Меню
Қашқадарё
"Ташаббус-2019": ЗЎРДАН ЗЎРЛАР ЭЪТИРОФ МАЙДОНИ
Очиғи, рақаму кўрсаткичлар бошқа, кўз билан кўриб билганга, ҳаётда ҳис қилганга ҳеч нима етмайди. Куни кеча Қарши шаҳрида бўлиб ўтган Президент соврини учун "Ташаббус" кўрик-танловнинг ҳудудий босқичи шунга имкон берди. Ўз тумани, шаҳрида энг яхши, дея топилган, ўз навбатида сўнгги вақтда фаолиятида катта натижаларни қўлга киритган тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар қатнашди унда.
Тадбирни ўтказиш учун танланган вилоят мусиқали драма театри шу куни қатнашчи кўплигидан жуда гавжум бўлди. Шундай бўлиши ҳам керак эди аслида. Негаки ўтган йилдан эътиборан кўрик-танлов янги форматда ташкил этилмоқда.
Сир эмас, тадбиркор деса, фақат ишлаб чиқарувчини тушуниб қолганмиз. Натижада хизмат кўрсатиш соҳасида ўзини кўрсатаётган ишбилармонлар илгари муносиб эътироф этилмасдан қолаётганди. Бизнесга эндигина қадам қўйган, танловда иштирок этиб келган ёш ишбилармонларга ҳам ҳадеганда нон тегмасди. Шуни ҳисобга олиб, барчага тенг имконият ва шароит тақдим этиш мақсадида қамров кенгайтирилди.
"Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори" деган алоҳида йўналиш таъсис этилди. Тадбиркорлик йўналишининг ўзи эса икки қисмга - ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларга ажратилди. Шу тариқа, асосий йўналишлар сони 5 тага етказилди. Ҳар бир ҳудуддан 5 тадан талабгор келган бўлса, кўрик-танловда ғолиблик учун кураш олиб борган тадбиркор, ҳунарманд ва фермерлар сони 70 нафардан ошиб кетди. Ҳамма иштирокчи ўз маҳсулотлари ва хизматлари кўргазмасини ажойиб ташкил этишга ҳаракат қилгани бир қарашда сезилиб турди. Асосийси, стендларда ранг-баранглик, бир-бирини такрорламаслик яққол кўзга ташланди.
Тадбирнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, бугун мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини кўтаришга амалда устувор аҳамият берилмоқда. Бу ишлар самарасига холис баҳо бериш учун эса мана шу кўрик-танлов асқатади. Унинг вилоят босқичида қатнашчилар илгари сурган янгиликлар, илғор ташаббусларга ҳам шу яқин орада қўл урилган. Намойиш этилган аксар янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилганига, хизматлар йўлга қўйилганига ҳали кўп бўлмаган.
Масалан, Қарши шаҳридаги "Biss electronics system" корхонаси томонидан истиқболли лойиҳа рўёбга чиқарилиб, бултур вилоятимизда биринчи марта телевизор ва чангютгич каби электротехника маҳсулотлари тайёрлаш қуввати ишга туширилди. Тадбиркорлик субъекти ушбу импорт ўрнини босувчи товар билан ички бозордан ишончли ўрин эгаллашга ҳам улгурди. Корхона мутасаддилари танлов баҳонасида янги режалари билан ҳам ўртоқлашишди. 2020 йилда яна бир харидоргир маҳсулот - кондиционер ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш мақсад қилинган.
Дарҳақиқат, саноат Қашқадарёнинг етакчи тармоғидир. Мазкур жабҳада ҳудуд ҳатто республикада ҳам алоҳида тилга олинишини эслатишга ҳожат йўқ. Аммо ҳали бу соҳада қилиниши керак бўлган иш кўп. Ички салоҳиятдан унумли фойдаланиш зарур. Замонавий технологияларни фаол жалб этиб, муҳим хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлашни ташкил этиш тармоқда сифат ўзгаришлари ясашга хизмат қилади. Аҳамиятлиси, охирги пайтда бундай кўламдор лойиҳалар кўпайган. Асосан хусусий сектор вакиллари бунда ташаббускор бўлиб чиқаётганини қайд этиш лозим.
- Фаолиятимиз бевосита қайта ишлаш билан боғлиқ, соҳада қарийб 20 йиллик тажрибага эгамиз, - дейди Китоб туманидаги "Агромир Китоб" қўшма корхонаси раҳбари Абдужалол Авлоқулов. - Саноатбоп узумдан 6 хил яримфабрикат - виноматериали тайёрлаймиз. Ахир ҳудудда бунга катта имконият мавжуд. Хомашё маҳсулот етиштирувчи кўп. Қувватлар анча эскириб қолгани сабаб ўтган йили модернизацияни амалга оширдик. Италиядан маҳобатли, энергиятежамкор ускуналар олиб келиб ўрнатдик. Оқибатда сифат яхшиланди, самарадорлик ортди. Мавсумда 3 минг тоннагача узумни қайта ишлаш имкони бор. Маҳсулотимиз экспортбоп эканини ҳам таъкидлаш ўринли. 2018 йилда қарийб 350 минг долларлик виноматериалини Россияга экспорт қилган бўлсак, жорий йилнинг шу кунигача бу кўрсаткич 150 минг АҚШ долларига тенг бўлди.
Тадбирда паррандачилик, озиқ-овқат, енгил ва мебель, қурилиш саноати маҳсулотлари ҳам кенг намойиш этилди. Уларнинг ўзига хослиги, турининг кўплиги меҳмонларни ҳам бефарқ қолдирмади.
Вилоят босқичида хизмат кўрсатиш жабҳаси салоҳияти тўлақонли очиб берилмади, десак ҳайрон бўлманг. Чунки танлов ташкилотчилари соҳанинг фаолият йўналишини яхшироқ аниқлаштириб олиши керак кўринади. Акс ҳолда, айрим ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорларни хизмат кўрсатиш сектори вакили сифатида таништиришмасди. Ғолибликка баъзи даъвогарлар ўз кўргазмасида нуқул текстиль маҳсулотларини тақдим этишди. Шунингдек, меҳмонхона ва жойлаштириш, умумий овқатланиш, туризм, транспорт ва логистика, молия ва ахборот хизматлари намояндаларини деярли учратмадик. Хусусий сектор иштироки давлат даражасида қўллаб-қувватланаётган, жадал ривожланаётган мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш тизими тадбиркорлик субъектлари ҳам қуйи босқичларда негадир ўзини кўрсатолмаган, бу ергача етиб келмаган. Бироқ айни йўналишга мос иштирокчилар ҳам оз эмасди.
- Бу босқичда биринчи марта қатнашишимиз, - дейди Косон туманидаги "Мамадиев Ёрқул бобо" хусусий корхонаси раҳбари Асадулло Мамадиев. - 10 йилдан ошибдики, полиграфия хизмати кўрсатиб келамиз. Турли баннер ва пешлавҳаларга ёзув, сурат босамиз. Хизмат тури ҳам кенгайди. Яқинда "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури асосида тижорат банкидан 84 миллион сўм имтиёзли кредит олдик. Цех қуриб, МДФ материалидан безакли лист тайёрлашни йўлга қўйдик. Аҳоли буюртмаси бўйича таъмир ва ўрнатиш ишларини ҳам ўзимиз бажараяпмиз. Барча меҳнат оила аъзоларимиз ўртасида тақсимланган, четдан ишчи ёлламаймиз.
Қайд этиш керак, кўрик-танлов ёш ишбилармонларга ҳам ўзини кўрсатиш, қобилиятини намоён этиш учун ҳар томонлама қўл келди. Ташаббускор ва илғор иштирокчиларнинг кўплиги эса рақобат кучли бўлишини таъминлади. Қизиғи, уларнинг аксарияти ўтган йили ўз мустақил бизнесини бошлаган ёки янада ривожлантирган. "Ёшлар - келажагимиз" дастури бунда ёшларга асосий кўмакчи бўлган.
- Дастур асосида менга бултур тегишли жамғарма томонидан 157 миллион сўм молиявий ёрдам ажратилганди, - дейди Касби туманилик якка тартибдаги тадбиркор Аъзам Панжиев. - Лойиҳам мебель буюмлари ишлаб чиқаришни кенгайтиришни кўзда тутади. Дарҳол амалий ишга киришдим. Қўшимча дастгоҳ ва хомашё харид қилиб, ихчам ва замонавий қувватни ишга туширдим. 2018 йилнинг ўзида 1 миллиард сўмликдан зиёд маҳсулотни реализация қилишга эришдик. Ҳозирда эса боғчалар учун турли ўлчамдаги каравот, шкаф, стол-стул каби жиҳозларни ясашга асосий эътибор қаратганмиз. Боиси, туманимизда хусусий мактабгача таълим муассасалари сони ортаяпти. Бошқа бир бизнес-режам металл конструкциялар ишлаб чиқаришни ташкил этишга тааллуқли. Бу масалада ҳам дастурга мурожаат қилмоқчиман. Ташаббус ҳаётга татбиқ этилса, 5 нафар тенгдошимни фойдали иш билан банд этаман. Бу каби танловлар эса биз, ёшларни янгиликларга руҳлантирди.
Тан олиш лозим, аҳоли даромадини ошириш, иш ўринларини яратишда ҳунармандчиликка тенг келадигани йўқ. Кўпинча қўл меҳнатига асослаган бу соҳанинг мавқеи жуда юксалди, миллий қадрият сифатида янада равнақ топтиришга кенг шароит ҳозирланди. Бугун бирор бозор йўқки, ҳунармандларнинг ўз маҳсулотини сотишига жой ажратилмаган бўлса. Ҳатто туристлар кўп ташриф буюрадиган ҳудудларда ҳунармандчилик марказлари, устахоналар ташкил этилиб, уларнинг эмин-эркин фаолият юритишига қулайлик яратилаяпти. Бўш бино, асбоб-ускуна ва хомашё олиш муаммоси бор ҳунармандларга зарур ёрдам ўз вақтида кўрсатилмоқда, маблағ етишмаса, имтиёзли кредит билан сийланаяпти.
Бу сафар ҳам ушбу соҳа вакиллари ташкил этган стендлар ранг-баранглиги билан кўрик-танлов чиройига чирой қўшди, тадбирга миллийлик руҳини берди. Ҳунармандчиликнинг айрим йўналишларида Қашқадарё мактабининг муҳри яққол билиниб турди.
- Қарийб 20 йилдан бери чилангарлик ҳунарим ортидан нон ейман, - дейди танловнинг вилоят босқичи қатнашчиси, Қарши шаҳрилик Соҳиб Ярқулов. - Асосан металл буюмларга ишлов берамиз. Темирдан уй-рўзғор буюмлари ясаймиз. Маҳсулотимизга доим харидор бор. Қўл меҳнатини бироз камайтириш, буюмларимиз рақобатдошлигини ошириш мақсадида янги ускуна харид қилдик. Натижада биз таклиф этаётган маҳсулот тури ҳам анча кўпайди. Танловга энг яхши ишларимизни олиб келдик.
Ҳозир қаерга қараманг, фермерман деган киши борки, чин маънода ҳаракатга тушган. Сабаби, ерни олиб, шунчаки унга эгалик қилиб ўтиришни давр кўтармайди. Фақат бир тармоқда ишлаб, арзимаган натижа кўрсатиш эса талабга жавоб бермайди. Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида бора-бора кўп тармоқли фаолиятга ўтиш фермер хўжаликлари учун шарт қилиб қўйилгани ҳам шундан. Бекорга эмас бу, албатта. Қишлоқ мулкдори деган номга даъвогарми, излансин, янгилик қилсин, илм-фан ютуқларини амалиётга фаол татбиқ этсин.
- Ўтган йиллар давомида янги-янги тармоқларни йўлга қўйиб, ҳеч бир зиён кўрганимиз йўқ, - дейди Деҳқонобод туманидаги "Илҳом олмазор" фермер хўжалиги раҳбари Баҳром Алишеров. - Қайтанга даромадимиз, моддий манфаатдорлигимиз ортди. Ишни боғдорчиликдан бошлаганмиз. 6 гектар майдонда ҳўл мева етиштирамиз. Шу вақтгача фақат аҳолига маҳсулот сотган бўлсак, ўтган йилдан қайта ишлаш корхоналарини ҳам сархил олма билан таъминлашга киришдик. Шарбат ишлаб чиқарувчига 10 тоннадан зиёд мева етказиб бердик. Бундан ташқари, яқинда сиғими 250 тонналик бетон ҳовуз қуриб, баликчиликка қўл урдик. Чавоқ ташлаб, боқаяпмиз. Кузда харидорларга луқмаи ҳалол таклиф этишни бошлаймиз. Чорвачилик ва паррандачилик ҳам муҳим тармоқлар биз учун. Тасарруфимизда 100 дан ошиқ ҳисори қўй, 500 курка, 500 товуқ, 20 бош соғин сигир бор. Нуфузли танловда ўз имкониятларимизни яхши томондан намойиш этишга ҳаракат қилдик.
Натижа, ютуқ борми, уни эътироф этиш, ўз ўрнида рағбатлантириш ҳам керак. Кўрик-танлов вилоят босқичи ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларни баҳолашда қатор мезонларга таянишди. Уларнинг хулосасига кўра, йилнинг энг яхшилари номлари эълон қилинди.
Саноат соҳасида "Йилнинг энг яхши тадбиркори" йўналишида учинчи ўрин Қарши туманидаги кенг турдаги нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи "Гулшан" хусусий корхонаси раҳбари Мунисхон Очиловага, иккинчи ўрин "Агромир Китоб" қўшма корхонаси раҳбари Абдужалол Авлоқуловга насиб этди. Шаҳрисабз туманидаги тухум етиштириш ва экспорт қилиш билан шуғулланувчи "Эко парранда" МЧЖ раҳбари Муҳиддин Умидов эса ғолиб деб топилди.
Даволаш ва соғломлаштириш хизматини йўлга қўйган икки қатнашчи - Шаҳрисабз туманидаги "Оқсув шамоли" хусусий корхонаси раҳбари Неъматулло Холмуродов ва Китоб туманидаги "Китоб сифат қурилиш" МЧЖга қарашли "Саломатлик маркази" раҳбари Қобил Бобоев хизмат кўрсатиш соҳасида "Йилнинг энг яхши тадбиркори" йўналишида мос равишда учинчи ва иккинчи ўринларни бўлиб олишди. Яккабоғ туманидаги ёшларни турли касбларга ўқитишни ташкил этган "Сетора имкон плюс" МЧЖ раҳбари Наргиза Саломова юқори ўринга муносиб кўрилди.
"Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори" йўналишида ғолибларни аниқлаш бироз қийинчилик туғдиргани турган гап. Ҳакамлар эса Қарши шаҳридаги "Зафар Ғолиб экспресс" МЧЖ раҳбари Ғолиб Пирназаровга биринчи ўринни беришга қарор қилишди. Тикувчилик фаолиятини ривожлантираётган, Косон туманидаги "Косон ривож текстиль" оилавий корхонаси раҳбари Лобар Қурбонова иккинчи ўринни эгаллади. Касби туманилик ёш тадбиркор Аъзамжон Панжиевга учинчи ўрин берилди.
"Йилнинг энг яхши фермери" йўналишида ҳам фаолиятида юқори иқтисодий кўрсаткичларга эришган қатнашчилар муносиб тақдирланди. Жумладан, Касби туманидаги кўп тармоқли субъект - "Юрт-ризқи наслчилик" МЧЖ раҳбари Насрулло Худойбердиев етакчиликни қўлга киритди. Китоб туманидаги "Абдумуродов Қаҳрамон" фермер хўжалиги раҳбари Қаҳрамон Хўжанов мазкур йўналишда иккинчи бўлди. Миришкор туманидаги "Гумбаз кўл" фермер хўжалиги учинчи ўрин билан кифояланди.
"Йилнинг энг яхши ҳунарманди" йўналишида китоблик ёғоч ўймакори Обиджон Тўраев биринчи, ғузорлик заргар Шарифжон Раупов иккинчи ва шаҳрисабзлик кулол Рустам Музаффаров учинчи ўрин билан тақдирланди.
Ғолибликни қўлга киритган тадбиркор, ҳунарманд ва фермер ҳамда ёшларга кўрик-танловнинг финал босқичига йўлланмалар берилиб, махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Шунингдек, танловда бир қатор фаол иштирокчилар "Энг яхши тадбиркор аёл", "Энг яхши инновацион лойиҳа муаллифи", "Ёшларга энг кўп иш ўрни яратган тадбиркор", "Энг яхши оилавий бизнес соҳиби", "Энг яхши экспортчи", "Энг масъулиятли ижтимоий шерик", "Йилнинг энг яхши маҳсулоти", "Менинг юртим - менинг ифтихорим" каби номинациялар бўйича рағбатлантирилди.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Суратларда: кўрик-танлов лавҳалари.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.