Меню
Қашқадарё
ТАШАББУСКОР БУНЁДКОР ЁШЛАР
“Бунёдкор” ёшлар меҳнат ҳаракати дея ном олган бу йилги ташаббускор гуруҳ аъзолари айни пайтда Қарши шаҳрининг Насаф ҳамда Буюк Турон кўчаларида бунёд этилаётган кўпқаватли уйлар қурилишида иштирок этишмоқда.
– Бу йил олий ўқув юртимизда таҳсил олаётган талабаларнинг 120 нафари ташаббус билан чиқишди, – дейди Қарши давлат университети “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати бошланғич ташкилоти етакчиси Отабек Ғаниев. – Уларни қурилиш объектларига йўналтиришдан олдин талабаларга мутахассисларни жалб этган ҳолда соҳанинг сирлари, ўзига хос машаққатлари, хусусан, хавфсизлик техникаси бўйича йўл-йўриқлар берилди. Олтита отрядга бирлашган талабалар “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан махсус қурилиш кийимлари билан таъминланди.
Таъкидлаш жоиз, Ватан ободлиги йўлида бир дона ғишт қўйиш ҳам эзгу ишдир. Юртнинг чирой очишига, обод бўлишига ҳисса қўшишни ният қилган ёшлар ташаббуси ҳам шуниси билан аҳамиятли.
– Айни вақтда қурилишга ихтисослашган “ММТК-37” МЧЖ ишчилари сафида меҳнат қилаяпмиз, – дейди объектга йўналтирилган отряд етакчиси, университетнинг 4-курс талабаси Жасур Ражабов. – Шаҳримизнинг ободлигига, унинг гўзал қиёфа касб этишига ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан бахтиёрмиз. Бу биз учун фахр. Президентимиз таъкидлаганидек, юртимиз келажаги ёшлар қўлида экан, унинг ҳар қаричини асраб-авайлаб, гўзал ва бетакрор қилиб келгуси авлодга етказиш ҳам асосий вазифамиздир.
Эслатиб ўтамиз, бу йилги “Бунёдкор” ёшлар меҳнат ҳаракати 120 нафар Қарши давлат университети, 120 нафар Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти, 40 нафар Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали талабаларини ўзида бирлаштирган.
Баҳодир ҲАЛИМОВ