Меню
Қашқадарё
ТАШҚИ САВДО АЙЛАНМАСИ ҲАЖМИ НИМА ҲИСОБИДАН КЎПАЙДИ?
Сир эмаски, бугунги кунда юртимиздаги ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг экспорт-импорт жараёнидаги фаол иштирокини таъминлаш учун барча шароит мавжуд. Уларнинг бу борадаги манфаатдорлигини янада ошириш мақсадида бир қатор божхона имтиёзлари жорий қилинган. Мисол учун, маълум турдаги товар, бутловчи ва эҳтиёт қисм, агар улар Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқарилмайдиган бўлса, уни импорт қилишда тадбиркорга енгиллик, яъни имтиёз тақдим этилади. Айтиш жоизки, воҳамиз ишбилармонлари бу қулайликдан ўз ўрнида фойдаланишмоқда. Хусусан, 2018 йилнинг январь-сентябрь ойларида субъектлар амалга оширган импорт учун божхона тўловлари бўйича 740,04 миллиард сўм миқдорида имтиёзлар қўллангани фикримизни тасдиқлайди. Ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда, ушбу кўрсаткич бўйича бироз (0,03 миллиард сўмга) камайиш кўзга ташланганини ҳам эътироф этиш жоиз.
Эътиборлиси, ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида расмийлаштирилган божхона юк декларациялари сони аввалгига қараганда сезиларли ошди. Ҳисобот даври мобайнида бу рақам 12 минг 105 тани (2017 йилнинг 9 ойида эса 8 минг 566 та) ташкил этди. Рўйхатдан ўтган божхона юк декларацияларининг энг кўпи импорт йўналишига (8 минг 751 та) тааллуқли. Қолган 3 минг 354 таси эса экспорт операцияларини ўз ичига олади.
Шу ўринда бевосита вилоят ташқи савдо айланмасига тўхталсак. Муҳими, ўтган фурсатда айни жабҳада ҳам ижобий натижалар қайд этилганини кўриш мумкин. Жорий йил 1 октябрь ҳолатига кўра, ҳудуднинг ташқи савдо айланмаси умумий ҳажми 520 миллион 150 минг АҚШ долларига етди. 2017 йилнинг шу даврига нисбатан тегишли миқдор 17 844,65 минг АҚШ долларига кўпайган. Хўш, бунга нима ҳисобидан эришилди? Қуйида шу хусусда сўз юритамиз.
Агар бултур тўққиз ойда ҳудуд ташқи савдо айланмаси ҳажмида экспорт товарлар улуши 29,37 фоиз (147 миллион 539 минг АҚШ доллари)га тенг бўлган бўлса, жорий йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 33,51 фоиз (174 миллион 314 минг АҚШ доллари)га қадар кўтарилди. Кўринадики, 2018 йилда чет эл мамлакатларига воҳамиздан жўнатилган маҳсулотлар миқдори 26 миллион 775 минг АҚШ долларига ўсган. Демак, вилоятнинг айни йўналишдаги салоҳиятидан унумли фойдаланиш, ички ресурсларни ишга солишга қаратилган чора-тадбирлар ижобий самара берган.
Бироқ, вилоят ташқи савдо айланмаси ҳажмида импортнинг ҳиссаси ҳамон юқорилигича қолмоқда. Яъни валюта кириб келиши ва чиқиб кетиши бир-бирига мутаносиб эмас. Таҳлил қилинаётган даврда товарлар импорти учун хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 345 миллион 845 минг АҚШ доллари миқдоридаги валюта сарфлангани ҳам ҳолатга аниқлик киритиб турибди. Фақат хурсанд қиладиган бир жиҳати шундаки, 2017 йилнинг 9 ойи (354 миллион 777 минг АҚШ доллари) билан таққос олинса, жорий йилда ушбу кўрсаткич пасайган. Бошқача айтганда, қўшимча 17 миллион 844 минг АҚШ доллари четга чиқиб кетиши олди олинган.
Ҳудудий импорт ҳажмининг экспорт салмоғидан юқори бўлиши эвазига ташқи савдо айланмасида катта миқдордаги салбий сальдо юзага келган. Орадаги фарқ 171 миллион 531 минг АҚШ долларига тенг бўлган. 2017 йилнинг мос даври билан қиёс олинса, бу борадаги тафовут 35 миллион 707 минг АҚШ долларига камайгани кузатилган.
Энди вилоят ташқи савдо айланмаси ҳажмини таркибий жиҳатдан янада атрофлича кўриб чиқсак. Хўш, бу муддатда хориж мамлакатларидан воҳамизга ҳудуд халқ хўжалиги учун зарур қандай маҳсулотлар импорт қилинди?
Товар гуруҳлари кесимидаги солиштирма таҳлил натижалари шуни кўрсатмоқдаки, маҳаллий ишбилармонлар четдан кўпроқ асбоб-ускуналар, насослар, клапанлар сингари товарларни харид қилишга катта эътибор қаратган. Бунинг учун 87 миллион 123 минг АҚШ доллари йўналтирилган. Ўтган йилнинг 9 ойида эса айни маҳсулотлар импорти учун қўшимча 58 миллион 499 минг АҚШ доллари сарфланган. Темир труба, фитинг сингари товарларни танлашда ҳам хорижникига устунлик берилган (84 миллион 121 минг АҚШ доллари). Импорт таркибида махсус автомобиллар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари (21 миллион АҚШ долларидан зиёд) ҳам салмоқли ўрин эгаллаган. Тегишли рўйхатда пластмасса ва уларнинг чиқиндилари (10 миллион 460 минг АҚШ доллари), химикатлар (8 миллион 210 минг АҚШ доллари) импорти кейинги ўринларда бормоқда.
Маҳсулотни экспортга чиқаришда йирик корхоналар кичик бизнес субъектларидан яққол устунлик қилмоқда. 2018 йилнинг январь-сентябрь ойларида амалга оширилган экспорт таркибида хом ашё ва ярим тайёр маҳсулотлар катта улушга эга экани ҳам ойдинлашади. Масалан, ўтган 9 ойда вилоятдан 84 миллион 612 минг АҚШ доллари қийматидаги пахта толаси ва ип-калава чет эл мамлакатларига жўнатилган. Бу 2017 йилнинг тегишли даврига нисбатан 19 миллион 512 минг АҚШ долларига кўп. Шунингдек, суюлтирилган газ экспортида ҳам бироз ўсишга эришилган – тегишли кўрсаткич 18 миллион 620 минг АҚШ доллари. Бундан фарқли равишда, полиэтилен грануласи (2018 йил 9 ойидаги умумий миқдор 22 миллион 150 минг АҚШ доллари) ва калий ўғити (20 миллион 634 минг АҚШ доллари) экспорти ҳажми эса мос равишда 979 минг ва 526 минг АҚШ долларига камайган. Қолаверса, чет эл мамлакатлари вилоятимизда етиштирилган 4 миллион 845 минг АҚШ доллари эквивалентидаги буғдой (дон)га ҳам харидор бўлишган.
Яна бир жиҳати, ушбу даврда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан тузилган, қиймати 59 миллион 134,9 минг АҚШ долларига баҳоланган 163 та экспорт шартномаси рўйхатга олинган.
Хулоса ўрнида айтганда, жорий йилнинг 9 ойида вилоят ташқи савдо айланмаси ҳажми кўпайишида экспорт кўламининг ошгани муҳим аҳамият касб этган.
Собир ХОЛМУРОДОВ,
вилоят божхона бошқармаси катта инспектори,
М.ШУҲРАТОВ