Меню

Қашқадарё

03.08.2021 1987

Ташқи савдо айланмаси: НЕГА БАРЧА КЎРСАТКИЧЛАР БЎЙИЧА АУТСАЙДЕРЛАР САФИДАМИЗ?

Долзарб статистика

Жорий йилнинг биринчи ярмида қайд этилган натижаларга кўра, Қашқадарё ташқи савдо айланмасининг умумий ҳажми бўйича ҳам, алоҳида экспорт ва импорт ҳажми бўйича ҳам Ўзбекистон ҳудудлари орасида охирги ўринлардан бирини эгаллаб турибди.

Давлат статистика қўмитасининг ташқи иқтисодий фаолият ва савдо статистикаси бошқармаси томонидан эълон қилинган маълумотларга қараганда, Қашқадарё вилоятининг шу йил январь-июнь ойларидаги  ташқи савдо айланмаси ҳажми 209,4 миллион долларни ташкил қилиб, воҳамиз мазкур кўрсаткич бўйича республика "биринчилиги"да 12-ўрин, яъни охиридан учинчи ўринни банд этиб турибди. Ушбу соҳадаги ўсиш суръатлари бўйича вилоятимиз бундан-да паст - 13-ўринда қолиб кетган, чунки ташқи савдо айланмаси ҳажмида ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 13,6 фоизлик пасайиш кузатилган.

Умуман олганда, Ўзбекистоннинг биринчи ярим йилликдаги ташқи савдо айланмаси (18 миллиард доллардан ортиқ) таркибида Қашқадарё улуши 1,2 фоиздан ҳам кам бўлган. Таққос учун: мазкур кўрсаткич бўйича мамлакатда етакчилик қилиб келаётган Тошкент шаҳрининг улуши 38,6 фоиз, кейинги ўринларда кетаётган Тошкент ва Андижон вилоятларининг эса мамлакат ташқи савдо айланмасига қўшган ҳиссаси 14,4 ва 7,3 фоизга етган.

Минг афсуски, экспорт ҳажмидек муҳим кўрсаткич бўйича ҳам Қашқадарё ҳудудлар рўйхатининг энг қуйи поғоналаридан ўрин олган. Статистикага кўра, шу йилнинг биринчи яримида вилоятимиздан хорижий мамлакатларга 97,7 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилиниб, ўсиш суръати 101 фоизни ташкил этган. Тасаввур қилинг: Қашқадарё шу йил январь-июнь ойларида Наманган вилоятидан 2,3 баравар, Фарғона вилоятидан  3,5 баравар, Андижон вилоятидан эса 4 баравар кам маҳсулот экспорт қилган. Тошкент шаҳри экспорт кўрсаткичи эса вилоятимиздагидан 17,8 баравар кўп.

Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, экспорт ҳажми бўйича биз Жиззах вилоятини (92,8 миллион доллар) ҳисобга олмаганда, республикамизнинг барча ҳудудларидан ортда қолганмиз. Бу борадаги ўсиш суръатлари бўйича ҳам деярли ҳамма ҳудудлар биздан олдинда, Навоий вилояти (96,4 фоиз) дан ташқари.

Импорт ҳажми бўйича эса Қашқадарё 111,7 миллион долларлик кўрсаткични қайд этиб, Қорақалпоғистон Республикаси (106,1 миллион доллар) ва Сурхондарё вилояти (102,6 миллион доллар) билан энг қуйи "учлик"дан ўрин олган. Ўсиш суръатига келганда, биздаги 76,7 фоиздан кўра ёмонроқ даража биргина Жиззах вилоятида (50,2 фоиз) кузатилган.

Вилоят миқёсида олсак, воҳамиз шаҳар ва туманлари ичида ташқи савдо айланмаси ҳажми бўйича энг юқори кўрсаткичлар Қарши (56,2 миллион доллар) ва Касби (22,5 миллион доллар) туманлари ҳамда Қарши шаҳри (19,7 миллион доллар) ҳиссасига тўғри келмоқда. Биринчи ярим йилликда хорижий мамлакатлар билан энг кам савдо қилганлар орасида эса Муборак тумани (3,8 миллион доллар), Шаҳрисабз шаҳри (3,3 миллион доллар) ва Миришкор тумани (2,9 миллион доллар) қолоқлиги айниқса кўзга ташланмоқда.

Экспорт ҳажми бўйича ҳам яққол етакчилик Қарши туманида, мазкур ҳудуддан шу йилнинг олти ойи давомида 27 миллион долларлик маҳсулотлар чет элга жўнатилган. Кейинги ўринларда - Косон (12,2 миллион доллар) ва Касби (11,2 миллион доллар) туманлари. Аутсайдерлар учлиги эса Деҳқонобод (1,3 миллион доллар), Шаҳрисабз шаҳри (753,2 минг доллар) ва Нишон тумани (507,5 минг доллар)дан иборат.

Аҳамият беринг:  шу йилнинг биринчи ярмида экспорт ҳажмини бир миллион долларга ҳам етказа олмаган Шаҳрисабз шаҳри ва Нишон туманининг вилоятимиз жами экспортидаги улуши тегишли равишда 0,8 ва 0,5 фоизни ташкил қилиб, ҳатто бир фоизга ҳам бормайди.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!