Меню

Қашқадарё

25.04.2017 2378

"Ташаббус-2017": ШАҲАР ВА ТУМАНЛАР БОСҚИЧИ ҒОЛИБЛАРИ АНИҚЛАНДИ

Анъанавий ўтказиб келинаётган ушбу танлов кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерликни қўллаб-қувватлаш, миллий ҳунармандлик анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантиришда муҳим омил бўлаётир. Тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар орасида ушбу танловда иштирок этишга бўлган қизиқиш эса йилдан-йилга ошиб бормоқда. 

Бу йил ҳам танловнинг барча туманлар ва Қарши шаҳар босқичида тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган саноат ва истеъмол товарлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳунармандлик буюмлари кўргазмаси ташкил этилди. Унда тақдим этилган турли буюмлар бежиримлиги, сифати ва энг асосийси, ўзимизда ишлаб чиқарилгани билан харидорлар эътиборини тортди.

- Фаолият бошлаганимизга кўп вақт ўтмаган бўлса-да, маҳсулотларимиз ички ва ташқи бозорда ўз харидорларини топиб улгурди, - дейди Қарши шаҳридаги "Тозалик маликаси" МЧЖ раҳбари Матлуба Ўтаганова.  - Бугун танловнинг “Йилнинг энг яхши тадбиркори” номинациясида 1-ўринга сазовор бўлишимиз эса бизни янада олға ундайди. Энг муҳими, юртимизда ишлайман деган инсон учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Бугунги кўрик-танлов эса ўзаро фикр алмашиш, бир-биримизнинг ишларимиз билан яқиндан танишиш ва маҳоратимизни янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Танловнинг туман ва шаҳар босқичларида "Йилнинг энг яхши тадбиркори", "Йилнинг энг яхши фермери" ва "Йилнинг энг яхши ҳунарманди" каби асосий, шунингдек, "Энг яхши оилавий бизнес", "Йилнинг энг яхши тадбиркор аёли", "Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори" ва "Энг яхши инновацион лойиҳа" махсус номинациялари ва бошқа бир қатор йўналишлар бўйича ғолиблар аниқланди.

Эслатиб ўтамиз, кўрик-танловнинг шаҳар ва туманлар босқичи ғолиблари 2 май куни бўлиб ўтадиган вилоят босқичида ўзаро куч синашишади.

Ж.БОЙМУРОДОВ

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!