Меню

Қашқадарё

07.09.2017 2081

ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТДА ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАР БОР?

Тадбирда давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 15 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, Давлат божхона қўмитасининг Адлия вазирлиги томонидан 2017 йил 28 июнда рўйхатдан ўтказилган “Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарорлари мазмун-моҳияти юзасидан тушунтиришлар берилди.

Таъкидланганидек, “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор билан жорий йилнинг 1 сентябридан импорт божхона божи ҳамда акциз солиғи ставкаларига бир қанча қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

- Амалдаги тартибга кўра, мамлакатимиз ҳудудига четдан импорт асосида олиб келинадиган товарлар учун импорт божхона божи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 5 августдаги “Ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган ставкалар бўйича ҳисобланади, - дейди вилоят божхона бошқармаси божхона қийматини аниқлаш ва тўловлар ҳисобини юритиш бўлими бошлиғи Фарҳод Мирзаев. – Янги қарор билан божхона божи ундирилиши белгиланган бир нечта турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари учун мавжуд божхона божи ставкалари ноль ставкага туширилди, айримлари камайтирилди. Бу эса, халқимизни арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга катта ҳисса қўшади.

Шу билан бирга, божхона юк декларацияси (БЮД)ни тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, фармацевтика маҳсулотларини (ТИФ ТНнинг 30 гуруҳи) ва тиббий мақсадлар учун мўлжалланган маҳсулотларни (ТИФ ТНнинг 9018 товар позицияси) келгусида реализация қилиш учун “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимида олиб кирувчи ташкилотлар уларни БЮДда декларациялашда мажбурий тартибда савдо номлари, халқаро патентланмаган номлари, моделлари, техник тавсифлари, дори-дармонларни чиқариш шакллари, дозаси, ишлаб чиқарувчиси ва ишлаб чиқарилган давлатни кўрсатадилар. Бунда, агар битта БЮДда юқорида кўрсатилган параметрлардан, ҳаттоки биттаси бўйича фарқ қилувчи товарлар расмийлаштирилаётган бўлса, у ҳолда улар турли хил товарлар сифатида алоҳида декларацияланади. Бу тартиб олиб кирилаётган маҳсулотлар ҳисобини тўғри юритиш ҳамда аҳолини сифатли ва арзон тиббий маҳсулотлар билан таъминлашга хизмат қилади.

Тадбирда, шунингдек, “божхона омбори” божхона режимига жойлаштирилган товарни божхона омбори ҳисобланмайдиган жойларда сақлаш, божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга ошириш жараёнида коррупция ва тамагирлик каби иллатлар вужудга келишига йўл қўймаслик, бундай ҳолатларни буткул бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Кун тартибидаги масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга тегишли жавоблар берилди.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!