Меню
Қашқадарё
Ташқи миграция: 1000 НАФАРДАН ОРТИҚ ФУҚАРО БИР НЕЧА ЙИЛДИРКИ БЕДАРАК
БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили жаҳонда ўртача 2,7 миллион киши одам савдоси жинояти қурбони бўлмоқда. Афсуски, бу рақам қамровида бизнинг ватандошлар ҳам бор. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълумотларига кўра, 2019 йилда Россияда қийин аҳволга тушиб қолган 3 минг 323 нафар фуқаро давлат ҳисобидан Ўзбекистонга олиб келинган.
Аянчлиси, ўтган йил давомида 308 нафар меҳнат муҳожирининг жасади юртимизга қайтарилган. Айниқса, жорий йилнинг 21 январь куни Россиянинг Томск вилоятидаги ёғоч уйда юз берган ёнғин оқибатида ўн бир нафар ўзбекистонликнинг ҳалок бўлгани ачинарли ҳолдир. Очиқ айтиш керак, бу ҳамюртларимиз жабр кўрган биргина ҳолат эмас. Айни пайтда чет элга чиқиб кетган 1000 нафардан ортиқ қашқадарёлик бир неча йилдирки, бедарак экани ҳам масала нечоғлик долзарб эканини кўрсатади.
Қашқадарё вилоятида ижтимоий муҳитни янада соғломлаштириш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилишда мавзу доирасидаги вазият атрофлича таҳлил этилди. Қайд этилишича, 3 миллион 261 минг 240 нафар киши истиқомат қилаётган вилоятда 77 минг 961 нафар иш топа олмаган ёш, 6271 та кам таъминланган оила, 124 минг 852 нафар ишсиз аҳоли, 127 минг 744 нафар чет элга чиқиб кетган, 30 минг 641 нафар чет элда ишлаб қайтган фуқаро рўйхатга олинган.
***
Халқимизда "Ҳар ерни қилма орзу, ҳар жойда бор тошу тарози" деган ҳикмат бор. Бугун катта пул топиш илинжида ўзга юртларда сарсон бўлиб юрганларнинг ўз билганича йўл тутиб, таниш-нотаниш воситачилар найрангига чув тушгани, оқибатда соғлиғига путур етказгани ҳақида ҳам эшитиб қоламиз.
Шундайлардан бири - Ожиза (исми ўзгартирилди) исмли ёлғиз она. Оиласини боқишга қийналиб юрган кезларида мўмай даромад ваъда қилган дугонасининг йўриғи билан ёш боласини онасига ташлаб, хорижга кетади. Мусофир юртда, қийин аҳволда 12-15 киши битта хонада яшашади. Оғир меҳнат, носоғлом турмуш тарзи туфайли соғлиғини йўқотади.
- Турмушдан ажралгандан сўнг ижарада яшадим, - дейди у. - Ижара пули, оилани тебратиш, боғчага пул тўлаш... Қийналдим. Мажбур бўлдим чет давлатига чиқиб ишлашга. 2 йилдан ортиқ вақт оғир шароитда ишладим. Аниқ ва узоқ муддатли тайинли ишимиз ҳам йўқ эди. Ким нима иш қил деса, шуни қилиб кетаверардик. Яшаш манзилимиз, доимий рўйхатимиз йўқлиги, мусофир бўлганлигимиз сабабли жуда қийин шароитда яшашга мажбур эдик. Охирги 3 ойда соғлиғим жуда ёмонлашди. Юртдошларнинг кўмаги билан юртга қайтдим.
Бу аёлни ҳам тушунишга ҳаракат қиламиз. Айтайлик, ёлғиз она ишлайдиган ташкилот берадиган 600-700 минг сўмдан ошмаган ойлик билан яшаб бўладими? Баъзида хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи каби турли ташкилотларнинг иш ўринлари яратаётгани ва ёрдамга муҳтож оилаларни иш билан банд қилаётгани ҳақидаги ҳисоботларига кўзимиз тушади. Аммо уларнинг меҳнат жараёнидаги ҳаёти-чи? Яратилган шарт-шароити, оладиган маоши-чи?
***
Бундан уч йил олдин Қарши туманида яшовчи коллеж ўқувчиси ишлаш учун Россияга кетади. Отаси ва коллеж ўқитувчилари эса бу ҳолатни уч ой давомида яшириб келган. Тўртинчи ойда ўғил отасига Суриядан телефон қилиб, шу ерда "Худони танигани"ни айтади. Яна уйини сотиб, пулини юборишни сўрайди. Акс ҳолда ёмон бўлишини айтиб, таҳдид ҳам қилади. Ота шундан кейингина ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидан ёрдам сўрайди...
Бугун деярли барча интернетдан фойдаланади. Аммо аксарият ҳолларда шунчаки қизиқиш билангина ижтимоий тармоқларда диний экстремистик гуруҳлар таъсирига тушиб қолаётган ёшлар ва ўсмирларимизнинг кўплиги кўнгилни хира қилади.
- Мамлакатимизда диний эркинлик таъминланган. Афсуски, айрим юртдошларимиз буни нотўғри талқин қилган ҳолда ёт оқимлар таъсирига берилмоқдалар, - дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилла Усмонов. - Бундай ҳаракатлар эса тинчлик-осойишталигимизга таҳдид солмоқда. Ноқонуний тарзда четга кетганлар афсуски, хатосини кеч англайди. Муттасил қочиб юриш, барқарор иш ўрни ва маошнинг йўқлиги сабабли кўп қийналишади. Шундай вазиятга тушиб қолган инсонни эса турли гуруҳларга оғдириб олиш осон бўлади.
***
Яккабоғ туманидан Россиянинг Иркутск шаҳрига ишлаш учун кетган Абдуғани Қодиров экстремистик оқим таъсирига тушиб қолади. Туркияга, сўнг Сурияга ўтиб, террорчиларга қўшилади. Устига-устак онаси, турмуш ўртоғи ва 5 нафар қизи, 2 нафар укаси ҳамда уларнинг оиласини, жами 12 кишини ўзи тушган уруш ўчоғига чақириб олади...
- Бу оила туманимиздаги Чўмич маҳалласида истиқомат қиларди, - дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Яккабоғ тумани кенгаши раисининг диний-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Меҳринисо Камолова. - Ўтган йилда кенжа келин икки нафар боласи билан қочиб келди. Қолган оила аъзолари эса бедарак кетган.
Кўриниб турибди, юқорида баён қилинган икки ҳолатда ҳам муаммо ишсизлик ортидан бошланган. Табиийки, агар ўзимизда муносиб иш ўринлари бўлса, ҳеч ким уйи, оиласидан олисга кетиб иш изламайди. Шу боис Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда ижтимоий тадбиркорлик асослари ва уни рағбатлантириш чоралари тўғрисида тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиши лозимлиги, жорий йилда давлат дастурлари доирасида ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш орқали 500 мингта янги иш ўрни яратишни таъминлаши зарурлигини қайд этди. "...Ҳар бир тармоқ, соҳа, вилоят ва туманда яратилган тадбиркорлик субъектлари ва янги иш ўринлари ана шу тузилмалар раҳбарлари фаолиятини баҳолашда энг асосий мезон бўлади", дея алоҳида таъкидланди. Ушбу кўрсатма тез орада ҳаётимизда ўзининг ижобий натижасини кўрсатишидан умид қиламиз...
Шоҳиста БОЗОРОВА