Меню

Қашқадарё

31.10.2024 393

ТАШҚИ САВДО АЙЛАНМАСИ ҲАЖМИ ИККИ БАРОБАРГА КЎПАЙДИ

 Қашқадарё ва дунё

Жорий йил январь-сентябрь ойларида Қашқадарёнинг ташқи савдо айланмаси ҳажми 947 миллион 462 минг 600 АҚШ долларига етди ва ўтган  йилнинг мос даврига нисбатан 483 миллион 832 минг 500 АҚШ долларига ёки икки мартадан ортиққа кўпайди.

Вилоят статистика бошқармаси ўзининг qashstat.uz сайтида эълон қилган  дастлабки маълумотларга кўра, ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми  402 миллион 132 минг 600 АҚШ долларини ташкил этиб, 2023 йилнинг тегишли даврига нисбатан ўсиш 134,4 фоизга етиши таъминланган. Импорт ҳажми эса 545 миллион 330 минг АҚШ долларига етиб, 3,3 мартага ўсган.

Бундан кўринадики, мазкур тўққиз ойда Қашқадарё ташқи савдо айланмасида 143 миллион 197 минг 400 АҚШ доллари миқдорида манфий баланс юзага келган.

Айни вақтда вилоятимиз жаҳоннинг 80 та мамлакати билан ўзаро савдо алоқаларини амалга ошириб келаётган бўлса, бу борада январь-сентабрь ойларида эришилган кўрсаткич (айланма)да Хитой (25,5 фоиз), Туркия (21,3), АҚШ (11,8), Россия Федерацияси (7,6), Нидерландия (3,8), Германия (3,6), Бирлашган Араб Амирликлари (3,3), Покистон (3,1), Қозоғистон (2,3), Япония (1,9) салмоқли улушга эга бўлиб турибди. 

Экспорт: январь-сентябрь ойларида Қашқадарё вилояти экспорти таркибида товарлар улуши 99,1 фоизни ташкил этиб, шундан 47,1 фоизи саноат маҳсулотлари, 38 фоизи ёнилғи, мойлаш ва шунга ўхшаш материаллар ҳамда 12,1 фоизи озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар ҳиссасига тўғри келган.

Умумий экспорт ҳажмида тўқимачилик маҳсулотлари улуши 47 фоизни ташкил қилиб, қиймати 188 миллион 970 минг 400 АҚШ долларига етган. Унинг таркибида пахта толаси 89,4 фоизни, кийим-кечак 6,3 фоизни ташкил этган.

Кўзда тутилаётган даврда 107,3 минг тонна мева ва сабзавотлар экспорти амалга оширилган. Бу кўрсаткич 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 2 мартага кўп бўлиб, эвазига вилоятга 44 миллион 100 минг АҚШ доллари (ўсиш 28,9 фоиз) олиб кирилган ва жами экспортдаги улуш 11 фоизни ташкил этган.

Мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий ташқи бозорлари сифатида Россия (33,8 фоиз), Қозоғистон (27,2), Покистон (22,7) ҳамда Афғонистон (13,2) кўрсатилган.

Январь-сентябрь ойларида хизматлар экспорти ҳажми 3 миллион 481 минг 800 АҚШ долларини ташкил этиб, 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 26 фоизга кўпайган. Унинг таркибида асосий улушни молиявий хизматлар эгаллаган - 79,4 фоиз, бошқа хизматлар - 20,3 фоиз ва сафарлар (туризм) - 0,3 фоиз.

Умумий экспортда АҚШ (107 миллион 34 минг 800 доллар), Россия (56 миллион 616 минг 500 доллар) ва Туркия (56 миллион 201 минг доллар) ўзларини ҳудуднинг энг йирик ҳамкорлари сифатида намоён этган. Эътиборли жиҳати,  Қашқадарёдан АҚШга амалга оширилган товар ва хизматлар экспорти жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22,5 баробарга ошган. 

Импорт: январь-сентябрь ойлари даврида Қашқадарё вилояти импорти таркибида энг катта улуш машиналар ва транспорт асбоб-ускуналарига тегишли бўлган - 77,9 фоиз, кимёвий воситалар ва бошқа тоифаларга киритилмаган шунга ўхшаш маҳсулотлар 10,5 фоизни ҳамда ёқилғидан ташқари ноозиқ-овқат хомашё 6,2 фоизни ташкил этган.

Кўзда тутилаётган даврда Қашқадарё вилояти 78 та давлатдан товар ва хизматлар импортини амалга оширган. Бунда Хитой, Туркия, Нидерландия, Германия, Япония ва Россия йирик ҳамкорлар сифатида намоён бўлган. Уларнинг вилоят импортидаги улуши умумий ҳисобда 86,6 фоизни ташкил этган.

Машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари импорти (424 миллион 716 минг 300 доллар, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш - 4,5 марта) таркибида энг йирик харидларни қозонхона (ускуналари, мосламалари ва қисмлари) учун - 222 миллион 377 минг 400 доллар ҳамда электр алоқа, овоз ёзиш, эшиттириш аппаратуралари ва ускуналари учун - 147 миллион 85 минг 100 доллар ташкил қилган.  

Январь-сентябрь ойларида амалга оширилган импорт таркибида саноат маҳсулотлари ҳажми 14 миллион 667 минг 200 АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11,3 фоизга кўпайган ҳамда импортнинг умумий ҳажмидаги улуши 2,7 фоизга етган.

Ўз мухбиримиз

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!