
Мустабид тузум даврида Амир Темур шахсига нисбатан қилинган ноҳақлик ва бўҳтон мамлакатимиз мустақил давлатга айланиб, дунё ҳамжамияти қаторидан муносиб жой олгач, барҳам топди. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллигини нишонлаш тўғрисида тарихий фармон қабул қилди. 1996 йил Амир Темур йили деб эълон қилинди. Бу хушхабар ҳур диёримиз шоиру ёзувчилари, драматурглари, барча ижод аҳлига илҳом бағишлади. Ўзбекистон Бадиий Академияси академиги, Ўзбекистон халқ рассоми, профессор Малик Набиев ҳазрат Соҳибқирон сиймосини яратишни умр бўйи орзу қилиб келганди. Таниқли мусаввир аввало Амир Темурнинг ташқи қиёфаси баён этилган Шарафиддин Али Яздий ва ибн Арабшоҳ асарларига мурожаат қилди. Бундан ташқари, буюк зот мансуб бўлган барлос қавми одамларига хос юз-кўз тузилиши, миниатюра асарларида акс эттирилган темурийлар суратларини ўрганиб чиқди. Ҳозир сизу биз ўқув юртларию идораларда, музейларда, бошқа муассасаларда ҳар куни кўриб турадиган Амир Темур портрети машҳур мусаввир Малик Набиев мўйқалами билан ишланган. Унда самимият ва меҳр тўла нигоҳ, ақл-заковат ва донолик уфуриб турган миллатимизга хос қиёфа яратилган.
Ҳазрат Соҳибқироннинг Тошкентда от устида, Самарқандда тахтда ҳамда Шаҳрисабзда куч-ғайрат ва юксак орзуларга тўла йигитлик даври акс этган муаззам ҳайкаллари Ўзбекистон Бадиий Академияси академиги, Ўзбекистон санъат арбоби, профессор Илҳом Жабборов томонидан яратилган.
1996 йил 18 октябрда Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги нишонланиши муносабати билан пойтахтимиз Тошкентда Темурийлар тарихи давлат музейи очилди. Музейда мамлакатимиз ва хорижий давлатлар рассомлари томонидан чизилган Амир Темур ҳаётининг турли лавҳаларини акс эттирувчи тасвирий санъат асарлари ҳам намойиш этилмоқда.
Улар билан яқиндан танишиш учун 2016 йил кузида музейга бордим. Музей ходими Абдураҳим Мансуров билан бирга музей залларини айландик.
Музей бош залига киришим билан кўз олдимда Амир Темур бобомиз ўз мулозимлари билан ўтказаётган мажлис-машварат тасвирланган улкан деворий сурат намоён бўлди. Бу суратни С.Қорабоев, Т.Болтабоев, С.Камолов, Х.Назаровдан иборат "Санойи нафиса" гуруҳи рассомлари яратишган. Абдураҳим Мансуров мени ҳазрат Соҳибқирон тасвири чизилган йигирмага яқин тасвирий санъат асарлари билан таништирди. Уларнинг деярли ҳаммаси юртимиз рассомлари ижодига мансублиги қувончлидир.
Рассом З.Фахриддиновнинг экспозицияга "Амир Темурнинг Самарқандга кириб келиши" ва "Амир Темур" картиналари қўйилган. Рассом А.Алиқулов ўз асарида Соҳибқирон ва Тўхтамишхон ўртасида бўлиб ўтган жангни тасвирлаган. М.Нуриддинов чизган полотнода Амир Темур давлат рамзи - байроқни қабул қилмоқда. Экспозицияларда портрет жанрига тааллуқли асар ҳам бор. "Амир Темур падари бузруквори Тарағай Баҳодир билан", "Амир Темур Хожа Аҳмад Яссавий билан" каби расмлар шулар жумласидан.
Амир Темур ҳазратлари сиймоси чиннида ҳам акс эттирилган. Чиннисозлик, ҳайкалтарошлик ва рангтасвир бир-бири билан омихта, уйғун ҳолда ишлангани учун ажойиб асарлар вужудга келган.
Дарвоқе, Темурийлар тарихи давлат музейида улуғ саркарда Амир Темур иштирокидаги жанг манзараси қўй терисида тасвирланган картина ҳам бор. Уни рассом Ф.Раҳматуллев моҳирона ишлаган. Рассом-ўймакор З.Ҳайдаров эса буюк аждодимиз суратини тут ёғочига ўйиб тасвирлаган.
Мамлакатимиз ва чет эл тасвирий санъат намояндалари томонидан яратилган ранг-баранг асарлар улуғ саркарда ва давлат арбоби Амир Темурга юксак ҳурмат-эҳтиром ифодаси ҳамда темуршуносликка қўшилган муносиб ҳиссадир. Бу соҳадаги ижодий изланишлар бардавом бўлиши шак-шубҳасиздир.
Мўмин АЗИЗОВ,
тарихчи-журналист